Sayt test rejimida ishlamoqda

Амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди.
✔Шу билан бирга 2020 йил 1 июндан бошлаб қуйидаги фаолият турларига ҳам рухсат берилмоқда:

“қизил” ҳудудларда:
-риэлторлик фаолияти;
-реклама ва маркетинг фаолияти;

“сариқ” ҳудудларда “қизил” ҳудудларга қўшимча равишда:
- автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти (бунда, назарий машғулотлар масофадан туриб (онлайн) ўқитиш орқали амалга оширилиши, амалий машғулотлар эса санитария талабларига қатъий риоя қилган, шу жумладан, тиббий ниқоб, тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳамда автотранспорт воситаларини дезинфекция қилган ҳолда ташкил қилиниши лозим);
- давлат ташкилотларида аутсорсинг асосида овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти;

“яшил” ҳудудларда “сариқ” ҳудудларга қўшимча равишда:
-санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолияти (хостеллар бундан мустасно);
-спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолияти;
- оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш.

Бунда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Ўз навбатида карантин даврида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг белгиланган талабларини бузган шахслар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, "яшил" ҳудудларда жойлашган санаторий, пансионат, болалар оромгоҳлари ва бошқа дам олиш масканларига фуқароларни марказлаштирилган тартибда ташиш учун вилоятлараро автобуслар, шу жумладан туристик ташкилотлар автобуслари қатновини йўлга қўйишга РУХСАТ БЕРИЛДИ. Бунда:
- автобусларда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқоб, тиббий қўлқопда бўлиши лозимлиги, шунингдек, уларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг автобус салонига чиқарилмаслиги;
- автобуслар вилоятларо қатновларда "қизил" ҳудудларда тўхтамаган ҳолда ҳаракатланади;
- автобуслар доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади;
- автобусларда ҳаракатланаётган йўловчиларнинг рейслар кесимидаги рўйхати (базаси) юритилади.

Шу билан бирга футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга ҳамда
2020 йил 5 июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини ТОМОШАБИНЛАР ИШТИРОКИСИЗ давом эттиришга рухсат берилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда БАРЧА ҲУДУДЛАРДА уларнинг тоифасидан қатъи назар қуйидаги карантин талаблари сақлаб қолиниши белгиланди:
- жамоат жойларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш,
-уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиши;
-таълим ташкилотлари (боғча, мактаб, лицей, коллеж, техникум, институт, университет ва бошқалар), ўқув курслари фаолиятини йўлга қўймаслик;
- кўнгилочар объектлар — тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
-концерт, театр, кинотеатр ва спорт тадбирларини (профессионал футбол клублари ўқув машғулотлари ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатлари бундан мустасно) ўтказмаслик;
-жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;
- буюм бозорлари фаолиятига рухсат бермаслик;
- деҳқон, қурилиш бозорлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
- барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшак"лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
- қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш.

-”Қизил” тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, "яшил" ва "сариқ" тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Қуйидагилар жорий йилнинг 1 СЕНТЯБРИГА ҚАДАР УЗАЙТИРИЛДИ:
- хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган виза муддатлари;
- муайян муддатга визасиз ва электрон виза билан кириш ҳуқуқига эга хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддати;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиб, 2020 йил ҳисобидан қайтариб олиб чиқиш муддати тугайдиган хорижий автотранспорт воситаларини республикамиз ҳудудидан қайтариб олиб чиқиш муддати.

- Шахсий автотранспорт воситаларининг вилоятлараро ҳаракатланишига йўл қўйилмаслиги (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно) талаби устидан қатъий назорат ўрнатиш белгиланди.
- Деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум бўладиган ҳудудларда карантин талабларига риоя этилишини назорат қиладиган кўнгилли гуруҳлар тузиш топширилди.
- Шунингдек, Мамлакатда карантин ва ундан кейинги даврда фуқароларнинг республика бўйлаб саёҳат қилишлари юзасидан вақтинчалик тартиб ҳамда Карантин даврида санаторийлар ва болалар ёзги оромгоҳларининг фаолиятини ташкил этиш бўйича вақтинчалик талаблар тасдиқланди.

Манба: https://t.me/koronavirusinfouz

Yangiliklarga obuna bo‘lish