Sayt test rejimida ishlamoqda

Алламбергенов Ҳамза Камаловичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қадимги туркий адабиётда ғайритабиий тимсоллар тараққиёти”, 10.00.08– Фольклоршунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Fil298.

Илмий раҳбар: Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.

Расмий оппонентлар: Эшонқулов Жоппар Солиевич, филология фанлари доктори; Қаюмов Олим Садириддинович, филология фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: қадимги ва ўрта аср туркий ёзма ёдгорликлардаги ғайритабиий тимсолларнинг тарихий асослари архаик мифология, диний-эътиқодий тасаввурлар, магик характердаги ибтидоий маросимлар ва инонч-эътиқодлар билан алоқадорлигини асослаб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

туркий халқларнинг архаик фольклори ва қадимги ёзма ёдгорликларидаги ғайритабиий тимсоллар тизими мифология, табиат билан боғлиқ инонч-эътиқодлар ва магик характердаги маросимлар асосида келиб чиқан мифопоэтик архетиплар негизида шаклланганлиги исботланган;

қадимги «скиф-сибирь услуби»га мансуб тасвирий санъат намуналаридаги ғайритабиий тимсолларнинг архаик типи синкретик характерга эга бўлганлиги аниқланган ҳамда оғзаки эпик анъанадаги мифопоэтик образлар билан функционал-семантик жиҳатдан муштараклиги асосланган;

космогоник, этиологик ва тотемистик мифлар заминида шаклланган образлар таҳлили натижасида ғайритабиий тимсолларнинг мифологик асослари рамзлар орқали очиб берилган ҳамда ғайритабиий тимсоллар қадимги туркий адабиётдаги архетипик образларнинг илк намунаси сифатида вужудга келганлиги «Ирқ битиги» мисолида кўрсатиб берилган;

ғайритабиий тимсоллар ва мифологик сюжетларнинг тарихий-фольклорий жараён давомидаги эпик трансформацияси сеҳрли эртакларнинг ўзига хос жанрий хусусияти, яъни ғайритабиийликка асосланган бадиий тасвир усулининг вужудга келишига замин яратганлиги далилланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қадимги туркий адабиётда ғайритабиий тимсолларнинг пайдо бўлиш омиллари, халқ оғзаки ижодидаги, амалий ва тасвирий санъат асарларидаги ҳамда ёзма адабиётдаги ғайритабиий тимсоллар бўйича олинган илмий натижалар асосида:

қадимги ёзма ёдгорликларидаги ғайритабиий тимсоллар тизими мифология, табиат билан боғлиқ инонч-эътиқодлар ва магик характердаги маросимлар асосида келиб чиқан мифопоэтик архетиплардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар илмий-тадқиқот институтида амалга оширилган Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, ГОО2 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш» (2012–2016) мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2018 йил 28 декабрдаги 17-01/203-сон маълумотномаси). Натижада қорақалпоқ фольклоридаги ғайритабиий тимсолларни туркий халқлар оғзаки ижодидаги намуналар билан комлекс ўрганиш учун манба яратилган;

қадимги тасвирий санъат асарларидаги ғайритабиий тимсолларнинг туркий фольклор ва қадимги туркий ёзма ёдгорликлардаги ғайритабиий тимсоллар билан функционал-семантик томондан тарихан алоқадорлигини очиб беришда Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бердақ Миллий музейи экспозициясида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 21 январдаги 2-01/145-сон маълумотномаси). Натижада туркий халқлар оғзаки ижоди, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ халқ эртакларидаги ғайритабиий тимсоллар, музей экспозицияси тасвирий санъат ва фольклорда, ёзма ёдгорликларда мифологик мазмун томондан уйғун келадиган ғайритабиий тимсоллар тўғрисидаги илмий-назарий материаллар билан бойитилган;

қадимги туркий адабиётдаги ғайритабиий (қанотли от, бир кўзли одам, ярми инсон ва ярми илон шаклидаги жонзот каби) тимсолларнинг ёзма адабиётда ва халқ оғзаки ижодида бадиий тафаккур маҳсули эканини далиллаш ва туркий халқларнинг дунёқараши мезонларини белгилашга оид илмий-назарий қарашлари Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпаниясининг «Адабиёт ва давр», «Сўнмас юлдузлар», «Мерос», «Ассалом, Қорақалпоғистон», «Халқ дурдонасидан» сингари телекўрсатув сценарийларини шакллантиришда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпания-сининг 2019 йил 4 апрелдаги 01-02/90/1-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот манбалари ўқувчи ёшларга, талабаларга, олимларга ва бадиий адабиётга қизиқувчи кенг оммага тарғиб этилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish