Sayt test rejimida ishlamoqda

Отамуродов Ҳакимжон Ҳомидовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тижорат банклари кредит портфелини бошқаришни такомиллаштириш», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Iqt290.

Илмий раҳбар: Қодиров Ашур Қодирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.27.06.2017.I.17.01.

Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Йўлдошев Олим Абдураимович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: тижорат банклари кредит портфелини бошқаришнинг назарий-услубий асосларини тадқиқ қилиш, уни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тижорат банклари кредит портфели сифатини ошириш ва самарали бошқариш усули, банк кредит портфели даромадлилик, рисклилик ва ликвидлиликка кўра таҳлил этилиши асосида оптималлаштирилган;

тижорат банклари кредит портфелини бошқариш ва оптимал кредит портфелини шакллантиришда субпортфеллар турлари, кўп босқичли мониторинги, уларнинг муносабатлари ва ваколатлари белгиланган;

тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун бериладиган микрокредитларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлашда кредитнинг муддати ва имтиёзли даври лойиҳанинг муддатига мос бўлиши таклиф этилган;

тижорат банклари томонидан берилган кредитларни самарадорлигини ҳамда кредит портфели сифатини оширишда берилган кредитларни бир неча босқичларга бўлган ҳолда қайтариш таклиф этилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Тижорат банклари кредит портфелини бошқаришни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

тижорат банклари кредит портфели сифатини ошириш ва самарали бошқариш усули, банк кредит портфели даромадлилик, рисклилик ва ликвидлиликка кўра таҳлил этилиши асосида оптималлаштириш таклифи “Микрокредитбанк” АТБ томонидан амалиётга жорий қилинган (“Микрокредитбанк” АТБнинг 2019 йил 6 мартдаги ТА 01-11/1735-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши натижасида кредит портфели мониторингини олиб бориш жараёни оптималлашган, кредит портфели даромадлилиги 5 фоизга ошган;

тижорат банклари кредит портфелини бошқариш ва оптимал кредит портфелини шакллантиришда субпортфеллар турлари, кўп босқичли мониторинги, уларнинг муносабатлари ва ваколатлари доирасида олиб бориш таклифи “Микрокредитбанк” АТБ томонидан амалиётга жорий қилинган (“Микрокредитбанк” АТБнинг 2019 йил 6 мартдаги ТА 01-11/1735-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши “Микрокредитбанк” АТБ кредит портфелида муаммоли кредитлар салмоғи 4 фоизга камайиши ҳамда кредит портфели диверсификацияси ошишини таъминлаган;

тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун бериладиган микрокредитларни муддати бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2017 йил 8 апрелдаги “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 7/4-сон қарорида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2017 йил 1 июндаги 32-10/2021-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши натижасида тижорат банклари томонидан берилган микрокредитларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлашга хизмат қилган;

тижорат банклари томонидан берилган кредитлар самарадорлигини ҳамда кредит портфели сифатини оширишда, берилган кредитларни бир неча босқичларга бўлган ҳолда қайтариш таклифи “Агробанк” АТБнинг 2018 йилга мўлжалланган кредит сиёсатида ўз аксини топган (“Агробанк” АТБнинг 2019 йил 18 январдаги 24-02-06/43-сон маълумотномаси).  Мазкур таклиф натижасида банк кредит портфели 135 фоизга кўпайган, муаммоли кредитлар салмоғи 6,4 фоизга камайган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish