Sayt test rejimida ishlamoqda

Нурмухамедова Шоира Захидовнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар:

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Антик давр Ўзбекистон архитектурасининг қонуниятлари ва услубий хусусиятлари”, 18.00.01–Архитектура назарияси ва тарихи. Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш ва тиклаш (архитектура).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами:  В2018.3.DSc/А6.

Илмий маслаҳатчи: Аскаров Шукур Джураевич, меъморчилик фанлари доктори, профессор

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш институти, DSc.27.06.2017.A.11.02.

Расмий оппонентлар: Сулейманов Рустам Хамидович, тарих фанлари доктори, профессор; Ахмедов Мухаммаджон Касимович, архитектура доктори, профессор; Шамсиддин Камолиддин, тарих фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Миллий Рассомлик ва дизайн институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: антик давр Ўзбекистон архитектураси бўйича бажарилган илмий тадқиқотларни тизимлаштириш ва умумлаштириш асосида Шимолий Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Шош, Фарғона ва Уструшона ҳудудларининг ўзига хос архитектуравий қонуниятлари ва уларнинг ривожланиш йўлларини аниқлашдан иборат.

IIIТадқиқотнинг илмий янгилиги:

антик давр Ўзбекистон меъморчилиги қонуниятларининг босқичма-босқич шаклланишига ҳудуднинг қулай иқлим шароити, ирригация тизими, ташқи савдо алоқаларнинг (ҳам ички, ҳам ташқи) ривожланиши  ҳамда маҳаллий қурилиш ашёлари асосий омил бўлиб хизмат қилганлиги аниқланган;

шаҳарлар ва архитектуранинг ривожига шаҳарсозликнинг тартибли режага асосланганлиги, ирригация тармоқларининг такомиллашуви, иқтисодий барқарорлик, халқаро алоқалар ва маданий-этник шароитлар ҳамда аҳоли сонининг кўпайиши каби омиллар таъсир кўрсатганлиги аниқланган;

ҳарбий архитектуранинг ривожланиши шаҳарлар ўлчами ва уларнинг функциясига, ҳудуд фортификациясининг тараққиёт даражасига бевосита боғлиқлиги исботланган;

антик давр турар-уйлар, саройлар, ибодатхоналар, сағаналар архитектураси ва режавий тузилиши асосан “йўлаклар ва турли функциядаги хоналар билан ўралган ҳовли” ва “йўлаксимон хоналар билан ўралган зал” тартибидаги режа асосида шаклланганлиги аниқланган;

будда меъморчилиги ёдгорликларида қўлланилган Ўрта Осиё учун номаълум бўлган ижодий ёндашув ва техник маҳоратни ифодалаган “кўп ошиёнли” ҳамда “айвонсимон” режавий ечимларининг маҳаллий архитектура ривожига ижобий таъсир кўрсатганлиги исботланган;

Тупроққалъа шаҳридаги Юқори сарой ва Қалъалиқир манзилгоҳи интерьери ва умумий кўринишлари, Хоразмдаги Қўрғошинқалъа шаҳри ва қалъа деворининг илк кўриниши, Шимолий Бақтриядаги Кампиртепа шаҳри қалъаси фрагменти, Сеталак, Баланда 2, Қалъалиқир 2 масжидлари, Қоратепадаги будда саройларининг илк кўринишларининг лойиҳавий таклифлари яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Антик давр Ўзбекистон архитектурасининг қонуниятлари ва услубий хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

антик давр Ўзбекистон меъморчилиги қонуниятларининг шаклланиши ҳудуднинг қулай иқлим шароити, ирригация тизими, ташқи савдо алоқаларнинг ривожланиши ҳамда маҳаллий қурилиш ашёларига боғлиқ бўлганлиги каби илмий натижалар, шунингдек Кампиртепа шаҳри умумий кўринишининг график реконструкцияси таклифи “Ўзбекистон қадимги давлатлари санъати ва меъморлиги: маҳаллий мактаблар ва бадиий услублар ўзига хослигининг шаклланиши” (2017–2020 йй.) мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳасида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 24 октябрдаги 3/1255-2811-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши эллинистик даврда Шимолий Бақтрия шаҳарларининг кўринишларини яққол тасаввур қилиш ва уларнинг ривожланиш қонуниятларини белгилаш имконини берган;

Наманган вилояти тарихий Ахсикент шаҳрининг VIII ва XVIII ҳудудларида жойлашган архитектуравий объектларнинг реконструкция вариантлари ҳамда ҳарбий архитектуранинг ривожланиши шаҳарлар ўлчами ва уларнинг функциясига, ҳудуд фортификациясининг тараққиёт даражасига бевосита боғлиқлиги хусусидаги хулосалардан “Сирдарё ҳавзасидаги қадимги шаҳарлар ва уларнинг Буюк ипак йўлидаги ўрни (археологик материаллар асосида)” (2017–2021 йй) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 24 октябрдаги 3/1255-2811-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши антик даврда Фарғона водийсининг қадимий шаҳарсозлик маданияти ва архитектураси ҳақида самарали хулосалар чиқариш имконини берган;

антик давр Сирдарё шаҳарлари архитектурасининг ўзига хос қонуниятлари ва услубий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар “Сирдарё ҳавзасидаги қадимги шаҳарлар ва уларнинг Буюк ипак йўлидаги ўрни (археологик материаллар асосида)” (2017–2021 йй) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 24 октябрдаги 3/1255-2811-сон маълумотномаси). Ушбу маълумотлар қадимги давр шаҳарларининг архитектураси ва уларни ўзига хос хусусиятларини ўрганишда, жумладан, пахса ва хом ғиштлардан қурилган тураржой қолдиқларини музейлаштиришда муҳим аҳамият касб этган;

қадимий Афросиёб шаҳарчасининг қўрғондеворлари, турар-уйларнинг илк кўринишларининг археологик ва архив материаллари асосида бажарилган график таклиф лойиҳалари, антик давр саройлар, ибодатхоналар, сағаналар архитектураси ва режавий тузилиши асосан “йўлаклар ва турли функциядаги хоналар билан ўралган ҳовли” ва “йўлаксимон хоналар билан ўралган зал” тартибидаги режа асосида шаклланганлиги каби хулосалардан “Самарқанд ва Жиззах вилоятлараро минтақавий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси” ишини ташкил этишда қўлланилган (Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб-чиқариш бош бошқармасининг 2018 йил 31 октябрдаги 01-01/885-сон маълумотномаси). Олинган илмий натижалар Самарқанд Сўғди қадимий архитектураси манбаларини ўрганиш, шунингдек, Афросиёб шаҳрининг босқичма-босқич шаклланиши, қурилиш маданияти ва турар-уйлари архитектурасининг ривожланишини ўрганиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish