Sayt test rejimida ishlamoqda

Бўриев Абдивахоб Абдираззақовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қисқа навбатли алмашлаб экишда ўтмишдош экинларнинг тупроқ унумдорлиги ва кузги буғдой ҳосилдорлигига таъсири», 06.01.01– Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2 PhD/Qх126.

Илмий раҳбар: Орипов Раззоқ, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд ветеринария медицинаси институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Телляев Рихсивой Шомахамадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Карабаев Икром Тураевич, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Қашқадарё вилояти тоғолди шимоли-шарқий ҳудудининг типик бўз тупроқлар унумдорлигини сақлаш ва ошириш йўли билан кузги буғдойдан юқори, сифатли ҳосил олишни таъминлайдиган мақбул ўтмишдош экинларни танлаш ҳамда уларнинг тупроқ хоссаларига таъсирини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Қашқадарё вилоятининг тоғолди шимоли-шарқий шароитини Яккабоғдарё массивида турли оилага мансуб ўсимликлар ғўза, маккажўхори, хашаки нўхат (Нигретум К-95 нави), мош, баҳорги рапс (Регина нави) такрорий экинлар танлаб олинган ва кузги буғдой учун ўтмишдош сифатида танланган;

танланган ўтмишдош экинларнинг илдиз ва анғиз қолдиқлари, уларнинг кимёвий таркиби таҳлил этилган ҳамда тупроқ унумдорлигига таъсири аниқланган;

Қашқадарё вилояти шароитида рапс ўсимлиги турли ўтмишдошларга нисбатан қиёсий баҳоланган ва таъсири ижобийлиги аниқланган;

ўтмишдош экинлар ғўза, маккажўхори, нўхат, мош, рапс таъсирида кузги буғдой илдиз тизимининг шаклланиши ҳамда илдизларнинг асосий қисми тупроқнинг ҳайдов қатламида жойлашиши аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қашқадарё вилоятининг тоғ олди типик бўз тупроқлари шароитида кузги буғдой учун қулай такрорий, ўтмишдош экин турларини танлаш бўйича ўтказилган изланиш натижалари асосида:

ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун «Ўтмишдош экинлардан сўнг кузги буғдой етиштириш агротехникаси бўйича тавсиялар» ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 майдаги 02/021-63-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома Қашқадарё вилоятининг ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида қўлланма сифатида хизмат қилган;

кузги буғдойни мош, рапсдан кейин экиш агротадбирлари Қашқадарё вилояти Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари ғаллачилик фермер хўжаликларида жами 258 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 майдаги 02/021-63-сон маълумотномаси). Натижада суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида ўтмишдош экинлардан сўнг кузги буғдой етиштириш агротехникасини қўллаган ҳолда мошдан кейин кузги буғдой экилганда ўртача дон ҳосилдорлиги гектарига 51,5-52,1 центнер, рентабеллик даражаси 23,1-24,5 фоизни ташкил этган ҳамда 532-565 минг сўм соф фойда олишга эришилган;

ўтмишдош экинлардан сўнг кузги буғдой етиштириш агротехникаси суғориладиган типик бўз тупроқлари шароитида Яккабоғ туманида 6 гектар, Шахрисабз туманида 4 гектар, Китоб туманида 2 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 майдаги 02/021-63-сон маълумотномаси). Натижада рапсдан кейин кузги буғдой экилганда гектаридан 53,6-55,0 центнер дон ҳосили ва 648-725 минг сўм соф фойда олинган, рентабеллик даражаси 28,1-31,5 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish