Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамбетжанов Қаҳрамон Қурбандурдиевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Миллий ҳисоблар тизимида ялпи ички маҳсулотни ҳисоблаш усулларининг назарий асосларини такомиллаштириш”, 08.00.01–Иқтисодиёт назарияси (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Iqt110.

Илмий маслаҳатчи: Шодмонов Шерқул Шодмонович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.30.05.2018.I.01.11.

Расмий оппонентлар: Ғуломов Саидаҳрор Саидахмедович, академик, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Вахабов Абдурахим Восиқович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Расулова Дилфуза Валиевна, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: республикада миллий ҳисоблар тизими асосида ЯИМни қўшилган қиймат ва харажатлар бўйича ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ЯИМни қўшилган қийматлар бўйича ҳисоблаш усули аҳолига кўрсатилаётган нобозор хизматлари, хусусан, таълим, тиббиёт ва шу каби ижтимоий хизматлар ҳажмини шартли равишда бозор нархларида ҳисобга олиш орқали такомиллаштирилган;

ЯИМнинг таркибий қисми бўлган асосий капитал истеъмолини ҳисоблаш усули “узлуксиз инвентаризация усули”ни макродаражада қўллаш асосида такомиллаштирилган;

ЯИМ ўсиш суръатларини мамлакатнинг реал ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда секинлашган, мўътадил, ўртача, барқарор даражаларга ажратиш мезонлари ишлаб чиқилган;

ЯИМни харажатлар бўйича ҳисоблаш усули аҳолининг якуний истеъмол  харажатлари таркибига узоқ муддат истеъмол қилинадиган буюмлар, айниқса, уй-жой ва бошқа кўчмас мулкнинг тўлиқ қийматини эмас, балки маълум қисмини киритиш асосида такомиллаштирилган;

ЯИМни харажатлар бўйича ҳисоблаш усули соф харид қилинган қимматбаҳо  буюмлар, илмий тадқиқот ва мудофаа сарфлари қийматини ялпи жамғарма таркибига киритиш асосида такомиллаштирилган;

иқтисодий амалиётга дискрет ёндашувни мавсумийлик, циклик ва ноодатий компонентларга бўлган ҳолда жорий қилиш асосида чораклар бўйича ЯИМни ҳисоблаш усули такомиллаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

ЯИМни ҳисоблаш услубиятини такомиллаштиришнинг назарий жиҳатларибўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:

ЯИМни қўшилган қийматлар бўйича ҳисоблаш усулини аҳолига кўрсатилаётган нобозор хизматлари, хусусан, таълим, тиббиёт ва шу каби ижтимоий хизматлар ҳажмини шартли равишда бозор нархларида ҳисобга олиш орқали такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида ЯИМ таркибида қўшилган қийматлар унсурларини ҳисоб-китоб қилиш жараёнида амалиётга татбиқ қилинган  (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2019 йил 9 январдаги НБ-1-8/20-5-сон маълумотномаси). Ушбу илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида республикада ЯИМ таркибий қисмларини янада аниқ ва тўлиқ ҳисоблашга, нобозор хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг инқирозга учраши ва бюджет маблағлари самарасиз сарфланишининг олдини олишга ҳамда ЯИМ ҳажмини тўлиқроқ акс эттиришга эришилган;

ЯИМнинг таркибий қисми бўлган асосий капитал истеъмолини ҳисоблаш усулини “узлуксиз инвентаризация усули”ни макродаражада қўллаш асосида такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасида мамлакатда асосий капиталдан фойдаланиш даражасини ҳисоблаш жараёнида амалиётга татбиқ қилинган  (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 29 ноябрдаги 01/1-03-17/2-59-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида мамлакатда ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилаётган асосий капитал истеъмоли даражасини аниқроқ ҳисоблашга, иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларида асосий воситаларнинг ҳақиқий эскирганлик даражасини аниқлашга, инвестициялар самарадорлигини реал баҳолашга, такрор ишлаб чиқариш жараёнининг ҳолатини чуқур таҳлил қилишга, асосий капитал истеъмолини “узлуксиз инвентаризация усули” бўйича ҳисоблашга эришилган;

ЯИМ ўсиш суръатларини мамлакатнинг реал ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда секинлашган, мўътадил, ўртача, барқарор даражаларга ажратиш бўйича таклиф қилинган мезонлардан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида  мамлакатда ЯИМ ҳажми ва ўсиш суръатларининг энг юқори ва энг қуйи чегарасини белгилаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2019 йил 9 январдаги НБ-1-8/20-5-сон маълумотномаси). Ушбу илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида республикада ЯИМнинг ўсиш суръатлари ва иқтисодиётнинг диверсификациялашганлик даражаси мезонлари ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг келгуси даврларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган;

ЯИМни харажатлар бўйича ҳисоблаш усулини аҳолининг якуний истеъмол харажатлари таркибига узоқ муддат истеъмол қилинадиган буюмлар, айниқса, уй-жой ва бошқа кўчмас мулкнинг тўлиқ қийматини эмас, балки маълум қисмини киритиш асосида такомиллаштиришга оид илмий таклиф ва тавсиялар 5А230101–“Иқтисодий назария” мутахассислиги учун “Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияси” фанидан дарсликка киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018  йил 25 августдаги 744-буйруқ, 744-031-сон гувоҳномаси). Илмий натижалардан дарсликда фойдаланиш ЯИМни харажатлар бўйича ҳисоблаш усулини такомиллаштириш мақсадида аҳолининг якуний истеъмол харажатлари таркибига узоқ муддат истеъмол қилинадиган буюмлар қийматининг барчасини эмас, балки маълум бир қисмини, яъни, шу йилда истеъмол қилинадиган қисмини ҳисобга олишнинг объектив зарурлиги, иқтисодий самардорлиги, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми ва ўсиш суръатларига таъсирини очиб беришга хизмат қилган;

ялпи ички маҳсулотни харажатлар бўйича ҳисоблаш усулини соф харид қилинган қимматбаҳо буюмлар, илмий тадқиқот ва мудофаа сарфлари қийматини ялпи жамғарма таркибига киритиш асосида такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида ЯИМнинг харажатлар бўйича таркибини оптималлаштириш ва уларнинг улушини ҳисоблаш жараёнида амалиётга татбиқ қилинган (Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлигининг 2019 йил 9 январдаги НБ-1-8/20-5-сон маълумотномаси). Ушбу илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида республикада ЯИМ таркибида қимматбаҳо буюмларнинг ҳисобга олиниши, илгари оралиқ истеъмол сифатида қаралаётган илмий тадқиқот ва мудофаа харажатларининг ялпи жамғарма таркибига киритилиши эвазига мамлакатда ЯИМ хажми ва ўсиш суръатлари ошишига эришилган;

иқтисодий амалиётга дискрет ёндашувни мавсумийлик, циклик ва ноодатий компонентларга бўлган ҳолда жорий қилиш асосида чораклар бўйича ЯИМни ҳисоблаш усулини такомиллаштиришга оид таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасида ЯИМни чораклар бўйича ҳисоблаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 29 ноябрдаги 01/1-03-17/2-59-сон маълумотномаси).  Ушбу илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида мамлакатда соф чораклик кўрсаткичларни ўтган даврларнинг мос чораги билан  таққослашга,  маълумотларнинг юқори таҳлилий аҳамиятга эга бўлишига, макроиқтисодий кўрсаткичлар сифатининг ошишига, иқтисодий цикл ва қисқа муддатли ўзгаришларни кузатиш имкониятининг пайдо бўлишига, макроиқтисодий прогнозлаштириш ва моделлаштириш ҳамда мавсумийлик динамикасини тадқиқ қилиш имкониятининг вужудга келишига, иқтисодиётда юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришларни олдиндан  аниқлашга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish