Sayt test rejimida ishlamoqda

Амирқулов Отабек Сайдуллаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чидамли навларни танлаш асосида буғдойни сўрувчи зараркунандалардан ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқиш», 06.01.09–Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/Qх251.

Илмий раҳбар: Пўлатов Зарип Асламович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Ходжаев Шамил Турсунович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Анорбаев Азимжон Раимқулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: республикамиз шароитида экишга тавсия этилган буғдой навларида асосий сўрувчи зараркунандаларга нисбатан чидамли навларни аниқлаш асосида уларга қарши ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор республикамиз шароитида экишга тавсия этилган буғдой навларининг асосий сўрувчи зараркунандаларга (зарарли хасва, ғалла ширалари ва буғдой трипси) нисбатан чидамлилиги таҳлил қилинган ҳамда даражаси бўйича 3 гуруҳга ажратилган;

сўрувчи ҳашаротлар буғдойни қайси ривожланиш даврида зарар келтиришига қараб, уларнинг ўсимлик ҳосилдорлигига ва дон сифатига таъсири аниқланган;

турли буғдой навларининг сўрувчи зараркунандаларига нисбатан чидамлилигини аниқлаш асосида ўсимлик ҳосилдорлигини ва дон сифатини сақлаб қолиши исботланган;

сўрувчи зараркунандаларга нисбатан чидамли, ўртача чидамли ва чидамсиз буғдой навларида инсектицидларни қўллаш мумкинлиги аниқланган;

сўрувчи зараркунандаларга нисбатан чидамли бўлган буғдой навларини экиш асосида умумий ҳимоя қилиш тизими яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Чидамли навларни танлаш асосида буғдойни сўрувчи зараркунандалардан ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида:

ғаллачилик фермер хўжаликлари учун «Ғалла майдонларига зарар етказадиган зарарли хасва ва унинг зарари, миқдорини аниқлаш ҳамда унга қарши кураш» ва «Бошоқли дон экинларида учрайдиган бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандаларнинг ривожланиши, зарари ва уларга қарши кураш чора-тадбирлари» бўйича амалий тавсияномалар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 сентябрдаги 02/021-1278-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияномалар ғалла майдонларида сўрувчи зараркунандаларга чидамли навларни танлаб олиш ва уларга қарши курашда амалий қўлланма сифатида хизмат қилган;

бошоқли дон экинлари асосий сўрувчи зараркунандаларига қарши кузги юмшоқ буғдойнинг «Яксарт» ва «Ғозғон» ҳамда қаттиқ буғдойнинг «Мингчинор» ва «Зилол» навлари Қашқадарё вилояти Қарши, Муборак туманларида ҳамда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиали тажриба хўжалигида 100 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 сентябрдаги 02/021-1278-сон маълумотномаси). Натижада ушбу навлардан гектаридан ўртача 50,4-52,8 центнергача дон ҳосили олиш имкони яратилган;

бошоқли дон экинларининг асосий сўрувчи яъни ғалла ширалари, буғдой трипси ва зарарли хасва каби зараркунандаларига нисбатан чидамли кузги буғдойнинг «Яксарт» ва «Ғозғон» навлари фермер хўжаликларига 55 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 24 сентябрдаги 02/021-1278-сон маълумотномаси). Натижада ушбу ғалла навларида 1 кг буғдой дони таннархи 416,5-436,3 сўмни, соф фойда 572,8-704,8 минг сўмни, рентабеллик даражаси эса 30-32 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish