Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримова Нигора Ғаниевнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон бадиий кинематографининг шаклланиши ва тараққиёти», 17.00.03–Кино санъати. Телевидение (санъатшунослик фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/San2.

Илмий маслаҳатчи: Тешабоев Жўра Тешабоевич, санъатшунослик фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Санъатшунослик институти, DSс.27.06.2017.San.51.01.

Расмий оппонентлар: Тўлахўжаева Муҳаббат Турабовна, санъатшунослик фанлари доктори, профессор; Ҳамидова Марфуа Азизовна, санъатшунослик фанлари доктори, профессор; Зуннунова Гулчеҳра Шавкатовна, тарих фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Миллий рассомлик ва дизайн институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади:жамиятни модернизациялаш жараёнида бадиий кино санъатини қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш юзасидан миллий кино меъросни тиклаш ва кенг тарғиб этиш, бадиий фильмларда мустақиллик ғояларининг муқобилини акс эттириш сингари таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда ёшларни тарбиялашда кинематограф ижтимоий функцияларининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.

III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Марказий Осиёда илк кино намойишлари ва суратга олиш ишлари,  илк кинофабрика ва миллий кино мактаби Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилиб, минтақада бадиий кино санъатининг шаклланишига туртки бергани далилланган;

кино санъатининг совет даври сиёсий-мафкуравий чегара ва тазйиқларига қарамай, миллий ўзликни излаш, илғор жаҳон киноси тажрибаларини татбиқ этиш  имконини сақлаб қолгани  далилланган;

кинодраматургия, тасвирий ечим, профессионал кинорежиссуранинг  миллий кино ишлаб чиқаришга оид “муаллифлик фильми”, “мейнстрим”, “арт-мейнстрим”, “артхаус”, “оммавий кино” сингари типологик моделлари аниқланган;

турли даврларда ўзбек бадиий кинематографида қаҳрамон образи “омма қаҳрамони”,“курашувчан қаҳрамон”,“давр қаҳрамони”,“оддий инсон” сингари типологик моделларида намоён бўлгани  аниқланган;

маълум тарихий босқичларда  мелодрама, комедия, мусиқали комедия,  фольклор-этнографик жанрларга эҳтиёжнинг ортиб бориши ҳамда  тарихий-биографик, киносаргузашт, киноривоят, ишлаб чиқариш жанрлари инқирози сабаблари далилланган;

сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий тараққиётида  давр талабига жавоб бера оладиган ғоявий-бадиий етук киноасарлар яратиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, киноиндустрияни изчил ривожлантириш ва унинг мукаммал моддий-техник базасини яратишга оид стратегик ислоҳотларнинг жамиятни демократик модернизациялаш  ва маданий юксалтиришдаги аҳамияти очиб берилган.

IV.Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши.

Ўзбекистон бадиий кинематографининг шаклланиши ва тараққиёти мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида:

миллий кинематографнинг тадрижий ривожига оид илмий хулосалардан Ф1-ФА-0-10304 (ФА-Ф1-Г032) рақамли “Марказий Осиё санъатида тарихий давомийлик: бадиий мактаблар, услублар ва технологиялар (қадимги даврлардан бугунги кунгача)” фундаментал лойиҳасининг “Томоша санъатлари” қисмини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Фанлар академиясининг 2019 йил 11 мартдаги 311255-1239-сон маълумотномаси). Натижада  XIX–XX аср бошларига оид Ўзбекистон бадиий кинематографининг ўзига хос хусусиятлари ва жиҳатларини кенг кўламда ёритиш ва маълумотлар базасини шакллантиришга  имкон берган;

миллий кинематографнинг ўзига хос бадиий хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалардан Ўзбекистон Бадиий академияси тизимида кино санъатига оид ўтказилган бадиий кўргазмалар илмий концепциясини тайёрлашда ҳамда VIII Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси медиа-лойиҳаларидан бирини самарали ташкил этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Бадиий академиясининг 2019 йил 14 мартдаги 03-09/56-432-сон маълумотномаси). Илмий натижалар миллий кино санъати анъаналарини ривожлантиришга ва кенг тарғиб этишга хизмат қилган;

Марказий Осиёда илк кино асарлар яратувчи марказ сифатида ташкил топиб, ўзида ҳам анъанавий маданий меърос қатламини, ҳам жаҳон кинематографининг илғор  тенденцияларини мужассам этган миллий киноиндустриянинг мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётидаги ўрни, кино санъатида миллий ва маданий ранг-барангликнинг акс этишига оид хулоса ва тавсиялардан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан олиб борилган “Ўзбекистон киноиндустриясининг ҳозирги ҳолатига оид таҳлил (2007–2017)” мавзусидаги аналитик тадқиқотида фойдаланилган (ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг 2019 йил 4 февралдаги СМ-FU-TAS-2019-001410-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Ўзбекистон кино санъатига оид халқари тадқиқотларнинг  самарадорлигини оширган, хорижий экспертларга мамлакатимизда соҳага оид олиб борилаётган жадал ислоҳатлар мазмун-моҳиятини тушунтиришда ва кино санъатини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин тутган;

ўзбек “овозсиз киноси”нинг шаклланишига улкан ҳисса қўшган  миллий киноижодкорларнинг илк авлоди тавсифи, миллий кино мактабининг хусусиятлари таҳлилига оид илмий хулосалардан Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида “Кинолекторий” маърифий медиа-лойиҳасининг илмий концепциясини тузишда фойдаланилган (Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг 2019 йил 13 мартдаги SCE-36/19-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш ёш томошабинларнинг маънавий олами ва эстетик диди шаклланишига хизмат қилиб, қатор халқаро фестиваллар доирасида Ўзбекистон миллий кинематографини тарғиб этишга имкон берган;

ўзбек муаллифлик фильмларида акс этиши,  “оммавий” ва “элитар” кино асарларнинг ижтимоий-эстетик функциялари, экран асарларида эстетик ҳамда бадиий идеални шакллантиришга оид таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Кинотеатр” телеканалининг  “Кинотахлил” ва “Kinohouse”  кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда ҳамда миллий кино санъатимизнинг тарихи ва ҳозирги ҳолатига оид муаммоларни  ёритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 1 февралдаги 08-14-43-сон маълумотномаси). Натижада миллий кино санъатимизнинг тарихи ва ҳозирги ҳолатига оид фикрларни томошабинларга тўла қонли тарзда етказиб бериш имконияти берлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish