Sayt test rejimida ishlamoqda

Ибрагимова Найля Мурадовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аҳоли истеъмолини макроиқтисодий прогнозлаштиришнинг услубий ёндашувини такомиллаштириш», 08.00.02–Макроиқтисодиёт (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Iqt6.

Илмий раҳбар: Каримова Дилдора Мирсабитовна, иқтисодиёт фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Банк-молия академияси, DSc.27.06.2017.I.16.03.

Расмий оппонентлар: Усманов Анвар Саидмахмудович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Хашимова Наима Абитовна, иқтисодиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: аҳоли истеъмолини макроиқтисодий прогнозлаштиришнинг услубий ёндашувини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

аҳоли истеъмоли соҳасида назарий-услубий аппаратнинг тизимли интеграцияси асосида яшаш цикли ва доимий даромад гипотезалари доирасида аҳоли даромадлари ўсишининг ялпи истеъмол динамикасига таъсирини баҳолаш услуби ишлаб чиқилган;

аҳоли квинтиль даромад гуруҳининг истеъмол қилиши бўйича статистик маълумотларнинг киритилиши ва МҲТ статистикасининг макро даражадаги номутаносиблик методологик муаммоларини ҳал қилиш асосида ижтимоий ҳисоб-китоб (SAM) матрицаси қурилган;

турли даражадаги фаровонлик шароитида уй хўжаликлари даромадлари ва истеъмоли, истеъмолчи ҳаракати, макроиқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар (ЯИМ, тармоқларда ялпи ишлаб чиқариш, аҳоли даромадлари, истеъмол нархлар ва ҳ.к.)  динамикаси ўртасидаги муносабатлар асосланган;

барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли мақсадларига эришишни таъминловчи аҳоли жон бошига ўртача истеъмол қилиш ҳажмининг прогноз параметрлари ва унинг таркибида 2030 йилгача асосий товар гуруҳларидаги ўзгаришлар аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Аҳоли истеъмолини макроиқтисодий прогнозлаштиришнинг услубий ёндашувини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натажалар асосида:

иқтисодиётда товар ва хизматларни истеъмол қилиш соҳаси тармоқлараро алоқаларини ҳисобга олган ҳолда SAM модели асосида ишлаб чиқилган услуб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  841-сонли қарорининг таълим, соғлиқни сақлаш, уй-коммунал соҳаси хизматларидан фойдаланиш, кам таъминланган аҳоли даромадларининг ижтимоий кафолати борасида ижтимоий соҳанинг устувор йўналишлари ва мақсадли параметрларини аниқлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 16 ноябрдаги МБ-6-2/120-сон маълумотномаси), хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг ўрта муддатли прогнозларини  тайёрлашда ва 2016–2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш Дастурини амалга оширишни мониторинг қилишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 10 июлдаги ИШ-6-5/33-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган услубий ёндашувлар илмий натижаларининг қўлланилиши аҳоли истеъмоли динамикаси ва тузилмасини, иқтисодиёт реал сектор тармоқлари ва ижтимоий кўрсаткичлар мутаносиблигини аниқлаш асосида узоқ муддатли барқарор ривожланишнинг асосий тамойилини таъминлаш имконини берган;

ялпи истеъмол талабининг алоҳида омиллари таъсирини, энг аввало, аҳоли даромадларини аниқловчи кўп омилли эконометрик моделларнинг миқдорий боғлиқликларини баҳолаш учун таклиф этилган услубий  ёндашувлар, аҳоли даромадлари ва истеъмоли кўрсаткичлари бўйича аҳоли турмуш  прогноз динамикасини ишлаб чиқишда ва 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг мақсадли устувор йўналишларини асослаб беришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 16 ноябрдаги МБ-6-2/120-сон маълумотномаси). Олиб борилган ҳисоб-китоб натижалари ижтимоий соҳа тармоқлари ривожланишини самарали ташкил этиш ва реал шакллантирилган талабни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиётда сифатли таркибий ўзгаришларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаган;

аҳолининг кам таъминланган қисми даромадларини ошириш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июндаги ПП-3782-сон «Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг 2018 йил 8 ноябрдаги 18/1-873-сон маълумотномаси), Ўзбекистон Республикасида Ижтимоий тадбиркорлик фаолияти субъектларини аниқлаш тартиби ва мезонлари ҳақидаги Низом қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 16 ноябрдаги МБ-6-2/120-сон маълумотномаси). Олинган натижалар қонун ишлаб чиқиш жараёнларининг илмий асосланганлигини ҳамда аҳолининг кам таъминланган қисмини қисқартириш, ижтимоий заиф қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий кафолатини таъминлашни кучайтириш  бўйича таклифлар сифатини  оширишга хизмат қилган;

кўп омилли эконометрик моделларининг прогноз параметрларидан аҳоли истеъмоли соҳаси билан боғлиқ тизимли муаммоларни ва аҳолининг турмуш даражаси параметрларига омилларнинг таъсир даражасини  аниқлашда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019–2021 йилларгача ижтимоий-иқтисодий ривожланиш Концепциясидаги ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини асослаб беришда фойдаланилган  (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 16 ноябрдаги МБ-6-120-сон маълумотномаси). Ҳисоб натижалари истеъмол соҳаси прогноз динамикасининг аҳоли даромадлари ўсиши прогнозлари билан мувофиқлик даражасининг ўрта муддатли барқарор ошишини таъминлаган;

энг кам иш ҳақи миқдорини минимал истеъмол саватининг нархи ва таркибини ҳисобга олган ҳолда турмуш кечириш минимуми даражасигача оширишнинг босқичлари бўйича таклиф этилган чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида турмуш кечириш минимумининг минимал истеъмол саватини ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 16 ноябрдаги МБ-6-2/120-сон  маълумотномаси). Даромад даражасининг минимал истеъмол савати ва турмуш кечириш минимумига мувофиқлиги каби асосий ижтимоий стандартни ишлаб чиқишда илмий натижалар кўрсаткичларидан фойдаланиш, даромадларнинг мақсадли даражаси ва аҳолининг реал пул даромадлари ҳамда сотиб олиш қобилиятини ошириш, аҳоли ижтимоий табақаланишини камайтириш, ижтимоий фаровонлигини назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш учун шарт-шароитларни белгиланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish