Sayt test rejimida ishlamoqda

Джумабаева Жамила Шариповнанинг

докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

    I. Умумий маълумотлар:

Диссертацияси мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): «Ўзбек ва инглиз тилларида лексик ҳамда стилистик градуонимия», 10.00.06–Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослиги бўйича (филология фанлари).

Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /филология фанлари номзоди/.

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 30.09.2014/В2014.5.Fil253.

Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Сайфуллаева Раъно Рауфовна, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, 14.07.2016 Fil.09.01.

Расмий оппонентлар: Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор; Комбон Обояни (АҚШ), филология фанлари доктори, профессор; Искандарова Шарифа Мадалиевна, филология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

    II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек ва инглиз тилларида лексик ҳамда стилистик градуонимиянинг семантик категориялар сирасидаги ўрнини аниқлаш ва градуонимиянинг турли тизимли тилларда семантик-структур хусусиятларини очиб беришдан иборат.

    III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

семантик муносабатларнинг бир тури сифатида градуонимия турли тизимли тилларда лингвистик ҳодиса эканлиги исботланган;

инглиз тилидаги от, сифат ва феъл каби сўз туркумларига оид муайян лексемаларда градуонимия аниқланган;

градуонимиянинг семантик категориялар билан муносабати ва уларнинг вазифадошлик, контекстуал маънодошлик ва ўзакдошлик каби семантик-структур хусусиятлари очиб берилган;

қиёсланаётган тилларда уникал градуонимик қаторларнинг шакл ва ясалиш хусусиятлари очиб берилган;

лексик градуонимиянинг градациядан аффиксация, ёрдамчи сўзлар орқали ясалиши ва интенсификаторлар қўшилиши каби структур ҳамда луғавий ва контекстуал каби семантик хусусиятлари билан фарқланиши исботланган;

ўзбек ва инглиз тилларидаги стилистик даражаланишнинг гапдаги ўрни ва бошқа сўзлар билан боғланиши каби синтактик хусусиятлари аниқланган.

    IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Ўзбек ва инглиз тилларидаги лексик ҳамда стилистик градуонимиянинг хусусиятлари юзасидан ишлаб чиқилган услубий ва амалий таклифлар асосида:

бакалавриат таълим йўналишида (5120100–«Филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек филологияси)») ўзбек тили фани бўйича узвийлашган Давлат таълим стандарти мазмунига сингдирилган (O‘zStandart Давлат агентлигида 2014 йил 10 октябрда O‘zDSt 36.1542:2014 №5164 қайд рақами билан рўйхатга олинган). Жорий этилган материаллар ўзбек тилида даражаланиш, синонимик даражаланиш (градуонимия), гипонимиянинг градуонимияга муносабатини ёритишга, даража сифатнинг таснифловчи категория сифатида эканлигини исботлашга, шунингдек гап бўлакларида даражаланиш (кесим – эга – ҳол – тўлдирувчи – аниқловчи)нинг хусусиятларини очиб беришга хизмат қилган;

бакалавриат таълим йўналишида (5120100–«Филология ва тилларни ўқитиш (роман-герман филологияси)») лексикология, стилистика, қиёсий типология, таржима назарияси фанлари бўйича узвийлашган Давлат таълим стандарти мазмунига сингдирилган (O‘zStandart Давлат агентлигида 2014 йил 18 сентябрда O‘zDSt 36.1410:2014 №05-573 қайд рақами билан рўйхатга олинган). Жорий этилган материаллар турли тизимли тилларда сўзнинг изоҳли таҳлилини ўргатиш, бошқа луғатлардаги изоҳлари билан қиёслаш, лексик маъно турларини ажратиш, градациянинг стилистик хусусиятини аниқлаш, таржимада синонимик қатордан сўз танлаш муаммосини ҳамда эквивалентсиз ва миллий-маданий хусусиятга эга бўлган лексика таржимаси муаммоларини ҳал қилишга хизмат қилган;

инглиз тилида сўзлараро маъновий фарқларни аниқлаб, янги сўзларни ўргатиш жараёнида синонимия, антонимия билан бир қаторда градуонимияни ҳам ўргатиш муҳимлиги бўйича амалий хулосалардан «O‘zbekiston» телерадиоканалининг маданий-маърифий мавзудаги «Болалар учун», «Инглиз тили сабоқлари» ва «Таълим ва тараққиёт» радиоэшиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston» телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2016 йил 15 августдаги 04-25-1123-сон маълумотномаси). Эшиттириш учун тайёрланган материаллар семантик таҳлил орқали аниқланган инглиз тилидаги синонимик қаторлар, антонимлар ҳамда градуонимик қаторлар билан бойитилди. Диссертацияда янги лексикани ўзлаштириш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар инглиз тилини ўрганаётган радиотингловчиларга сўзларнинг даражаланиши, ўзаро маънодош ҳамда контекстуал маъно яқинлигини ҳисобга олиб ўрганиш қулай эканлигини исботлашга хизмат қилган;

қиёслаш категорияси, хусусан, тил сатҳларида унинг кўринишлари, унинг бошқа категориялар билан муносабатини аниқлашга оид таклифлардан Андижон давлат университетида бажарилган ОТ-Ф8-057 рақамли «Ўзбек тилини системавий тадқиқ этишнинг методологик асослари, метод ва принципларини шакллантириш» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг ФТК-03-13/503-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари тил бирликларини системавий тадқиқ қилиш метод ва методологияси асосида ҳозирги ўзбек тили сатҳларининг системавий тавсифини яратишда хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish