Sayt test rejimida ishlamoqda

Мўйдинов Қодиржон Абдурасуловичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек тили суд нутқи лексикаси», 10.00.01–Ўзбек тили. (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам B2018.3.PhD/Fil493.

Илмий раҳбар: Расулов Равшанхўжа, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент  давлат педагогика  университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017.Fil.19.01.

Расмий оппонентлар: Юлдашев Иброҳим Жўраевич, филология фанлари доктори, профессор; Кўчимов Шуҳрат Норқизилович, филология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тили суд нутқи лексикасини яхлит система сифатида ўрганиш, суд жараёнида қўлланаётган лексик бирликларни тартибга солиш борасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.  

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

суд нутқидаги терминларнинг шахсларни (судья, адвокат), жиноят ва жазони (фирибгарлик, ўғирлик), суд ҳужжатларини (санкция, ордер), суд ҳукми (суд қарори, суд ажрими) ва жазо жойларини (қамоқхона, камера) ифодаловчи гуруҳлари аниқланган;

суд нутқидаги терминларнинг содда (судья, гувоҳ, жиноят), қўшма (тартиббузар, ҳуқуқбузар, фотоҳужжат) ва мураккаб (муаллифлик ҳуқуқи, мажбурий ижро, озодликдан маҳрум қилиш) турларининг моҳияти очиб берилган;

суд нутқидаги лексик бирликларнинг ўзаро маънодошлик (аввал, илгари, муқаддам), зидлик (оқлаш – қоралаш, айбдор – айбсиз), жинс ва тур (баённома – сўроқ қилиш баённомаси, суд мажлиси баённомаси, тинтув баённомаси), бутун ва бўлак (кодекс – боб, банд, модда),даражаланиш (гумон қилинувчи, судланувчи, айбдор) каби жиҳатлари ёритилган;

суд нутқида сўз танлаш, суд баённомаси, суд ажрими, суд ҳукми, адвокат нутқи каби ҳужжатларни тузишда, асосан, содда гаплардан фойдаланиш, фикрни қисқа ва аниқ ифодалаш, такрорларга йўл қўймаслик асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбек тили суд нутқи лексикаси бўйича олинган натижалар асосида:

суд нутқи лексикаси бирликлари ўртасидаги синонимик, антонимик, гипонимик, партонимик, функционимик, градуонимик каби муносабатларга оид материаллардан 2015–2017 йилларга мўлжалланган А-1-61 рақамли «Кўриш имконияти чекланган талабалар учун тилшунослик фанлари бўйича аудиокитоб таъминотини яратиш» амалий илмий-техник лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 10 декабрдаги 89-03-4273-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа янги илмий-амалий материаллар билан бойиган, аудиокитобда терминларнинг изоҳи мукаммаллашган;

суд жараёни иштирокчиларининг матн тузиш, сўз танлаш билан боғлиқ муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тавсиялардан 2013–2014 йиллари Фарғона вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялари трансфери маркази томонидан ташкилланган «Ижтимоий экология муаммолари» номли инновация лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 10 декабрдаги 89-03-4273-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг юридик терминлар билан боғлиқ қисмининг илмий қиймати ошган, фанлараро интеграцияси таъминланган;

суд нутқи лексикасининг семантик майдони, маъно гуруҳлари, унинг хусусиятлари, суд иштирокчиларининг нутқлари ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Бедорлик», «Таълим ва тараққиёт» эшиттиришларини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканалининг 2018 йил 6 декабрдаги 120-сон маълумотномаси). Натижада ушбу эшиттиришлар учун тайёрланган материалларнинг илмий аҳамияти ортиб, мукаммаллашган, қизиқарлилиги, ҳаётийлиги ва илмий далилларга бойлиги таъминланган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish