Sayt test rejimida ishlamoqda

Аимбетов Иззет Каллиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қорақалпоғистоннинг шўр грунтларида бино ва иншоотлар қуришнинг муҳандислик-геологик асослари», 04.00.04–Гидрогеология ва мухандислик геологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/T238.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Минерал ресурслар институти ДК, Геология ва геофизика институти, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Сейсмология институти, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги DSc.27.06.2017.GM.40.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Қаюмов Абдубаки Джалилович, техника фанлари доктори, профессор; Иргашев Юлдашбай Иргашевич, геология-минералогия фанлари доктори, профессор; Шерфединов Ленза Зекерьяевич, геология-минералогия фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: «Ўзбекгидрогеология» ДУК.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон грунтларининг шўрланиш ва физик-механик хоссаларининг хусисиятларини баҳолаш ва бу грунтларда бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва хавфсиз эксплуатация қилишнинг муҳандис-геологик илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Қорақалпоғистоннинг шимолий қисми суғориладиган худудлар учун грунтларнинг шўрланиш даражаси бўйича муҳандислик-геологик районлаштирилган;
Қорақалпоғистоннинг шимолий қисмида 10,0 метр чуқурликгача шўрланган грунтларнинг фильтрация коэффициентининг ва деформация модулининг мазкур грунтларнинг физик кўрсаткичларига боғлиқлик корреляцион формулалари аниқланган; 
илк бор сунъий равишда шўрланган кўчма (бархан) қумларни уч ўқли сиқилиш шароитларида синаш ёрдамида тузлар дастлаб фақат силжиш деформациялари ривожланишига таъсир этиши, силжиш деформациялари тугагандан кейин ҳажмий деформациялар содир бўлиши исботланган;   
прессиометрия усулини шўрланган грунтларнинг деформацияланиш характеристикаларини аниқлашда қўллаш асосланган;
пойдевор таъсири остидаги грунт массивининг зўриқиш-деформацияланиш ҳолатига тузлар таъсир этишининг қонуниятлари аниқланган;  
грунтларда оқувчанлик (суюқлашиб силжиш) хоссаларининг пайдо бўлиш шароитлари  асосланган ҳамда жарликлар (каньонлар) пайдо бўлишини таърифловчи тенглама аниқланган;
иморат ва иншоотларнинг пойдеворлари чўкишини ҳисоблашда грунтларнинг шўрланишини ҳисобга олиш услуби ишлаб чиқилган;
грунтларнинг тиксотроп хоссаларини юзага келиши назарий асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қорақолпоғистоннинг шўр грунтларида бино ва иншоотлар қуришнинг мухандислик-геологик асослаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Қорақалпоғистоннинг шимолий қисми суғориладиган ерлари грунтларнинг 11,7 метргача чуқурликдаги шўрланиш ва сув ўтказувчанлик харита-схемалари ҳамда грунтларнинг сув ўтказувчанлиги ва деформация модулининг уларнинг физик хоссаларига корреляцион боғликлик формулалари «UzGIP» МЧЖнинг Қорақалпоқ шўъба корхонаси ва «Нукусгорландшафтпроект» МЧЖ, Давлат лойиҳалаш, қурилишда мухандислик изланишлар, геоинформатика ва шаҳар қурилиши кадарстри институтининг Қорақалпоқ филиали амалиётига жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2019 йил 7 октябрдаги 01-07/01-2186-сон маълумотномаси). Натижада лойихалаш ва мухандислик геология ишларини бажариш муддатини қисқартириш имконини берган; 
уч ўқли сиқилиш шароитида сунъий равишда шўрлантирилган кўчма (бархан) қумларнинг механик хоссаларига тузлар таъсир қилишининг экспериментал аниқланган қонуниятлари ҳамда шўр грунтларнинг деформацион хоссаларини аниқлаш учун прессиометрия усулини қўллашнинг назарий асоси «OZGASHKLITI» ДУКнинг Қорақалпоқ филиалида амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2019 йил 7 октябрдаги 01-07/01-2186-сон маълумотномаси). Натижада шўр грунтларнинг механикавий хоссаларининг ишончли кўрсаткичларини олишга имкон берган; 
бинолар ва иншоотларнинг босими таъсири остидаги грунтлар массивининг зўриқиш-деформацияланиш вазиятига тузларнинг таъсир этиш қонуниятлари ва иморатларнинг пойдеворларига тузларнинг таъсирини камайтириш бўйича мухандислик-геологик тавсиялар «Нукусгорланшафтпроект» МЧЖда амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2019 йил 7 октябрдаги 01-07/01-2186-сон маълумотномаси). Натижада пойдеворларнинг ишончли конструкцияларини ишлаб чиқиш имконини берган;
Кулон-Мор мустаҳкамлик назарияси ва туташ муҳит механикаси асосида аниқланган грунтларда оқувчанлик (суюқлашиб силжиш) хоссалари пайдо бўлишининг шароитлари ҳамда грунтлар механикаси ва гидравлика тенгламаларини биргаликда ечиш орқали олинган жарларнинг (каньонларнинг) пайдо бўлишини тарифловчи тенглама ва Орол денгизининг қуриган тубида каньонлар пайдо бўлаётган районларидаги мухандислик-геологик тадқиқотлар натижалари «UzGIP» МЧЖнинг Қорақалпоқ шуъба корхонасида амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2019 йил 7 октябрдаги 01-07/01-2186-сон маълумотномаси). Натижада «Майпост» кўлининг узунлиги 29,4 км.га тенг тупроқли тўғони ҳамда узунлиги 2700 м., қиймати (2016 й. нархларида) 16 млрд. сум бўлган «Междуречье» сув омборининг тўғонини ишончли лойиҳаланиши ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилган;
Қорақалпоғистоннинг гипслашган грунтларида бино ва иншоотларнинг пойдеворларини лойиҳалаш бўйича тавсиялар «Узбекгидрогеология» ДУКнинг Оролбуйи дала гидрогеологик экспедициясида мухандислик-геологик хулосалар ишлаб чиқаришда қўллаш учун ҳамда «Кўнғирот сода заводи» МЧЖда кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқаришни кенгайтиришга мўлжалланган бино ва иншоотларни лойиҳалашда жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2019 йил 7 октябрдаги 01-07/01-2186-сон маълумотномаси). Натижада қурилиш объектларининг ишончли лойиҳаланишини таъминлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish