Sayt test rejimida ishlamoqda

Турсунова Насиба Хамроевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ҳозирги ўзбек драматургиясида фольклор стилизацияси”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.PhD/Fil379.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат педагогика институти.
Илмий раҳбар: Қаюмов Олим Садриддинович, филология фанлари номзоди.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Тожибоева Олтиной  Қосимовна, санъатшунослик фанлари доктори; Имомназарова Шаҳодатхон Хабитовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори  (Phd)
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Истиқлол даври ўзбек драматургиясида маросим фольклорининг поэтик трансформациясини ёритиш, фольклор стилизацияси воситасида драматик асарда этномаданий контекст яратиш тамойилларини тавсифлаш, ҳозирги ўзбек кинодраматургиясидаги мифопоэтик тимсоллар бадияти ва эпик сюжетлар стилизациясини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
истиқлол даври ўзбек драматургиясидаги фольклор сюжетлари, мотив ва образларидан ижодий фойдаланиш асосида яратилган асарларнинг ўзига хос этномаданий контекстини белгиловчи фольклоризмлар (урф-одат, маросим айтимлари, олқишлар, мақоллар, қўшиқлар, ривоят каби)  манбалари аниқланган;
маросим фольклорининг драматик асарлардаги поэтик талқини ва трансформациясини аниқлаш асносида халқ оғзаки ижоди анъаналари саҳна санъатининг шаклланишига асос бўлган манбалар  ритуал аҳамиятга молик маросимий қадриятлар (мавсумий, оилавий-маиший ва диний-ибодат маросимлари) ҳамда моҳиятан драматик ҳаракат ва вербал компонентлар уйғунлигига асосланган норитуал қадриятлар (болалар ўйин фольклори, оммавий халқ ўйинлари ва анъанавий томоша санъати)дан иборатлиги исботланган;
қадимий ритуаллар ва маросимлар таркибидаги вербал компонентлар – қўшиқ ва айтимларнинг драматик ҳаракат ва сўз уйғунлигидан иборат театрлаштирилган халқ томоша асарларининг шаклланишига асос бўлганлиги кўрсатиб берилган ҳамда миллий саҳна санъатининг тадрижий ривожи “маросим→ўйин→театр” босқичларидан иборатлиги илк бор далилланган;
Ишда ўзбек фольклоршунослигида биринчи марта воқеликни сўз воситасида оғзаки ифода қилишдан иборат анъанавий аутентив эстетик категория ҳисобланган фольклорни телевидение, кино ва медиасанъат доирасида драматик талқин этиш, яъни халқ ижодига хос образлилик ва бадиий шартлиликни кино санъати тилига ўгиришда инновацион усулларни қўлланилиши натижасида фольклоризмнинг ўзига хос янги типи – «аудиовизуал фольклоризм»лар шаклланганлиги асосланган;
эпик сюжетларни стилизация қилиш халқ достонлари асосида саҳна асарлари яратишнинг етакчи бадиий мезони эканлиги замонавий драматик асарлар таҳлилида кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Ҳозирги ўзбек драматургияси ва фольклор стилизацияси масаласини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маросим фольклори анъаналарининг драматик асарлар сюжети ва композицион қурилишидаги бадиий талқинларини ижодкорнинг фольклордан фойдаланишдаги ўзига хос поэтик маҳорати контекстида тадқиқ этиш асосида чиқарилган илмий-назарий хулосаларидан Навоий давлат педагогика институтида 2008-2010 йилларда бажарилган “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 14 октябрдаги 89-03/4004-сон маълумотномаси). Натижада драматик асарларга сингдириб юборилган ўзбек маросим қўшиқлари ва айтимларида ўз ифодасини топган миллий қадриятлардан маънавий-маърифий тадбирларда фойдаланишнинг педагогик имкониятларини кенгайтиришга эришилган;
истиқлол даври драмалари ва киноасарларида қўлланилган аудиовизуал фольклоризмларнинг мифопоэтик талқинларини ўрганиш асосида олинган натижалардан Навоий давлат педагогика институтида 2012-2016 йилларда олиб борилган Ф1-ХТ-0-19919 рақамли рақамли “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқотни бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 14 октябрдаги 89-03/4004-сон маълумотномаси). Натижада фольклор анъаналари орқали етиб келган қадимги миф ва мифологик образларнинг ҳозирги ўзбек адабиёти бадииятини бойитишдаги ўрнини таҳлил қилиш асосида мифологизмлар поэтикаси ойдинлаштирилган; 
Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Маданият бошқармаси, Навоий шаҳар Маданият бўлимининг “Наврўз” умумхалқ байрами анъанавий оммавий тадбирлар: “Лола сайли”, “Қизил гул сайли”, “Ашшадарози” ўйинларини саҳналаштиришда (Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Маданият бошқармаси, Навоий шаҳар Маданият бўлимининг 2019 йил 20 сентябрдаги 01-07/123-сон маълумотномаси), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Навоий вилояти бўлими “Мозий кўзгуси”, “Маънавият сарчашимаси”, “Долзарб мавзу”, “Қадрият, урф-одат ва анъана”, “Наврўз удумлари”, “Адабий муҳит”, “Қадриятлар – қадим бешиги”, “Маънавият гулшани” каби телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни тайёрлашда тадқиқотчининг назарий хулосаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Навоий вилояти бўлимининг 2019 йил 5 ноябрдаги 3264-сон маълумотномаси). Натижада телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар илмий жиҳатдан бойитилиб, унутилган миллий қадриятлар кенг оммага ҳавола этилди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish