Sayt test rejimida ishlamoqda

Пўлатов Дилмурод Тўхтабоевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Дуоденал яралар ургент асоратларининг клиник-морфологик хусусиятлари ва хирургик даво тактикаси», 14.00.40–Шошилинч тиббиёт (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Tib252.

Илмий раҳбар: Хаджибаев Абдухаким Муминович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, DSc.28.02.2018.Tib.63.01.

Расмий оппонентлар: Черноусов Александр Федорович, тиббиёт фанлари доктори, профессор, РФ ФА академиги (Россия Федерацияси); Арипова Назира Уктамовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: И.И.Джанелидзе номли Санкт-Петербург Тез ёрдам илмий-текшириш институти давлат бюджет муассасаси (Россия Федерацияси).

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: яра субстрати ва периульцероз соҳанинг клиник-функционал ва патоморфологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўн икки бармоқли ичак яраси касаллигининг ургент асоратларини хирургик даволаш тактикасини танлашни мукаммалтиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

қон ва лимфа томирлар миқдорининг нисбатан кўплиги ҳамда микроколлекторлар мавжудлиги дуоденал яралардан қон кетишнинг морфологик асоси эканлиги исботланган;

дуоденал яраларнинг перфорацияси ривожланишида микроколлекторлар мавжудлиги, бириктирувчи тўқима ҳужайралари ҳажм улушининг кескин пасайиши, лимфа томирларнинг ва ҳужайралараро модда ҳажм улушининг кўпайиши, шунингдек эритроцитларнинг патологик шакллари улушининг ошиши натижасида тўқималарнинг ишемик шикастланиши морфологик асос бўлиб хизмат қилиши асосланган;

қонаган ва тешилган ярали беморларда асоратсиз ярали беморларга нисбатан париетал ва асосий ҳужайралар (агрессия омиллари) ҳажмининг ишончли даражада ошиши фонида фундал безларнинг қоплама-чуқурчали ва қўшимча ҳужайралар (ҳимоя омиллари) нисбий ҳажмининг сезиларли даражада пасайиши аниқланган;

перфоратив яраларда қорин бўшлиғи рентгенограммасида эркин газ аниқланмаган ҳолатларда ёки ушбу асосий диагностик усулни бажаришга шароит бўлмаган тақдирда, диагностиканинг бемор ва шифокор учун хавфсиз, қўллаш учун қулай ва юқори информатив янги усули – фурацилин синамаси таклиф этилган ва юқори самарадорлиги исботланган;

периульцероз соҳада микроколлекторлар мавжудлиги ва унинг натижасида тўқималардаги яллиғланиш-некротик жараёнларнинг давомий сақланиб қолиши концепцияси яра касаллигининг ургент асоратларида яна бир бор тасдиқланган ва унинг асосида янги хирургик тактика, яъни дуоденал яра асоратларини даволашда радикал ва ярим радикал амалиётларни кенгроқ қўллаш зарурлиги патогенетик асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Дуоденал яралар ургент асоратларининг клиник-морфологик хусусиятлари ва хирургик даво тактикаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Ошқозон резекциясида анастомоз қўйиш усули»га Интелектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP №05764, 2019 й.). Натижада ушбу усулда меъда резекцияси бажарилган 5 нафар беморнинг биронтасида операциядан кейинги асоратлар аниқланмаган;

«Перфоратив гастродуоденал яраларни диагностика қилишнинг янги усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 18 апрелдаги 8н-з/52-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар натижасида клиник амалиётга «фурацилин синамаси» деб номланувчи янги усул кенг татбиқ қилинди. Ушбу усул сезувчанлиги 92%, ўзига хослиги 60% ва умумий аниқлиги 76,5%, унинг анъанавий рентгенографияда «эркин газ»ни аниқлашдаги имкониятларидан (мос равишда 73,4%, 48,1% ва 64,5%) юқори эканлиги кўрсатилган;

дуоденал яралар асоратларининг хирургик даво тактикаси бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, жумладан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент ва Жиззах вилоят бўлимлари амалий фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 18 апрелдаги 8н-з/52-сон маълумотномаси). Янги даволаш-диагностика алгоритмини ҳамда ошқозон резекциясида анастомоз қўйишнинг янги усулини татбиқ қилиш натижасида операциядан кейинги специфик асоратлар кўрсаткичини 3% гача, постоперацион ўлим кўрсаткичини 3,7% гача тушириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish