Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамадалиев Хусниддин Абдижалиловичнинг
фалсафа доктори  (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Масса сарфи дисбаланси шароитларида магистрал газ қувури орқали газ ташиш режимини таҳлил қилишнинг модель ва алгоритмлари», 05.01.07–Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/T60.
Илмий раҳбар: Хўжаев Исматулла Қўшаевич, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.
Расмий оппонентлар: Абдурахимов Бахтиёр Файзиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор; Маликов Зафар Маматқулович, техника фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қувурларда масса дисбалансининг математик моделлари ва уларга мос масалаларни ечиш усулларини ишлаб чиқиш ва қувурдан газнинг сизиб чиқиши, тормозланиши жараёнлари хусусиятларини тадқиқ этишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк маротаба Н.Е.Жуковский қонуни бўйича газ сизиб чиқиши тезлиги ва газ сизиб чиқаётган тирқиш юзаси омиллари ҳисобга олиниб, магистрал газ қувуридан газ йўқотишларининг такомиллашган математик модели таклиф этилган ва унга мос масала шакллантирилиб, ечиш алгоритми ишлаб чиқилган;
зичланиш ва сийракланиш тўлқинларининг горизонтал қувурда тарқалиши ҳақидаги Н.Е.Жуковский масаласи ишлаб турган газ қувурида бошланғич босим тарқалишини ҳисобга олган ҳолда ечилган ва жараённинг ишқаланиш ҳамда инерция кучининг локал ташкил этувчиси алоҳида ва биргаликда таъсирига боғлиқ хусусиятларини аниқловчи такомиллашган математик модель яратилган;
импульслар тарқалиши жараёнида хос сонлар дискрет майдонида квазирезонанс ҳолат билан чегараланувчи параболик ва гиперболик тенгламалар ечимларига мос частоталардаги қўзғалишлар содир бўлишини аниқловчи ягона ҳисоб алгоритми ишлаб чиқилган;
изотермик режимда қувур орқали газ узатишнинг барча куч омилларини ҳисобга олувчи чизиқсиз тенгламаларини ечишнинг итерацион усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Масса дисбаланси шароитида қувур фаолиятини таҳлил қилишга доир ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган математик моделлар, аналитик ечимлар ва яратилган дастурий таъминот ёрдамида олинган илмий натижалар асосида:
магистрал газ қувури чизиқли қисмидан газ сизиб чиқиши ва қувур қисмининг боши ва охирида тормозланиш сабабли пайдо бўладиган зичланиш ҳамда сийракланиш тўлқинлари тарқалиши жараёнини таҳлил қилиш учун ишлаб чиқилган алгоритм асосида яратилган дастурий восита Ўзбекистон нефть ва газ саноати илмий-муҳандислар жамияти томонидан магистрал газ қувурлари гидравлик параметрларини аниқлашга қабул қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 4 декабрдаги 33-8/9062-сон, «Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2019 йил 13 июндаги 02/12-1-120-сон маълумотномалари). Илмий ишланманинг натижаларидан фойдаланиш газ қувури чизиқли қисмидаги тирқишдан газ чиқиб кетиши ва қувур охирларида газ тормозланиши туфайли ҳосил бўладиган зичланиш тўлқинларининг тарқалиши жараёнини таҳлил этишда иш ҳажмини 9,5% га қисқартириш имконини берган; 
қувур чизиқли қисмининг бир ёки ҳар иккала охирлари беркитилганда суюқлик босими ва масса сарфи ўзгаришларини ҳисоблаш алгоритми «Зарафшон» магистрал тизими бошқармасига татбиқ этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 4 декабрдаги 33-8/9062-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида диаметр, қаршилик коэффициенти ва қияликдан боғлиқ равишда оқим гидравлик кўрсаткичларини тезкор аниқлаш, суюқлик узатишнинг муқобил режимини аниқлаш, куч қурилмаларини бошқариш, динамик режимда фаолият кўрсатаётган тармоқда компрессор станциялар қурилмаларини ишга тушириш ва тўхтатишга доир қарор қабул қилишда ҳисоблашлар ҳажмини 9,5% га қисқартириш имконини берган; 
газ қувури параметрларига ва истеъмол учун тайёрланган пропан товар гази маҳсулотига компрессор машиналари орқали берилаётган дастлабки босим қийматига боғлиқ ҳолда кечадиган динамик ўзгаришларни акс эттирувчи ҳисоблаш алгоритми ва дастурий восита «AXMAN GOLD» МЧЖга татбиқ этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 4 декабрдаги 33-8/9062-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида автомобилларга ёқилғи қуйиш жараёнида пропан босимини тезкор аниқлаш ва турли даврларда компрессорлардан оптимал фойдаланишга доир тавсиялар ишлаб чиқишда ҳисоб ишлари ҳажмини 7–8% га қисқартириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish