Sayt test rejimida ishlamoqda

Хужаев Муминжон Исохоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аҳмад Заки Валидийнинг диний-фалсафий таълимоти», 09.00.03–Фалсафа тарихи (фалсафа фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/F105.

Илмий раҳбар: Саифназаров Исмоил, фалсафа фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.Ғ.01.05.

Расмий оппонентлар: Маҳмудова Гули Тилабовна, фалсафа фанлари доктори, профессор; Қодиров Муҳаммаджон, фалсафа фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Халқаро ислом академияси.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Аҳмад Заки Валидийнинг диний-фалсафий таълимотининг моҳияти ва жамият тараққиётида тутган ўрнини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Аҳмад Заки Валидий диний-фалсафий таълимотида маданиятлараро мулоқот интеграцияси миллий ва диний мансубликка қараб эмас, барча халқларга нисбатан толерантликка асосланганлиги очиб берилган;

Аҳмад Заки Валидий томонидан илмий истеъмолга киритилган Марказий Осиё халқлари фалсафаси тарихига оид нодир асарларининг илк бора 4 та давр (IX–XII асрлар қомусий олимларнинг илмий ишларига оид шарҳлар, XII–XV асрлардаги асарлар ва хонликлар тарихига оид, XVI–XVIII асрлар Темурий тарихи,  қўлёзмалар ва туркий достонлар таснифи, XVIII–XIX асрларда Туркистондаги ижтимоий-маданий ҳаёт)дан иборат хронологик таснифи  ишлаб чиқилган;

Аҳмад Заки Валидийнинг Абу Райҳон Беруний ва Ибн Холдун илмий-фалсафий меросини ўрганишда илк бор фалсафий компровистика (фалсафий қиёсий таҳлил)ни қўллаганлиги асосида тарих фалсафасининг ахлоқий жиҳатлари очиб берилган;

жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи деструктив (бузғунчи) омилларни бартараф қилишда Аҳмад Заки Валидийнинг сцентистик (илм-фаннинг жамият тараққиётидаги детерминантлигига оид) ёндашуви, миллий ва диний бағрикенгликни шакллантиришда фойдаланиш зарурлиги илмий асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Аҳмад Заки Валидийнинг диний-фалсафий таълимотини ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:

Аҳмад Заки Валидий диний-фалсафий таълимотида маданиятлараро мулоқот миллий ва диний мансубликка қараб эмас, барча халқларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда толерантликка асослангани очиб берилган ва олим томонидан топилган Марказий Осиё халқлари фалсафаси тарихига оид нодир асарларининг 4 та даврдан иборат хронологик таснифи ишлаб чиқилиши ва илмий-методологик жиҳатларига оид хулосалардан Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ёшларида Абу Райҳон Беруний маънавий меросига оид инсоният тарихи, унинг вужудга келиши, тараққиёти ҳамда таназзуллари атрофидаги мавжуд фикрлар, оламнинг яралиши, инсониятнинг вужудга келиши, халқларнинг тараққиёт босқичлари, тарихий воқеалар, табиий ҳодисалар ва уларнинг моҳиятини илмий асосда ўрганишда фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2017 йил 22 ноябрдаги 11/21-сон маълумотномаси). Натижада ёшлар ўртасида толерантликни шакллантиришнинг илмий-назарий асослари мустаҳкамланган ва аждодларимизнинг диний-фалсафий меросини ўрганишнинг самарадорлиги оширилган;

Аҳмад Заки Валидийнинг Абу Райҳон Беруний ва Ибн Холдун илмий-фалсафий меросини ўрганишда илк бор фалсафий компровистика (фалсафий қиёсий таҳлил)ни қўллаганлиги оид хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта масус таълим вазирлиги томонидан ОТ-Ф1-100 рақамли «Имконияти чекланган болалар ижтимоий фаолиятининг бадиий ижодиёт воситалари асосида назарий ва амалий такомиллашуви» мавзусидаги фундаментал лойиҳа доирасида чоп этилган «Шахс ва қадриятлар диалектикаси» номли монографияни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 26 февралдаги 89-03-875-сон маълумотномаси) ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2017 йил август-декабрь ойларида амалга оширадиган ишлари режасининг «Илмий-назарий, методик ёрдам кўрсатиш ва илмий тадқиқотлар» номли 1-йўналиш 16-, 32-банди 2-йўналиши 2-, 5-, 6- ва 7-бандларининг ижросини таъминлашда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2017 йил 19 октябрдаги 02/03-953-сон маълумотномаси). Бу таклиф ва тавсиялар ёшларни баркамол шахс сифатида шаклланиши, диний-фалсафий онгини такомиллаштиришга хизмат қилган;

жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи деструктив (бузғунчи) омилларни бартараф қилишда Аҳмад Заки Валидийнинг сцентистик ёндашуви, миллий ва диний бағрикенгликни шакллантиришда фойдаланиш зарурлигига оид хулосаларидан Республика Маънавият ва тарғибот маркази фаолиятида хусусан, тоталитар тузум даврида маънавий ҳаётни маъмурий-буйруқбозлик усуллари билан бошқариш ва мафкуралаштириш, зўр бериб байналминаллаштириш ва руслаштириш, миллийликни инкор этишнинг оқибатлари, мустақиллик даврида халқимизнинг бой маънавий-маданий, диний-фалсафий мероси, миллий қадриятлар, урф-анъаналар тикланиши, маънавиятимизни ажралмас қисми бўлган ислом дини ва диний қадриятларни тиклашга оид режалари ижросини таъминлашда, тарғибот, ташвиқот ишларида назарий-методологик асос сифатида хулосаларидан ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан кенг жамоатчилик ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида маърузачилар учун тайёрланган «Маънавият тарғиботчиси» маъруза матни ва тавсияларда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат кенгаши Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг 2017 йил 10 июлдаги 253-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар ёшларни туркий халқларнинг тарихий, диний-фалсафий, ижтимоий-сиёсий ва маданий мероси билан яқиндан таништириш, шунингдек, уларда ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish