Sayt test rejimida ishlamoqda

Умаров Абдулло Анваровичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Илмий муассасаларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш», 08.00.02– Макроиқтисодиёт (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Igt137.

Илмий раҳбар: Кремков Михаил Витальевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, DSc.27.06.2017. I.16.03.

Расмий оппонентлар:Абдурахмонов Қаландар Ходжаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, академик; Хашимова Наима Абитовна, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: иқтисодиётнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтиши шароитида илмий-тадқиқот муассасалар  инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

фан соҳасида инновацион фаолиятни ташкил қилиш ва бошқаришнинг методологик асослари ривожлантирилган ҳамда илмий муассасаларнинг инновацион фаолиятига таъсир этувчи ташқи ва ички омиллар, жумладан, рискли омиллар аниқланган;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари самарадорлиги ва рейтингини аниқлашда саккиз босқичдаги экспертизани ўз ичига оладиган ҳамда илмий тадқиқот муассасалари фаолиятининг мутлақ кўрсаткичлари ва уларга мос келадиган учта нисбий кўрсаткичларнинг шартли балларда ифодаланган йиғиндисига асосланган миқдорий усули ишлаб чиқилган;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ИТМ инновацион фаолиятининг беш йиллик даврдаги натижадорлигини аниқлаш асосида илмий муассасаларни етакчилар, барқарор ишловчилар ва аутсайдерлар тоифаларига  таснифлаш тартиби амалга оширилган;

илмий муассасаларнинг олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш билан алоқаларини ривожлантириш, илмий ишланмаларини тижоратлаштириш ва трансфер механизмлари ва структурасини такомиллаштириш йўли билан инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг макроиқтисодий жараёнлардаги иштирокини фаоллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Илмий муассасаларнинг инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

жаҳон тажрибасини таҳлил қилиш асосида фан соҳасида такомиллаштирилган инновацион фаолият юритишнинг методологик асослари Фанлар академияси бошқарув Аппаратининг 2018 йилда «Инновацион кластер доирасида технологиялар трансферини ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини ишлаб чиқиш» номли амалий тадқиқотлар илмий-техник лойиҳасининг биринчи босқичини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 7 февралдаги 01-01/705-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши илмий-техник лойиҳанинг кўлами ва сифатини оширишга хизмат қилган;

«Ўзбекистон Республикасида ИТМ фаолияти самарадорлигини баҳолашни ўтказиш ҳақида» низомга кўринишидаги ишланма Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 7 февралдаги 01-01/705-сон маълумотномаси). Мазкур илмий ишланманинг қўлланилиши ИТМ фаолияти самарадорлигини эксперт миқдорий баҳолаш, уларни рейтингини аниқлаш ва келгусида уларнинг барқарор илмий фаолият юритиш имкониятини яратган; 

ИТМ  илмий-инновацион фаолият самарадорлигини аниқлашнинг ишлаб чиқилган миқдорий усули Фанлар академиясида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 7 февралдаги 01-01/705-сон маълумотномаси). Унинг асосида 2006–2015 йиллар учун ИТМ  фаолияти самарадорлигини баҳолаш ўтказилган ва ИТМнинг рейтинги уч тоифага мувофиқ таснифланган: етакчилар, барқарор ишлайдиганлар ва аутсайдерлар, бу эса 2012–2016 йилларда рўй берган Фанлар академияси таркибий тузилмасини қайта ташкил қилишга мос келган;

«Ўзбекистонда илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишнинг методологик асослари» йўриқномаси кўринишида ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 7 февралдаги 01-01/705-сон маълумотномаси). Ушбу амалий тавсиялар ИТМнинг илмий-инновацион фаолиятини янада ривожлантириш имкониятини яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish