Sayt test rejimida ishlamoqda

Айматов Аминжон Қудратовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шахснинг табиатга эстетик муносабатини шакллантиришда экологик онгнинг роли», 09.00.02–Онг, маданият ва амалиёт шакиллари фалсафаси (эстетика) (фалсафа фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.DSc/Fal39.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.F.02.02.

Илмий раҳбар: Ғайбуллаев Отабек Мухаммадиевич, фалсафа фанлари доктори.

Расмий оппонентлар: Мамашакиров Саид, фалсафа фанлари доктори, профессор, Ҳусенова Абира Амановна, фалсафа фанлари доктори, профессор, Сафарова Нигора Олимовна, фалсафа фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: шахснинг табиатга эстетик муносабатига экологик онг таъсирини, табиатга экоэстетик муносабат бадиий образларда, шахс турмуш тарзида акс этишини, шахснинг табиатга муносабатини эстетикалаштириш ва экотуризмнинг ривожланиш хусусиятларини илмий асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

шахснинг табиатга эстетик муносабатининг атрибути бўлган экологик онг ва маданиятнинг ҳудудий-географик, этнографик-ментал хусусиятлари бадиий образларда, экомифологик дунёқарашда, турмуш тарзида намоён бўлиши очиб берилган;

шахсда экоэстетик сифатларни шакллантиришда эстетик ва экологик тарбиянинг корпоратив-педагогик, миллий қадриятлар, ижтимоий реклама каби тарғибот турларини такомиллаштириш зарурияти асосланган; 

экоэстетик тафаккур ривожи натижасида шахснинг табиатга нисбатан гедонистик ва эвдомонистик муносабатлари манфаатлар асосида меъёрлашиши аниқланган;

экологик борлиқни эстетикалаштириш, атроф-муҳитни ҳимоялаш, эстетик тарбия, табиат экзотикаси каби экотуризм турларининг уйғунлашиши натижасида эстетика фанида экоэстетика тушунчаси жой олганлиги асосланган;

шахснинг табиатга эстетик муносабатини ривожлантиришда анъанавий ва ноанъанавий ижтимоий институтлар фаолиятини мувофиқлаштириш, рационал ва ҳиссий-эстетик ёндашувларни яқинлаштириш экоэстетик муҳитни шаклланишига олиб келиши исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Шахснинг табиатга эстетик муносабатини шакллантиришда экологик онгнинг ролини тадқиқ этиш асосида:

табиатга эстетик муносабатнинг атрибути бўлган экологик онг ва маданиятнинг ҳудудий-географик, этнографик-ментал хусусиятлари бадиий образларда, экомифологик дунёқарашда, турмуш тарзида намоён бўлиши ҳақидаги хулосалардан А-1-163 рақамли “Демократик жараёнларда ўзбек моделининг концептуал масалалари таҳлили ва изчил ривожланишининг фалсафий-методологик асослари” (2015–2017) ҳамда А-1-149 рақамли “Ўзбекистон фалсафаси тарихи” асарининг 3 томини тайёрлаш мақсадида фойдаланилган  (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 12 декабрдаги 89/03-4304-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистонда табиатга экоэстетик муносабатнинг тарихан шаклланган манбалари, миллий эстетик қадриятларини ривожлантириш борасида назарий манба бўлиб хизмат қилган;

шахсда экоэстетик тафаккурни ривожланиши натижасида унинг табиатга нисбатан гедонистик ва эвдомонистик муносабатларини манфаатлар асосида меъёрлаштирилиши ҳақидаги маълумотлардан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 2-ярим йиллигидаги фаолияти самарадорлигини ошириш тадбирлар дастурини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 23 ноябрдаги 03-03/2-4529-сон маълумотномаси). Натижада шахснинг табиатга эстетик муносабатини шакллантиришга оид назарий ва амалий таклиф ва методологик тавсиялар республикамиз аҳолисининг экологик ва эстетик онгини, уларнинг маданиятини оширишда янги маълумот берган;

Ўзбекистонда шахснинг табиатга экоэстетик муносабатини ривожлантиришда табиат туризми салмоғини ошириш, шахснинг табиатга инновацион муносабатини ташкиллаштиришга доир назарий хулосалар, методологик тавсиялар ҳамда амалий таклифларидан Ўзбекистон экологик ҳаракатининг 2016–2018 йилларга мўлжалланган дастурини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон экологик ҳаракатининг 2018 йил 17 декабрдаги 536-сон маълумотномаси). Натижада амалиётга татбиқ этилаётган таклифлар минтақа ижтимоий экологиясини барқарорлаштиришда амалга оширилаётган ишларнинг жадаллашувига хизмат қилган;

экологик борлиқни эстетикалаштириш, атроф-муҳит ҳимояси, эстетик тарбия, табиат экзотикаси каби экотуризм турларининг уйғунлашиши натижасида экоэстетика тушунчаси эстетика фани категориал қатламидан жой олиши борасидаги хулосалариданЎзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини 2018 йилга мўлжалланган дастурини тузишда фойдаланилган(Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 19 ноябрдаги 03-22/7375-сон маълумотномаси). Натижада мамлакатимизнинг кейинги йиллардаги туризм салоҳиятини янада ошириш, экотуризм турларини кенгайтиришга доир илмий-амалий, ғоявий тавсиялар ишлаб чиқишга асос бўлган;

шахсда экоэстетик сифатларни шакллантиришда эстетик ва экологик тарбиянинг корпоратив-педагогик, миллий-қадриятлар, ижтимоий реклама каби тарғибот турларини такомиллаштириш зарурлигига доир хулосалардан Ўзбекистон ёшлар итифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан аҳоли ўртасида ўтказилган экологик тадбирлар, давра суҳбатларида фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2019 йил 1 февралдаги 04-13/514-сон маълумотномаси). Натижада аҳолининг экологик онгида табиатга эстетик муносабат, экоижтимоий реклама, экоэстетика ҳақидаги билимлар ошишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish