Sayt test rejimida ishlamoqda

Худойқулов Аъзамжон Мирзақуловичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Картошканинг тупроқ ости зараркунандалари ва уларнинг миқдорини бошқариш», 06.01.09– Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Qх216.

Илмий раҳбар: Анорбаев Азимжон Раимқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Аманов Шуҳрат Бахтиёрович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Туфлиев Нодир Хушвақтович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Самарқанд ва Тошкент вилоятлари шароитида картошка тупроқ ости зараркунандаларининг тур таркиби, биоэкологик хусусиятлари, тарқалиши, зарарлилик даражаси ва уларга қарши уйғунлашган кураш чораларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Самарқанд ва Тошкент вилоятлари шароитида картошка агробиоценозида 4 туркум, 5 оила 16 турга оид тупроқ ости зараркунандалари аниқланган;

картошка агробиоценозида тупроқ ости зараркунандалар асосий турлари биоэкологик хусусиятлари, популяциясининг шаклланиши, иқтисодий зарарли миқдор мезони ишлаб чиқилган;

картошка агробиоценозида табиий энтомофагларининг тур таркиби ва самарали турларининг зараркунандага нисбатан биологик самарадорлиги аниқланган;

картошканинг тупроқ ости зараркунандалари миқдорини бошқаришда агротехник ва янги турдаги кимёвий ҳамда уруғдорилагич воситаларни қўллашнинг муддат ва меъёрлари ишлаб чиқилган;

картошка экини тупроқ ости зараркунандаларига қарши биологик, кимёвий воситаларнинг хўжалик-иқтисодий самарадорлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Картошканинг тупроқ ости зараркунандалари ва уларнинг миқдорини бошқариш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:

картошканинг уруғларини экишдан олдин Селест топ 31,2% сус.к, Круизер Экстра 36,2% сус. препаратлари билан ишлов бериб экиш технологияси Самарқанд вилояти фермер хўжаликларида 79,3 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 02/029-2-сон маълумотномаси). Натижада картошканинг зараркунандалар билан зарарланиши 91,4–90,5% га камайган ва гектаридан қўшимча 6–7 тонна картошка ҳосилини сақлаб қолишга эришилган;

картошкани ўсув даврида тупроқ ости зараркунандаларидан кузги ва ундов тунламлари миқдорини бошқаришда биологик кураш усули сифатида трихограмма (Trichogramma chilonis Ishii) паразитини 1:10 нисбатда, етук ёшдаги қуртларига қарши бракон (Bracon hebetor Say) энтомофагини қўллаш технологияси “Мақсуджон Порлоқ Замини” фермер хўжалигида 55,5 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 02/029-2-сон маълумотномаси). Натижада тунламлар миқдори 67,4% га камайган ва гектаридан қўшимча 3–4 тонна экологик соф картошка ҳосили олиш имкони яратилган;

картошканинг тупроқ ости зараркунандалари иқтисодий зарарли миқдор мезонидан ортганда самарали кимёвий воситалардан Энджео 24,7% сус.к. (0,2 л/га) ва Децис 2,5% эм.к. (0,25 л/га) препаратлари Самарқанд вилояти Ургут тумани фермер хўжаликларида 69,4 гектар ғалладан кейинги экилган картошка майдонига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 02/029-2-сон маълумотномаси). Натижада тупроқ ости зараркунандаларига нисбатан 85,7% биологик самарадорликка эришилган;

такрорий муддатда экилган картошканинг тупроқ ости зараркунандалари миқдорини уйғунлашган кураш асосида бошқариш технологияси Самарқанд вилояти Ургут, Тойлоқ, Жомбой ва Булунғур туманлари ҳамда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани фермер хўжаликларининг жами 131 гектар такрорий муддатда экилган картошка майдонларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 7 январдаги 02/029-2-сон маълумотномаси). Натижада картошка ҳосилдорлиги 25–30 фоизга ортган ва гектаридан 9,8–14,4 млн. сўмгача қўшимча даромад олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish