Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмеджонов Дилмурод Ғуломовичнинг

фан доктори  (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза суғорилишида полимер-полимер комплекслардан фойдаланиб, сув иқтисодиётига эришиш технологияларининг илмий асослари», 06.01.02–Мелиорация ва суғорма дехқончилик (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/T101.

Илмий раҳбар: Мухамедов Ғофиржон Исроилович, кимё фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, DSс.27.06.2017.Т.10.02.

Расмий оппонентлар: Рахимов Шавкат Хударгенович, техника фанлари доктори, профессор; Исаев Собиржон Хусанбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Инагамов Собитжон Якубжанович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий- тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўзани эгат орқали суғориш техникаси элементлари такомиллаштирилиши натижасида сув тежалиши, минерал ўғитлар самарасиз сарфини камайтириш, ҳосилдорлик ва ер ресурсларининг оширилишини таъминлайдиган полимер-полимер комплекс асосидаги экран қўллаб суғоришнинг сувтежамкорлик технологияси илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

эгатлаб суғориш учун фильтрацияга қарши тупроқ усти ва тупроқ ости экранлари ҳосил қилиш усули карбоксиметицеллюлоза ҳамда мочевиноформальдегид смоласи, ортофосфор кислотаси иштирокида полимерларни синтез қилиш асосида такомиллаштирилган;

ғўзани эгатлаб суғориш усули полимер-полимер комплекс асосидаги фильтрацияга қарши тупроқ усти ва тупроқ ости экрани орқали, оғир қумоқ тупроқ шароити, сизот сувларининг ўрта яқинликдаги жойлашувида сувтежамкор технологияларни қўллаган ҳолда такомиллаштирилган;

полимер-полимер комплекс қўлланилиб, фильтрацияга қарши тупроқ усти ва тупроқ ости экранлари орқали ғўзани эгатлаб суғориш техникаси элементларини ҳисоблаш усуллари Сен-Венан тенгламаларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган;

минерал ўғитларни тупроққа узатиш технологияси полимер-полимер комплекс қўлланилган ҳолда тупроқ усти фильтрацияга қарши экрани асосида такомиллаштирилган;

ғўзани эгатлаб суғоришнинг сувтежамкор технологияси элементлари таркибига минерал ўғит қўшилган полимер-полимер комплекс асосидаги тупроқ усти фильтрацияга қарши экрани орқали енгил қумоқ тупроқ шароити, сизот сувларининг чуқур жойлашувида такомиллаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Полимер-полимер комплекслардан фойдаланиб ғўза суғорилишида сувтежамкор технологияларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

полимер-полимер комплекс асосидаги фильтрацияга қарши тупроқ усти экрани ёрдамида эгатлаб суғориш усули Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Тошработ-Жилвон ирригация тизими бошқармасига қарашли “Содиқ-Зафар Саховати” фермер хўжалигида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 сентябрдаги 02/021–240-сон маълумотномаси). Натижада ҳар гектаридан 1024 м3 сув тежалишига, шунингдек, текис намланиш коэффициентининг 0,64 дан 0,88 гача, ҳосилдорликнинг 7,2 центнерга ўсиш имконияти яратилган;

полимер-полимер комплекс асосидаги фильтрацияга қарши тупроқ ости экрани ёрдамида эгатлаб суғориш усули Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Тошработ-Жилвон ирригация ҳавза бошқармасига қарашли “Содиқ-Зафар Саховати” фермер хўжалигида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 сентябрдаги 02/021-240-сон маълумотномаси). Натижада ҳар гектаридан 1400 м3 сув тежалишига, шунингдек, текис намланиш коэффициентининг 0,64 дан 0,82 гача, ҳосилдорликнинг 7,8 центнерга ўсиш имконияти яратилган;

полимер-полимер комплекс+минерал ўғит фильтрацияга қарши тупроқ усти экрани орқали эгатлаб суғориш усули Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги “Омад Келажак Барака” фермер хўжалигида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 сентябрдаги 02/021-240-сон маълумотномаси). Натижада гектаридан 937 м3 суғорма сув тежамкорлиги ҳамда ҳосилдорликнинг 6,5 центнерга ўсиши имкони яратилган;

тупроққа минерал ўғитларни фильтрацияга қарши полимер-полимер комплекс+минерал ўғит тупроқ усти экрани орқали узатиш усули Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги “Омад Келажак Барака” фермер хўжалигида (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 сентябрдаги 02/021-240-сон маълумотномаси). Натижада тупроқнинг фаол қатламида азот ва фосфорнинг берилган умумий миқдор ҳисобидан назорат далаларига нисбатан мос равишда 27,9% ва 27,1% кўпроқ миқдорда сақлаб қолиш имконияти яратилган;

полимер-полимер комплекс асосидаги фильтрацияга қарши тупроқ усти ва ости экранлари ёрдамида калта эгатларда эгатлаб суғориш усули Ўзбекистон Миллий университетига қарашли “Ботаника боғи”да жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 14 сентябрдаги 02/021-240-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши гектаридан 1008 м3 суғорма сувтежамкорлиги ҳамда ҳосилдорликнинг 6,8 центнерга ўсиши имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish