Sayt test rejimida ishlamoqda

Алимова Дурдона Дильмуратовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда сурункали риносинуситларни ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш», 14.00.04–Оториноларингология (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib325.

Илмий раҳбар: Амонов Шавкат Эргашевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти, DSc.28.12.2017.Tib.59.01.

Расмий оппонентлар: Тулебаев Рейс Кажкенович, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Қозоғистон Республикаси ФА академиги; Шамсиев Джахангир Фазлитдинович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: ДФБМ Санкт-Петербург қулоқ, томоқ, бурун ва нутқ илмий-текшириш институти (Россия).

Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштириш асосида болалардаги сурункали риносинуситларни комплекс даволаш самарадорлигини оширишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

болалардаги сурункали риносинуситда бурун ва бурун-ҳалқум патологиясини полипозли ва полипозсиз турларида эрта жарроҳлик йўли билан бартараф қилиш зарурати асосланган;

сурункали риносинуситда T-ҳужайравий тизим фаолиятининг сусайиши ва гуморал иммунитетнинг фаоллашуви, интерлейкинлар миқдорининг ошиши билан кечувчи иммун тизимидаги номутаносиблик бўлиши исботланган;

этиологик омилга қараб риносинуситнинг сурункали шаклида бурун бўшлиғи ва бурун ёндош бўшлиқлари шиллиқ қавати ҳилпилловчи эпителийси эпителиал қаватининг ҳужайравий таркиби нотурғун бўлиши асосланган;

болалардаги СРСни комплекс даволаш усулларини қўллашда самарадорлик мезонлари белгиланиб, босқичли ва оптимал даволаш усулларининг аҳамияти аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Болаларда сурункали риносинуситларни ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Болалардаги сурункали риносинуситларни даволаш самарадорлигини ошириш усули» номли услубий қўлланмаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 29 декабрдаги 8H-р/361-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма сурункали риносинуситларга чалинган болаларда касаллик этиологик ҳолати, кечиши хусусиятларини инобатга олган ҳолда дори воситаларини тўғри танлаш ва даволашни такомиллаштириш имконини берган;

сурункали риносинуситларни комплекс даволашда «Болалардаги сурункали риносинуситларни ўзига хослиги» номли услубий қўлланма тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 10 июлдаги 8н-р/180-сон маълумотномаси). Ушбу услубий қўлланма сурункали риносинуситларни консерватив ва хирурик даволашнинг оптимал усулларини танлашга ва касалликнинг олдини олишга хизмат қилган;

болаларда сурункали риносинуситларни ташхислаш ва даволаш самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва 7-шаҳар клиник шифохонаси амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 10 августдаги 8н-д/170-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифатини оширган, беморни эрта фаоллаштириш ва шифохонада даволаниш муддатини қисқартириш ҳисобига шифохонада кетадиган харажатларни тежашга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish