Sayt test rejimida ishlamoqda

Ачилова Гулмира Мардоновнанинг

фалсафа доктори (PhDдиссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар:

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Мовароуннаҳрнинг Чиғатой улуси таркибидаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти (1227–1370 йиллар)”,  07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В.2019.1.PhD/Tar 9.

Илмий раҳбар: Хўжаев Аблат, тарих фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тарих институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.

Расмий оппонентлар: Бобоёров Ғайбулла Боллиевич, тарих фанлари доктори; Мухамедов Неъматилло Асатуллаевич, тарих фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик институти.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Чиғатой улуси даврида содир бўлган (1227–1370) сиёсий ўзгаришлар, маъмурий бошқарув ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт масалаларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 

Чиғатой улуси хонларига нисбатан “улар Мовароуннаҳрни идора қилишга деярли аралашмасдан, маҳаллий аҳолидан солиқларни йиғиш билан чегараланган” деган фикрнинг барча даврлар учун тўғри келмаслиги, жумладан, Эргена хотун, Муборакшоҳ ва Бароқхон каби ҳукмдорларнинг давлат бошқарувини бевосита ўз қўлларига олишда муҳим натижаларга эришганлиги асослаб берилган;

мўғулларнинг “Ясо” қонунлари ва ислом динининг шариат қоидалари ўртасидаги тафовут Чиғатой хонлари ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарганлиги, бундай зиддиятли вазиятларни барқарорлаштиришда тасаввуф шайхлари катта роль ўйнаганлиги  кўрсатиб берилган;

XIV асрнинг 40-йилларига келиб, Чиғатой улусининг Ғарбий ва Шарқий қисмларга бўлиниб кетишига икки тенденция тарафдорлари, яъни ўтроқ ҳаётга ўтишни ёқловчилар ва кўчманчилик анъаналарини қаттиқ ҳимоя қилувчилар ўртасидаги бир асрдан ортиқ давом этган кураш сабаб бўлганлиги аниқланган;

Марказий Осиё давлат бошқарувида жорий этилган “улус тизими” ва олий ҳукмдорни “оқ кигизда хон кўтариш” маросими орқали ҳокимиятнинг легитимлигини таъминлаш анъанаси турк-мўғул амири Қазағондан бошланганлиги далиллаб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Мовароуннаҳрнинг Чиғатой улуси таркибидаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти юзасиданолинган илмий натижалар асосида:

Чиғатой улусининг ташкил топиши ва бу даврда минтақадаги сиёсий вазият, улус ҳукмдорларининг қўшни давлатлар билан дипломатик алоқалари ва унда иштирок этган шахсларнинг фаолияти, вазифалари хусусидаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида 2015–2017 йилларда бажарилган   И-1-ФА-Г003 ИЗ-2015-0907175446 рақамли “Ўзбекистонда элчилик хизмати тарихидан лавҳалар” номли амалий тадқиқотда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 2 октябрдаги 3/1255-2593-сон маълумотнома). Натижада Чиғатой улуси сиёсий ҳаётидаги ўзгаришларга Олтин Ўрда,  Хулагулар ва Юань давлати ҳукмдорларининг таъсири қай даражада бўлганлигини ўрганиш имконини берган;

XIV–XIX асрлар давомида ўзбек давлатчилиги бошқарувида мавжуд бўлган “улус тизими” ва “ҳокимият легитимацияси” тушунчаларининг вужудга келишида муҳим роль ўйнаган амир Қазағон ҳукмронлигининг бошланиши ва Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келгунга қадар бўлган даврдаги сиёсий вазият тўғрисидаги маълумотлардан 2017 йилда Бобур халқаро жамоат фонди томонидан нашр қилинган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”да фойдаланилган (Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг 2019 йил 28 февралдаги 40-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши Амир Темурнинг ҳокимиятга келгунига қадар бўлган даврда юзага келган муҳим ўзгаришларни таҳлил қилишга хизмат қилган;

 XIII–XIV асрларда давлат бошқаруви, бу тизимда юзага келган ўзгаришлар, маҳаллий сулола вакилларининг вилоятларни идора қилишдаги иштироки, солиқ тизими масалалари юзасидан олинган маълумотлардан “Ўзбекистоннинг давлат муассасалари тарихи” дарслигида фойдаланилган (Рўйхатга олиш рақами 434-148). Ушбу дарслик олий ўқув юрти талабаларининг Ўзбекистон давлатчилигида давлат муассасаларининг ўрнига оид билимларини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish