Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамроева Марғуба Комиловнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўртача шўрланган тупроқларда соя навларининг физиологик хусусиятлари ва донининг биокимёвий таркибини илмий асослаш», 03.00.07–Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/B287.
Илмий раҳбар: Ёрматова Диларом Ёрматовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.28.06.2018.В.72.02.
Расмий оппонентлар: Қушиев Ҳабибжон Ҳожибобоевич, биология фанлари доктори, профессор; Жумаев Фарҳод Ҳожиқурбонович, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро вилояти ўртача шўрланган тупроқ-иқлим шароитида (Glicine hispida Maxim) маҳаллий ва хориж соя навларининг физиологик хусусиятларини аниқлаш ва донининг биокимёвий таркибидаги ўзгарувчанлигини асослашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Бухоро вилояти шўрланган тупроқларида ўртапишар соя навларнинг (Glicine hispida) ривожланиши ва ҳосилдорлиги аниқланган;
илк бор шўрланган тупроқларда соя навлари уруғлари нитрагин-137 штамми билан ишлов бериб экилганда, тупроқда микроорганизмларнинг фаоллиги ошиб, биологик азот ҳосил қилиши аниқланган;
ўртача шўрланган тупроқларда соя навларида ривожланиш фазаларида борадиган физиологик жараёнлар (фотосинтез маҳсулдорлиги, транспирация жадаллиги) гуллаш фазасининг охири ва дуккак ҳосил қилиш даврида поянинг ўрта ярусларида юқори бўлиши аниқланган;
илк бор соя навлари уруғи таркибидаги мойнинг сифат кўрсаткичлари миқдорининг ўзгариши аниқланган;
соя навларининг донидаги моддаларнинг хавфсизлик даражаси ва санитар-гигиеник кўрсаткичлари ва ёғсизлантирилган унидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларининг токсикологик кўрсаткичлари меъёр даражасида эканлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўртача шўрланган тупроқларда соя навларининг физиологик хусусиятлари ва донининг биокимёвий таркибини илмий асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
ўртача шўрланган тупроқларда соя навларида экологик тоза дон ҳосили етиштириш бўйича ”Ўзбекистонда соя етиштириш” ва “Соя агротехникаси” тавсияномалари Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг 2019 йил 18 ноябрдаги Т-6-4-564-сон маълумотномаси). Натижада фермер хўжаликларининг ўртача шўрланган тупроқларда ўрта пишар соя навларини етиштириш ва оқсилга бой экологик тоза дон ҳосили олишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
олинган соя навлари Бухоро вилояти майдонларида экиш учун жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 18 ноябрдаги 02/021-3749-сон маълумотномаси). Натижада навларнинг ривожланишини, ҳосилдорлигини ошириш ҳамда биологик азотни ҳосил қилиш имконини берган;
соядан “Когон ёғ-экстракция заводи” АЖда соя донларидан мой олишда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмасининг 2019 йил  18 ноябрдаги АА/3-1620-сон маълумотномаси). Натижада озиқ-овқат маҳсулоти сифатида токсикологик хавфсизлигини таъминлаш имконини берган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish