Мурадов Шуҳрат Одиловичнинг
докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Жанубий Ўзбекистоннинг арид ҳудудларида сув барқарорлигини назарий асослаш», 11.00.03–Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (техника фанлари).
Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /техника фанлари номзоди/.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 12.05.2015/B2015.1.Т470.
Илмий маслаҳатчи: Ҳамраев Наджим Раҳимович, техника фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гидрометеорология илмий-текшириш институти ва Ўзбекистон Миллий университети, 16.07.2013.G.32.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик кенгаш.
Расмий оппенентлар: Мягков Сергей Владимирович, техника фанлари доктори; Чембарисов Эльмир Исмаилович, география фанлари доктори, профессор; Шохидов Абдуборий Фаттахович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади сув барқарорлигини таъминловчи гидроэкологик технологиялар ва мелиоратив-гидрологик усулларни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сизот сувларнинг олдиндан белгиланган чуқурлигида фильтрацияга қарши самарали экран пайдо қилиш технологияси такомиллаштирилган;
дарё, канал ва зовурларда сув оқимини бошқариш учун “Поғона” қурилмалар конструкцияси ва ҳисоблаш формуласи асосланган;
текисликдаги гипсли тупроқларда ирригацион эрозиянинг олдини олиш билан бир вақтда тупроқ унумдорлигини оширувчи ва сувни тежовчи табиий мелиорантларни қўллашнинг хусусиятлари аниқланган;
илк бор самарали ўғит - чили селитраси ҳосил бўлиши билан тупроқларнинг содали шўрланишини камайтирувчи кимёвий мелиорантлар таклиф этилган;
сувларни шўрсизлантириш усули ишлаб чиқилган;
ўсимликларнинг атмосфера ёғинлари, суғориш ва сизот сувларидан фойдаланиш самарадорлигини оширувчи табиий минераллардан фойдаланиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ер ва сув ресурслари-дан самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган комплексли техник ечимлар асосида:
тупроқни мелиорациялашнинг такомиллаштирилган усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (07.05.1997 й. № 4539). Яратилган технология атмосфера, тупроқ ва суғорма намликдан самарали фойдаланишни оширишга имкон беради;
коллектор-зовур сувларини шўрсизлантириш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (13.04.2000 й. № IDP 04339). Ишлаб чиқилган қурилма коллектор-зовур, ер ости ва кўл сувларини шўрсизлантириш имконини беради;
тупроқни шўрсизлантириш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (25.08.2000 й. № IDP 04470). Таклиф этилган кимёвий мелиорант тупроқни азотли ўғит (чили селитраси) билан бойитиш ва содали шўрланишнинг олдини олиш имконини беради;
сув ва тупроқни шўрсизлантириш ва мелиорациялаш усуллари, ирригацион эрозияга қарши кураш технологияси 2017 йилгача ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича Давлат дастурига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2014 йил 29 декабрдаги 02/20-3692-сон маълумотномаси). Комплекс тавсиялар сув ресурсларидан самарали фойдаланишни оширади ва Ўзбекистон жанубидаги суғориладиган ерларнинг гидроэкологик ва мелиоратив-гидрологик ҳолатини яхшилайди.