Sayt test rejimida ishlamoqda

Машарипов Шодлик Машариповичнинг

фалсафа доктори  (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Пахта намлигини назорат қилишда сиғимли бирламчи ўзгарткичлар асосидаги усуллар ва асбоблар», 05.03.01–Асбоблар. Ўлчаш ва назорат қилиш усуллари (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/T80.

Илмий раҳбар: Матяқубова Парахат Майлиевна, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.27.06.2017.Т.03.02.

Расмий оппонентлар: Ахмедов Барат Махмудович, техника фанлари доктори, доцент; Ўлжаев Эркин, техника фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: «Пахтасаноат илмий маркази» АЖ.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: пахта намлигини назорат қилишнинг сиғимли усулини бирламчи ўлчаш ўзгарткич асосидаги қурилмавий амалга оширишни такомиллаштириш, бунинг асосида яхшиланган метрологик ва функционал тавсифларга эга бўлган сиғимли қурилмани ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

пахта намлигини назорат қилишнинг сиғимли усулини қурилмавий амалга оширишнинг умумий тамойиллари ва илмий-назарий асослари ишлаб чиқилган ва асосланган;

муҳандислик башоратлари усули ёрдамида пахта намлигини сиғимли бирламчи ўлчаш ўзгарткичининг математик модели тузилган;

пахта намлигининг ўлчаш аниқлигини оширувчи ва қурилмани функционал имкониятларини кенгайтирувчи усул ишлаб чиқилган;

эллипс шаклидаги сиғимли электродлар ва схемада ҳарорат ўзгаришини автоматик компенсациялайдиган термодатчик қўллаш асосида намликни ўлчовчи қурилмани ўлчаш чегараси кенгайтирилган ва аниқлиги оширилган;

ташқи таъсир қилувчи омиллар шароитида сиғимли усулда материаллар намлигини ўлчашда чиқиш сигналини йиғинди хатолигининг асосий манбаларини бартараф қилиш усуллари ишлаб чиқилган..

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Пахта намлигини назорат қилишда сиғимли бирламчи ўзгарткичлар асосида усуллар ва асбобларни ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

толали материаллар ва дисперс муҳит намлигини ҳамда ҳароратини ўлчовчи қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 05156, 23.12.2015 й.). Натижада қурилмани функционал имкониятлари кенгайтирилган ва ўлчаш аниқлигини 12% га ошириш имконини берган;

пахта намлигини сақлаш ва бирламчи қайта ишлашнинг асосий жараёнларида назорат қилишга мўлжалланган қурилма «Боғот пахта тозалаш» AЖнинг ва «Янгиариқ пахта тозалаш» АЖга жорий қилинган («Ўзпахтасаноат» AЖнинг 2018 йил 4 январдаги 0218/09-сон маълумотномаси). Натижада ўлчаш аниқлигини ва технологик жараённи самарадорлигини, назорат қилиш тезкорлигини ошириш, путур етказмасдан намликни назорат қилиш, сарф қилинадиган меҳнат ва энергия сарфини камайтириш имконини берган;

сиғимли бирламчи ўзгарткичда ўлчаш аниқлигини ошириш учун ишлаб чиқилган усуллар ва уларнинг техник ечимлари, шунингдек пахта маҳсулотларининг намлигини назорат қилишда эксперимент натижаларини қайта ишлаш алгоритмлари ва пахта намлигини ўлчашда ҳарорат таъсирини автоматик ростлаш учун ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот «Боғот пахта тозалаш» AЖнинг ва «Янгиариқ пахта тозалаш» АЖга жорий қилинган («Ўзпахтасаноат» АЖнинг 2018 йил 4 январдаги 0218/09-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқ қилинаётган пахта намлиги бўйича ўлчаш асбобининг кўрсаткичига ҳарорат таъсирини автоматик равишда ростлаш орқали ўлчаш аниқлигини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish