Sayt test rejimida ishlamoqda

Султонов Ўктамбек Абдулғаниевичнинг

докторлик диссертация ҳимояси ҳақида эълон

 

    I. Умумий маълумотлар.

Диссертацияси мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): «Тошкент вақф хўжалигида анъаналар, ислоҳотлар ва муаммолар (XVI–XX аср бошларига оид тарихий ҳужжатлар асосида)», 07.00.07–Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари (тарих фанлари).

Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /тарих фанлари номзоди/.

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 30.09.2014/В2014.3-4.Tar32.

Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш, илмий даражаси ва унвони: Бабаджанов Бахтиёр Мираимович, тарих фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Шарқ қўлёзмалари маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ, Тарих институти, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Шарқ қўлёзмалари маркази, 14.07.2016.Таr.01.06 рақамли илмий кенгаш.

Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Исхоқов Мирсодиқ Мирсултонович, тарих фанлари доктори, профессор; Агзамова Гулчеҳра Азизовна, тарих фанлари доктори; Флориан Шварц (Германия), тарих фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот номи: Тошкент ислом университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

    II. Тадқиқотнинг мақсади: XVI–XX аср бошларига оид тарихий ҳужжатлар асосида Тошкент вақф хўжалигининг анъаналари, ўтказилган ислоҳотлар, муаммолари ва уларнинг сабабларини очиб беришдан иборат.

    III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тарихий ҳужжатларнинг палеографик ва дипломатик хусусиятлари трансформацияси, жумладан ҳужжатлар қоғози, ёзув турлари, ҳужжат тили ва матн тузилиши хусусиятлари очиб берилган;

вақф соҳасидаги қонунчилик актларининг юзага келиш сабаблари, уларнинг функцияси ва вақф хўжалигини тартибга солишдаги аҳамияти аниқланган;

Тошкент ҳудудида XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб вақф қилинадиган экин ерларнинг майдалашиши ва қисқариши вақф асосчиларининг ижтимоий таркибидаги ўзгариш билан боғлиқлиги ҳамда бу жараён 1867 йилдан кейин ер вақф қилишнинг чекланиши натижасида кучайгани аниқланган;

вақф ҳужжатлари асосида Туркистон ўлкасида вақф мулклари тафтиш қилинган ва қаттиқ назорат ўрнатилган 1887 йилдан сўнг Тошкент ҳудудида янги вақфлар ташкил этиш кескин камайгани асослаб берилган;

Тошкент вақф хўжалигида Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларидан фарқли равишда савдонинг «байи жойиз», яъни мулкни гаров эвазига сотиш тури амалиётда қўлланилмагани, пул вақф қилиш ҳамда «вақфи авлодий» мулк турлари Хива хонлиги ва Бухоро амирлигидагидек оммалашмагани асослаб берилган.

    IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:  Тошкент вақф хўжалигининг анъаналари, ислоҳотлари ва муаммолари бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

тарихий ҳужжатлар структурасининг ўзига хос хусусиятлари бўйича олинган натижалар Марбург университетида (Германия) бажарилган «Asnad.org» лойиҳасида (2008–2015 йй.) XIX асрда Ўрта Осиё қозихоналарида ҳужжатлар тузиш анъаналари ҳамда матн тузилишда юз берган ўзгаришларни асослашда фойдаланилган (Марбург университетининг 2016 йил 10 июндаги маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Ўрта Осиёда вақф мулкларини қонунийлаштириш жараёни, унинг давлат томонидан назорат қилиш тизимидаги фарқли жиҳатларни аниқлашга хизмат қилган;

вақф муносабатларига оид ёрлиқлар, олди-сотди, ижара ва бошқа ҳужжат турлари ҳамда улардан амалиётда фойдаланиш бўйича олинган илмий хулосалар Тарих институтида бажарилган ФА-Ф8-043: «XIX асрнинг сўнги чораги – XX аср бошларида Бухоро ва Хива хонликлари тарихи» (2007–2011 йй.) мавзусидаги лойиҳада вақф мулкчилигига оид ҳужжатларнинг ҳуқуқий-тарихий манба сифатидаги аҳамиятини асослашда фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаш-тириш қўмитасининг 2016 йил 27 июлдаги ФТҚ-0313/489-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар хонликлар даври қонунчилик актлари ва қозихона ҳужжатлари асосида Ўрта Осиё ижтимоий-иқтисодий ҳаётида вақф мулкчилиги ўрнини кенгроқ ёритиш имконини берган;

Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган 9 та архитектура ёдгорлигига оид илмий янгиликлар Маданият ва спорт ишлари вазирлиги таркибидаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг меъморий обидаларнинг паспорт-маълумотлар базасига киритилган (Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2016 йил 25 мартдаги 01-11-08-1670-сон маълумотномаси). Янги маълумотлар тегишли архитектура ёдгорликларини қурилган даври, қиёфаси ҳақидаги фактлар асосида таъмирлаш, уларнинг ҳаққоний тарихини тарғиб қилиш ва минтақада туризм соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган;

Тошкент ҳудудидаги меъморий ёдгорликлар тарихи ва фаолияти бўйича олинган натижалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада масжид ва мадрасалар тарихини ёритишда фойдаланилган (Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2016 йил 17 июлдаги 3383-сон маълумотномаси). Қўлга киритилган илмий янгиликлар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги қадимий мадраса ва масжидларнинг ҳақиқий тарихини асл манбалар асосида ёритиш ва уларнинг расмий интернет сайтларини яратиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish