Sayt test rejimida ishlamoqda

Назарова Севара Мустакимовнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бухоро воҳаси суғориладиган ўтлоқи тупроқларининг ҳозирги давр агрофизикавий ҳолати», 06.01.03–Агротупроқшунослик ва агрофизика (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Qx159.
Илмий раҳбар: Курвантаев Рахмонтой, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Бухоро давлат университети, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Анвар Ҳайдарович, биология фанлари доктори; Ахмедов Алмон Усмонович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро воҳасининг турли тупроқ-иқлим шароитида тарқалган ўтлоқи тупроқларнинг агрофизикавий, агрокимёвий хоссаларини аниқлаш ва мелиоратив ҳолатини баҳолаш орқали тупроққа тўғри ишлов беришга оид тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғориладиган ўтлоқи тупроқларнинг ҳозирги давр агрофизикавий ва агрокимёвий хоссалари аниқланган;
суғориладиган ўтлоқи тупроқларнинг шўрланиш даражаси, механик таркиби ва суғориш давомийлигининг ишлов бериш сифатига боғлиқлиги аниқланган;
суғориладиган ўтлоқи тупроқларнинг механик таркибига боғлиқ ҳолда суғоришнинг мақбул гектарига 700–1200 м3  меъёрлари ишлаб чиқилган;
суғориладиган ўтлоқи тупроқларда антропоген омиллар таъсирида содир бўлаётган салбий жараёнлар-шўрланиш, тупроқ зичлиги ва қаттиқлигининг ортиб бориши, структура ҳолатининг бузилиши, нам етишмовчилиги, органик ва озиқа моддалар миқдори камайиб боришининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бухоро воҳаси суғориладиган ўтлоқи тупроқларининг ҳозирги давр агрофизикавий ҳолатини ўрганиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
«Бухоро вилояти тупроқлари унумдорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган ва амалий тавсиялар» фермер хўжаликларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 3 майдаги 03-05-3538-сон маълумотномаси).  Натижада Бухоро вилояти тупроқ-иқлим шароитларида тупроқ унумдорлигига кўра, қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш ва уларни парваришлаш учун ўтказиладиган  агротехник тадбирларни ишлаб чиқишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Бухоро воҳаси суғориладиган ўтлоқи тупроқлар ҳудудидаги Вобкент туманидаги И.Наимов, Когон туманидаги “Бўстон”, Жондор туманидаги “Истиқлол” ва  Қоракўл туманидаги “Дарғали” массивлари тупроқларининг 1:10000 масштабда механик таркиб хариталари тузилган ҳамда 12662 гектар майдонда амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 3 майдаги 03-05-3538-сон маълумотномаси). Натижада ушбу картографик материаллар ер майдонларини табақалаштириб суғориш, шўр ювиш, ўғитлаш ва тупроққа кам ишлов бериш имконини берган;
cуғориладиган ўтлоқи тупроқлар шароитида кам ишлов бериш, яъни техникаларни ер майдонларига киришини ва зичлигини камайтириш тизими амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 3 майдаги 03-05-3538-сон маълумотномаси). Натижада вилоятнинг Вобкент, Когон, Жондор ва Қоракўл туманлари суғориладиган ўтлоқи тупроқларининг агрофизикавий, агрокимёвий ва мелиоратив ҳолатлари яхшиланиб, тупроқ унумдорлиги ошишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish