Sayt test rejimida ishlamoqda

Хакназаров Худойберди Дилмуродовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар:

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ёшларининг кундалик турмуш тарзи”, 07.00.07–Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2017.2.PhD/Tar.152.

Илмий раҳбар: Аширов Адҳамжон Азимбаевич, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.

Расмий оппонентлар: Абдуллаев Улуғбек Сайданович, тарих фанлари доктори, профессор; Маматов Нормурат, фалсафа фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон ёшларининг кундалик ҳаёти, маданияти, маънавий-ахлоқий қадриятларининг замонавий ахборот технологиялар ва глобаллашув жараёнлари таъсирида ўзгариши механизмларини этносоциологик материаллар асосида очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 

глобаллашув жараёнида ёшлар маданияти (жамият ва оила муносабати, ўзликни англаш, миллий қадриятлар, маънавий-ахлоқий меъёрлар)да замонавий ва миллий қадриятларнинг уйғунлашуви этнопедагогик тарбия воситасида  амалга ошиши назарий жиҳатдан асосланган;

трансформацион жараёнлар (инновацион таълим, ахборот алмашиш, урбанизациялашув)да ёшларнинг кундалик фаолияти, анъанавий машғулотлари ва қизиқишлари, оилавий муносабатларнинг субъекти сифатидаги вазифалари ҳамда жамиятга ижтимоий мослашуви тизимли тарзда кўрсатиб берилган;

ёшларнинг стратегик мақсадлари асосида бўш вақтдан фойдаланиш маданияти (қизиқарли машғулотлар, китобхонлик, маданий ҳордиқ, ижтимоий тармоқда фаоллик)даги ўзгаришлар динамикаси Тошкент шаҳри ва Бухоро вилояти кесимида очиб берилган;

замонавий ахборот технологиялари таъсирида ёшларга хос янги маданият (этикет, кийиниш, ахборот олиш)нинг шаклланиши, виртуал макондаги ёшлар субмаданияти асосида миллий, умуминсоний, диний ва экологик қадриятлар тизими ҳамда ҳаётий идеаллари трансформацияси этносоциологик материаллар асосида кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистон ёшларининг кундалик маданиятига оид илмий хулосалар, таклиф ва тавсиялар асосида:

замонавий ахборот технологиялари таъсирида ёшларга хос янги маданиятларнинг шаклланиши, виртуал макондаги ёшлар субмаданияти асосида миллий, умуминсоний, диний ва экологик қадриятлар тизими ҳамда ҳаётий идеаллари трансформациясининг этносоциологик таҳлилига доир материаллардан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 2019 йилги Йўл харитасида кўзда тутилган “Ёшларнинг ҳудудий муаммолари ва ечимлари” бандини ижро этишда фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг 2019 йил 12 мартдаги  04-13/1174-сон маълумотномаси). Мазкур натижалар ёшлар кундалик ҳаётини чуқур илмий асосда ўрганиш орқали айрим ёшлар ҳаётига таъсир этувчи салбий мафкуравий ва информацион хуружларга қарши ахборот иммунитетини шакллантиришга хизмат қилган;

ёшларнинг кундалик фаолияти, анъанавий машғулотлари ва қизиқишлари, оилавий муносабатларнинг субъекти сифатидаги вазифалари ҳамда трансформацион жараёнларда жамиятга ижтимоий мослашувига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бажарилган А-1-055 рақамли “Ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини этносоциологик тадқиқот асосида ўрганиш ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш” мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 2019 йил 13 февралдаги 05-327-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижаларнинг жорий этилиши Ўзбекистон ёшларининг жамиятга ижтимоий мослашуви, уларнинг таълим-тарбиясидаги ўзгаришларни ёритишда асос бўлган;

глобаллашув жараёнида ёшларнинг миллий урф-одат ва анъаналарга ижобий муносабати, турмуш маданиятидаги замонавий ўзгаришлар ва миллий қадриятларнинг уйғунлашувига оид материаллардан Республика Маънавият ва маърифат марказининг И-2016-1-33 рақамли “Миллий тарбия ва ёшлар дунёқарашини шакллантириш” мавзусидаги тадқиқотни амалга оширишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2019 йил 15 февралдаги  02/09-171-19-сон маълумотномаси). Тадқиқот илмий натижалари Республика ёшлари орасида бандлик муаммолари, уларнинг ҳудудлар кесимидаги ҳолати, ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаш, турмуш маданиятини юксалтириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларини белгилаб олишга ёрдам берган;

ёшларнинг бўш вақтдан фойдаланиш маданиятининг ҳудудий, ёш ва гендер хусусиятлари, кундалик ҳаётда вақт меъёрлари ва ундан фойдаланиш самарадорлигига доир этносоциологик материаллар ва уларнинг таҳлилий натижаларидан “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг “Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, маънавият, маданият” номли амалий тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган (“Ижтимоий фикр” жамоатчилик марказининг 2018 йил 2 майдаги 01-16/160-сон  маълумотномаси). Татбиқ этилган натижалар Ўзбекистон ёшларининг миллий ўзликни англаши, уларнинг бўш вақтдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришдаги ўзгаришлар механизмини ишлаб чиқишда илмий асос бўлиб хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish