Душанов Расулжон Орифовичнинг диссертация ҳимоясисиз ихтиро патенти асосида
фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Госсипол қатрони асосида олинган боғловчи материаллардан асфальтбетон қоришмасини ва битум эмульсиясини ишлаб чиқаришда ҳамда том ёпиш ишларида қўллаш», 05.09.05 – Қурилиш материаллари ва буюмлари (техника фанлари).
Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: “Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти” унитар корхонаси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш институти, DSc.26/30.12.2019.Т.11.01.
II. Тадқиқотнинг мақсади: госсипол қатронидан фойдаланилган ҳолда турли хил битумлар асосида қисман импорт ўрнини босувчи материаллар яратиш, уларнинг коллоид-кимёвий хусусиятларини ўрганиш ҳамда уларни ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш ва амалий ишлатилишини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
госсипол қатронида кальций оксиди иштирокида функционал гуруҳлар ҳисобига кальций стеаратлар ва госсипол қатронининг кальцийли ҳосиласи ҳосил бўлиши асосланган ва госсипол қатронининг кальций бирикмаларини ҳосил қилиши орқали госсипол қатронининг қотиши исботланган;
госсипол қатронининг коллоид-кимёвий хоссалари ва дисперс тизимларнинг физикавий ва кимёвий механикаси қонунларини ҳисобга олган ҳолда мақсадли модификациялаш асосланган;
госсипол қатронини моноэтаноламин ва кальций оксиди билан модификациялаб битумсиз том ёпиш композицияси яратилган;
сирт фаол модда сифатида моноэтаноламиндан фойдаланиб фазалар ва муҳитнинг полярлиги орасидаги фарқни тенглаштириш ҳисобига битумли эмульсиянинг барқарорлиги оширилган;
госсипол қатрони ва моноэтоламиндан сирт фаол модда сифатида фойдаланиш ҳисобига асфальтбетон учун композицион боғловчи яратилган.
IV. Ихтирога патенти: Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг “Том ёпиш композицияси” (№IAP 0490, 2007 й.), “Битумли эмульсия” (№IAP 0258, 2013 й.) ва “Композицион боғловчи асосидаги асфальт-бетон қоришма” (№IAP 0111, 2018 й.) ихтиро учун патентлари олинган. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2020 йил 8 январдаги 01-11/27-сон хулосаси.
V. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Госсипол қатрони асосида олинган боғловчи материаллардан асфальтбетон қоришмасини ва битум эмульсиясини ишлаб чиқаришда ҳамда том ёпиш ишларида қўллаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
госсипол қатрони асосида ишлаб чиқилган органик қовушқоқ том ёпиш материали “Том ёпиш композицияси” “Сурхон тадқиқот таъмирлаш” илмий ишлаб чиқариш хусусий корхонасида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллар давлат қўмитасининг 2020 йил 24 мартдаги 02-1276-сон маълумотномаси). Натижада том ёпиш ишларида нефть битумини иқтисод қилиш имкони яратилган ва нефть битумисиз том ёпиш композициясидан фойдаланиб, умумий ҳажми 34549120 сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилган;
сунъий шўрланган грунтларни барқарорлаштириш учун «Битумли эмульсия» Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфидаги корхоналарда жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллар давлат қўмитасининг 2020 йил 24 мартдаги 02-1275-сон маълумотномаси). Натижада грунтларнинг ички ишқаланиш бурчаги 15%, боғланиш кучи 15%, эластиклик модули 10% ва сувга чидамлилигини 25% га ошириш ва айни пайтда, кўпчиш қийматини 20% га ҳамда оптимал намликни 20% га камайтириш имконини берган. Ўзбекистон Республикаси умумий фойдаланишдаги сунъий суғориладиган майдонларда қуриладиган I ва II тоифали автомобиль йўлларининг ҳар 1 км қисми учун 120 млн. сўм маблағ иқтисод қилишга эришилган;
композицион боғловчи асосидаги асфальт-бетон қоришма “Чирчиқ экспериментал асфальтобетон” заводида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллар давлат қўмитасининг 2020 йил 24 мартдаги 02-1276-сон маълумотномаси). Натижада асфальтбетон таркибидаги битумни 53% гача иқтисод қилиш ва яратилган комплекс боғловчидан фойдаланиш орқали боғловчини тош материалига ёпишишини ошириш, иш шароитларини яхшилаш ва йўл қурилиши ишларининг суръатини оширишга эришилган. Тадқиқот натижалари асосида иссиқ, зич, майда дисперсли госсипол смолали бетон (марка 1, Б турли) дан 510 тонна асфальтбетон ишлаб чиқарилган. 2-тасмали 1 километр узунликдаги автомобиль йўлига 5 сантиметр қалинликда янги боғловчи материал асосида асфальтобетон қоришмасини ётқизилганда 135 млн. сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилган;
тадқиқотнинг асосий натижалари меъёрий ҳужжатларда, жумладан TSh 64-22124317-001:2008 – “Госсипол смоласи асосида мажмуали органик қовушқоқ том ёпиладиган материали. Техник шартлар”, ИҚН 56-10 “Шўрланган грунтларда йўл пойини лойиҳалаш ва қуриш бўйича тавсиялар”, ИҚН 70-12 “Йўл пойининг сув-иссиқлик тартибини бошқаришни лойиҳалаш услублари бўйича қўлланма”, ИҚН 84-13 “Ўзбекистоннинг турли регионларида автомобиль йўллари грунтларини зичлик нормалари бўйича йўриқнома”, ИҚН 104-14 “Автомобиль йўлларини лойиҳалашда ён бағир ва қияликларнинг турғунлик даражасини ҳисоблаш бўйича йўриқнома”, ИҚН 113-16 “Автомобиль йўлларининг кенгайтириладиган участкаларидаги йўл пойини турғунлиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича йўриқнома”ларга киритилган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллар давлат қўмитасининг 2020 йил 24 мартдаги 02-1276-сон маълумотномаси). Натижада том ёпиш материалида битумдан воз кечиш, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфидаги бир нечта автомобиль йўлларидан фойдаланишда грунтларнинг ички ишқаланиш бурчаги 15% га, эластиклик модулини 12% га, боғланиш кучини 15% га ошириш ва йўл пойи баландлигини 15% га камайтириш ва хизмат муддатини узайтириш имкони яратилган.