Sayt test rejimida ishlamoqda

Сидикова Мастура Хакбердиевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):“Самарқандда замонавий шаҳар маданиятининг ривожланиш хусусиятлари (1991–2017 йй.)”,07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.PhD/Tar177.

Илмий раҳбар: Зияева Доно Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, Dsc.27.06.2017.Tar.01.04.

Расмий оппонентлар: Муртазаева Раҳбар Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор; Ахмедов Муҳаммад Қосимович, архитектура доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент молия институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Самарқандда замонавий шаҳар маданияти тараққиётининг асосий босқичлари, шаҳар инфратузилмаси масалаларини ва унинг ўзига хос хусусиятларини  комплекс тарзда ўрганишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

қадимдан минтақадаги муҳим иқтисодий, маъмурий, савдо ва ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлиб келган Самарқанд шаҳри мустақиллик йилларида тарихий шаҳар сифатида халқаро туризм объектларидан бирига  айланганлиги, агломерация, ички миграция ва демографик жараёнлар таъсирида республикадаги урбанизация ўчоқларидан бири бўлиб қолганлиги кўрсатиб берилган;

Самарқандда саноат инфратузилмаларининг кенгайиши, кўп тармоқли ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши  унинг иқтисодий салоҳиятини кучайтириб, шаҳар бюджетининг ўсишига хизмат қилаётганлиги очиб берилган;

Самарқанд шаҳрида олиб борилган бунёдкорлик ишларида “эски” ва “янги” қисмлар уйғунлигига етарлича эътибор берилмаганлиги, шаҳарнинг қадимий қисмида туризм, хизмат кўрсатиш ва транспорт тизимларини замон талаблари асосида ташкил этиш, тарихий анъаналардан унумли фойдаланиш зарурлиги асослаб берилган;

шаҳарда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда тарихий анъана ва миллий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида ташкил этилаётган симпозиум, конференция ва фестиваллар ҳамда маданий тадбирлар унинг нафақат республикадаги, балки минтақа ва жаҳон миқёсидаги маданий марказ мақомига кўтараётганлиги кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Самарқандда замонавий шаҳар маданиятининг ривожланиш хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий меросига ҳамда музей фаолиятига оид статистик маълумотлар, қиёсий таҳлил қилинган хулоса ва таклифлар Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг илмий ахборот ва тадқиқот бўлимидаги меъморий ёдгорликлар ҳамда музейлар ҳақида экскурсия матнларини тайёрлашда, шунингдек, берилган янги фото расмлар музей-қўриқхона фондидаги “Самарқанд кеча ва бугун” экспозициясини шакллантиришда фойдаланилган (Маданият вазирлигининг 2018 йил 23 июлдаги 01-11-08-5090-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши музей ходимлари ва экскурсоводлар учун шаҳар меъморий обидалари ва музейлари ҳақида янги маълумотлар олишга имкон яратган;

мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳрида туризм инфратузилмаси ҳолатини аниқлаш ва уни холисона ёритиш, туризмни ривожлантиришга оид маълумотлардан Ф1-ФА-0-11986 рақамли “Ўзбекистон шаҳарлари тарихи: анъаналар, урбанизация ва трансформация жараёнлари (энг қадимдан ҳозиргача)” номли фундаментал лойиҳа доирасида тайёрланиб, чоп этилган “Ўзбекистонда замонавий шаҳар маданияти” номли коллектив монографиянинг “Тарихий шаҳарларда туризм” қисмини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 14 августдаги 3/1255-2166-сон маълумотномаси).Тадқиқот натижалари Самарқанд шаҳрида замонавий туризм инфратузилмасининг ривожланишига оид илмий хулосаларни татбиқ қилишда  хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish