Sayt test rejimida ishlamoqda

Исмоилов Ильёс Абдукаюмовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонининг қиёсий таҳлили», 10.00.06– Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Fil327.

Илмий раҳбар: Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.Fil.21.01.

Расмий оппонентлар: Қуронбеков Аҳмадқул, филология фанлари доктори, профессор; Ҳасанов Саидбек Рустамович, филология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.

Диссертация йўналиши:  назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: «Садди Искандарий» ва «Искандарнома» достонларини қиёслаш орқали Навоий ижодининг оригиналлиги ва бетакрор поэтик хусусиятларини аниқлаш, адиб ижодининг жаҳон адабиёти ривожидаги муносиб ўрни ва аҳамиятини илмий-назарий асослаб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

«Садди Искандарий»га асос бўлган манбалар ва улардан «Искандарнома»ларга кўчиб ўтган маълумот, мотив ва ғоялар белгиланиб, Навоий ва Низомийнинг Искандар образига оид қарашлари ва талқинлари аниқланган;

Навоий ижодидаги Искандар образининг ҳозиргача «асранди фарзанд экани» ва «денгиз тубига сафар қилиши» янглиш тушунилгани, шоирнинг аслида «Садди Искандарий»да Искандарни денгиз тубига тушмаслигини тасвирлагани ҳамда Искандарни Файлақуснинг ҳақиқий ўғли сифатида талқин этгани исботланган;

Навоийнинг ўзига қадар мавжуд Искандар образига доир тасаввурларни бойитгани, «Искандарнома»лар композициясини такомиллаштириш ва сюжетини янгилаш орқали мавжуд анъанани ривожлантиргани далилланган;

Юнон донишмандлари ва Ойинаи Искандарий образларининг қиёсий тадқиқи орқали ҳар икки шоирнинг бадиий маҳорати, фалсафий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий қарашлари ва ижодий индивидуаллиги аниқланган;

«Садди Искандарий»нинг Шарқда яратилган Искандар қиссалари орасида муҳим ўрин тутиши ва Навоийнинг Искандар ҳақида қисса (достон) ёзиш анъаналарини янги босқичга кўтаргани илмий-назарий жиҳатдан асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

«Садди Искандарий» ва «Искандарнома» достонларининг қиёсий таҳлилидан келиб чиққан хулосалар асосида:

«Садди Искандарий» достонининг тили, услуби, луғат таркибига оид хулосалар ҳамда достоннинг 1990 йили Туркияда тайёрланган илмий-танқидий матни ва сўзлигига оид янги маълумотлардан Ф-1-135 рақамли «Алишер Навоий асарлари конкордансининг илмий-услубий тадқиқи» номли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 10 декабрдаги 89-03-4274-сон маълумотномаси). Натижада достон конкордансининг илмий-услубий тадқиқига оид таҳлиллар, лойиҳадаги илмий кузатишларнинг ишончлилиги ортган;

«Садди Искандарий»нинг бадиияти, тили, фалсафий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий мазмунига доир фикр-мулоҳазалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston» телеканалида туркум кўрсатувлар сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2018 йил 7 декабрда берилган  02-13-2191-сон маълумотномаси). Натижада телекўрсатувнинг сифати ортган, Навоий «Хамса»сининг ўзбек адабий тилини шакллантиришдаги аҳамияти ҳамда хамсанавислик ва мазкур анъанада Навоийнинг ўрнини идрок этиш кучайган;

Алишер Навоий ижодий лабороториясига доир қарашлар, достонга асос бўлган қадимий манбаларнинг Навоий ижодини англашдаги ўрни ҳамда анъана доирасида асар ёзган адибларнинг ижодий ўзига хослигига доир хулосалардан Ф1-ФА-0-55746 рақамли «Марказий Осиё халқлари адабий қўлёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш, Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини тўплаш ва унинг илмий тавсифини нашрга тайёрлаш» мавзуидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 21 январдаги берилган 3/1255-134-сон маълумотномаси). Натижада кузатишлар доираси кенгайган, лойиҳа материаллари янги илмий манба ва қарашлар билан бойиган;

Навоий дунёқарашининг шаклланиш жараёни, анъанага ёндашувда ижодий индивидуаллик, шоир шахсиятининг бу жараёнда тутган ўрнига доир илмий натижалар ИТД-А-1-118 рақамли «Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш» номли амалий лойиҳага татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 10 декабрдаги 89-03-4274-сон маълумотномаси). Натижада Навоий образининг кейинги даврлар адабиётидаги тасвирлари ва талқинлари генезиси, уларга хос етакчи хусусиятларни белгилашда асосли хулосалар чиқаришга эришилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish