Республика махсус комиссиясининг қарори билан кўчаларда ҳаракатланиши учун қуйидаги автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома талаб этилмайди:
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг дипломатик хизмати ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифларига мувофиқ ташриф этилган халқаро ташкилотларнинг делегациялари аъзоларининг тегишли автотранспорт воситаларига;
Аҳоли ва ташкилотларга коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга (газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва бошқа ташкилотлар) тегишли автотранспорт воситаларига;
алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотларга тегишли автотранспорт воситалари ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг почта жўнатмаларига;
тижорат банкларига тегишли хизмат автотранспорт воситаларига;
тиббий ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи корхоналарнинг автотранспорт воситаларига;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус ҳамда қутқарув корхоналарининг автотранспорт воситаларига;
N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларига ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келаётган М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги автотранспорт воситаларига;
вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларининг автотранспорт воситаларига;
йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга (ўзларининг рўйхатдан ўтган маъмурий ҳудуди доирасида) йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати (курьер, доставка)ларига;
етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситаларига, шунингдек, йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи ташкилотларнинг етказиб бериш хизматини кўрсатаётган автотранспорт воситаларига;
фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, тан жароҳати, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситаларига;
дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситаларига;
йўл-патрул хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари шулар жумласидан.
Қайд этиш лозимки, махсус рухсатнома талаб этиладиган автотранспорт воситаларига (тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда) Махсус рухсатномалар бериш тизими жорий йилнинг 29 март соат 09:00 дан амалиётга жорий этилади.
Адлия вазирлиги томонидан бериладиган махсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган бошқа автотранспорт воситалари фақатгина ушбу муассаса ва ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилади. Шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатъиян ман этилади.
Манба: https://t.me/koronavirusinfouz