Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмадалиев Бозорбой Жоборалиевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «CdS типидаги кристаллар экситон-поляритон люминесценцияси спектрида фазовий дисперсия ва экситон сўниши», 01.04.10–Яримўтказгичлар физикаси (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/FM324.

Илмий раҳбар: Юлдашев Носиржон Хайдарович, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона политехника институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти, PhD.30.08.2018.FM/T.01.12.

Расмий оппонентлар: Мамадалимов Абдуғафир Тишабаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Ғуломов Абдурасул Ғофурович, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: кадмий сулфиди типидаги бир ўқли яримўтказгич монокристалларда фазовий дисперсия ва экситон сўнишининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, экситон-поляритон люминесценцияси спектрлари шаклланишининг янги механизмларини яратишдан иборат.  

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

вакуумга бурчак остида нурланадиган бўйлама экситонлар улушини ҳисобга олган ҳолда ярим ўтказгич кристаллнинг оптик параметрларини аниқлаш имконини берувчи, экситон-поляритон люминесценцияси спектрини квант-механик назарий ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;

реал экситон сўниши нормал тўлқинлар дисперсия спектрини қайта шаклланишига, натижада кристалл чегараси орқали энергия узатишда кўндаланг ва бўйлама сирт-радиацион моддаларнинг иштирок этишига, фазовий дисперсиянинг мавжудлиги эса уларнинг интерференциясига олиб келиши кўрсатилган;

кўндаланг поляритонлардан фарқли ўлароқ, аралаш экситон-поляритон моддаларнинг фотолюминесценция спектрларида кучли анизотропия, аномал дисперсия ва улкан интерференцион нурланиш мавжудлиги аниқланган; 

илк бор кадмий сулфиди типидаги бир ўқли яримўтказгич кристалларнинг анизотроп нурланиш геометриясида экситон сўниши ва фазовий дисперсия роли билан боғлиқ бўлган экситон-фотон ўзаро таъсирининг оралиқ қийматлари учун экситон-поляритон люминесценция спектрининг шаклланиш механизмлари ишлаб чиқилган;

чиқиш бурчагининг критик қиймати ортиши билан экситон-фотон ўзаро таъсир параметри ҳам монотон тарзда ўсиб бориши натижасида аномал дисперсия фонидаги интерференцион экситон-поляритон люминесценция спектрининг шаклланишида оралиқ аралаш поляритонлар устунлиги кўрсатилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Бир ўқли кадмий сулфиди кристалларида экситон-поляритон люминесценцияси спектрларининг шаклланиш механизмларини ўрганиш асосида:

вакуумга бурчак остида нурланадиган бўйлама экситонлар улушини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган экситон-поляритон люминесценцияси спектрини квант-механик назарий ҳисоблаш усули   «FOTON» акциядорлик жамиятида яримўтказгич кристалларнинг оптик параметрларини аниқлашда фойдаланилган («Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниясининг 2019 йил 20 февралдаги 02-435-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланиши яримўтказгич материалларнинг тозалигини назорат қилиш услубини такомиллиштириш имконини берган;

кадмий сулфиди типидаги кристалларнинг спектрларини механик экситонларнинг чекли сўниши ҳисобга олиниб, назарий ҳисоблаш натижалари ОТ-Ф2 рақамли «Яримўтказгичларда ва уларнинг квант-ўлчамли чуқурларида қутбланиш оптик эффектлари» лойиҳасида яримўтказгич қатлам тизилмаларда электронлар ва экситонлар қатнашган кинетик жараёнларнинг хос параметрларини аниқлаш учун фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  2019 йил 16 январдаги 89-03-233-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгич қатламли тизилмаларда стационар фотоқўзғатиш шароитида электронлар кинетик ҳодисаларининг физикавий табиатини таҳлил қилиш имконини берган;

кадмий сулфиди типидаги кристалларда экситон-поляритон нурланиш спектрларини реал оптик параметрларга боғлаб ҳисоблаш усули Ф2-ОТ-О-15494 рақамли «Квант нуқтали гетеро- ва нанотизилмаларда экситонлар, биполяронлар ва кинетик ҳодисаларнинг тадқиқоти асосида нурлантиргичлар, фотоэлементлар ва бошқа оптоэлектрон асбобларнинг самарадорлигини яхшилаш»  лойиҳасида яримўтказгичларда экситонлар ва поляритонлар иштирокидаги нурланиш спектрларининг нозик тузилишини аниқлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  2019 йил 16 январдаги 89-03-233-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгичларда оптик ҳодисаларнинг физикавий табиатини экситон-фотон ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда назарий таҳлил қилиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish