Sayt test rejimida ishlamoqda

Қалбаева Гулпаршын Сарсенбаевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қорақалпоқ халқ афсоналари (генезиси, жанрий хусусиятлари, таснифи)”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Fil268.

Илмий раҳбар: Алламбергенов Кенесбай Алламбергенович, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ   давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.30.08.2018.Fil.46.02.

Расмий оппонентлар: Баҳадирова Саригул, филология фанлари доктори, профессор; Тилавов Абдимурод Холмуродович, филология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади:қорақалпоқ халқ афсоналарининг эпик турга мансуб алоҳида жанр сифатидаги хусусиятларини аниқлаш, сюжет силсиласи ва мотивлар таркибининг генетик илдизларини ёритиш ҳамда мавзу типларига кўра таснифлаш асосида қорақалпоқ халқ насри жанрларининг шаклланиши тарихи туркий халқлар фольклорининг қадимги даврларига бориб тақалишини исботлашдан иборатдир.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

қорақалпоқ фольклоршунослигида биринчи марта афсона жанри ҳаётий воқеликни хаёлий уйдирма асосида акс эттириши, эпик талқинда фантастиканинг устуворлик қилиши, матннинг бадиҳагўйлик асосида ўзгариб туриши, тингловчига муайян тарихий-этнографик ва ижтимоий-маданий ахборотни етказиш мақсадида айтилиши каби хусусиятларига кўра халқ насрининг бошқа жанрларидан фарқланиб туриши исботланган;

ҳаётий воқеликни ўзига хос тарзда акс эттириши жиҳатидан қорақалпоқ фольклоридаги афсоналарнинг «мифологик афсоналар», «тарихий шахслар ҳақидаги афсоналар», «топонимик афсоналар», «диний-китобий афсоналар», «ижтимоий-утопик афсоналар» ва «ижтимоий-турмуш масалаларига доир афсоналар» каби олти типдан иборат янги таснифи яратилган;

дастлабки афсоналар қадимги мифологик тасаввурларнинг вербал шаклдаги ифодалари, ҳаётий воқеликни акс эттирувчи оғзаки ҳикоялар, айрим тарихий воқеа ва тарихий шахслар ҳақидаги ривоятлар – ангизларнинг бадиий тафаккур тараққиёти давомида фантастик уйдирма ва диний тушунчалар билан уйғунлашиб кетиши натижасида юзага келганлиги аниқланган;

оғзаки насрга мансуб асарлардаги етакчи мотивларнинг туб илдизлари туркий халқлар фольклорининг қадимий қатламига мансуб бўлиб, мифларнинг кейинги стадиал босқичида ўз кўриниши ва функцияларини ўзгартириб, бадиий-эстетик табиат касб этиши билан боғлиқлиги далилланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қорақалпоқ халқ афсоналари генезисини, жанр хусусиятларини ўрганиш давомида эришилган натижалар асосида:

қорақалпоқ афсоналарининг жанр хусусиятлари, тарихий-генетик асослари ва бадииятига доир илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар илмий-тадқиқот институтида Ф1-СА-О-434-29. ФА-Ф1-ГОО2 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш» (2012-2016) мавзусидаги фундаментал лойиҳасини бажаришда, жумладан, қорақалпоқ халқ афсоналарининг жанрий хусусиятлари, жанр сифатида шаклланишининг асосий босқичлари, эпик сюжет мотивларининг тарихий-генетик асослари, бадиий хусусиятлари, ғоявий-мавзуий йўналишларини тадқиқ этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2018 йил 22 октябрдаги 209/1-сон маълумотномаси). Натижада афсона жанрининг бошқа эпик жанрлари, жумладан, миф, эртак, ривоят, нақл ва лофлардан фарқланиб турадиган жанрий белгиларини аниқлашга доир назарий критерийлар такомиллаштирилган;

қорақалпоқ афсоналарида тарихий воқелик ва тарихий шахслар образининг акс эттирилишига доир фактик материаллар ва илмий-назарий қарашлар Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Бердақ Миллий музейи ходимлари томонидан амалга оширилган 50-14/21-сонли «Доноларни излар эдим» давлат лойиҳасини бажаришда назарий ва амалий асос сифатида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 23 октябрдаги 2-03/1941-сон маълумотномаси). Атоқли шоир Бердақ ҳақидаги халқ афсоналари ва ривоятларида ижодкор образининг бадиий талқинини таҳлил қилиш натижасида афсона сюжетининг шаклланишига ҳаётий воқеликнинг асос бўлиши ҳақидаги илмий қарашларни кенг кўламда тарғиб қилишга эришилган;

афсоналарнинг ёшларда ота-боболаримиз яратган маънавий бойликларга бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришда, ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдаги ўрнига доир илмий хулосалардан Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг «Ёшлар учун», «Адабиёт ва давр» эшиттиришлари сценарийларида фойдаланилган (Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг 2018 йил 19 октябрдаги 01-2/483-сон маълумотномаси). Илмий натижалар орқали қорақалпоқ афсоналарининг ўзига хос жанрий хусусиятлари, уларнинг халқ оғзаки ижодида, шунингдек, комил инсон тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти борасидаги тавсиялари жамоатчиликка етказилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish