Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўктамов Дилмурод Аминжоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Микроэлементли (Cu, Zn, Mo) суперфосфат ва нитрофос олишнинг рационал технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосида материаллар технологияси (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Т644.

Илмий раҳбар: Таджиев Сайфитдин Мухитдинович, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.

Расмий оппонентлар: Намазов Шафоат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Султонов Боходир Элбекович, техника фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятига молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Қизилқум фосфоритлари асосида ишлаб чиқарилаётган суперфосфат ва нитрофос ўғитларини микроэлемент (Cu, Zn, Mo) тузлари, гидрометаллургиянинг микроэлементли иккиламчи хомашёлари билан қайта ишлаб, микроэлементли ўғитлар олишнинг технологик асослари ва рационал технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Марказий Қизилқум фосфорит намуналарини гидрометаллургиянинг микроэлементли иккиламчи хомашёлари ёрдамида кимёвий фаоллаштиришда фосфат хомашёдаги Р2О5 нинг ўсимлик ўзлашувчан шаклга ўтиш даражасига компонентларнинг ўзаро нисбати ва рН муҳити таъсирига боғлиқлиги аниқланган;

микроэлемент бирикмалари – микроэлементли фосфат суспензияси, микроэлемент тузлари ва микроэлементли иккиламчи хомашёлар иштирокида суперфосфат ва нитрофос ўғитларини донадорлаш жараёнининг жадал аралаштириш усулларининг мақбул шароитлари аниқланган;

суперфосфат ва нитрофос ўғитлари таркибидаги микроэлементларнинг ўзлашувчан ва сувда эрувчан миқдорлари ундаги Р2О5нинг ва микроэлемент тузларининг шаклларига боғлиқлиги исботланган;

микроэлементнинг моноэтаноламин ёки лимон кислотали комплекс эритмалари иштирокида донадорланган суперфосфат ва нитрофослар таркибидаги микроэлементларнинг ўсимликка ўзлашувчан ҳолати 2–3 марта, сувда эрувчан ҳолати эса 4–5 марта юқори бўлиши ва доналар мустаҳкамлигини ортиши исботланган;

микроэлемент тузлари, микроэлементли иккиламчи хомашё ва уларнинг комплекслари иштирокида янги навли, самарали микроэлементли ўғитлар олишнинг технологик асослари ва рационал технологияси ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Микроэлементли (Сu, Zn, Мо) суперфосфат ва нитрофос олишнинг рационал технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

микроэлемент тузлари ва микроэлементли иккиламчи хомашёлар, суперфосфат ва нитрофос асосида микроэлементли ўғитлар олиш технологияси «Электрокимёзавод» ҚК АЖнинг амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхатига киритилган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2019 йил 11 февралдаги 01/3-667/П-сон маълумотномаси). Натижада янги турдаги микроэлементли азотфосфорли ўғитлар ўрта толали ғўза навларини ўсишини ва ривожланишини жадаллаштириб ҳосилдорликни 2,3–4,1 ц/га гача, микроэлементсиз анъанавий ўғитларга нисбатан эса 0,9–3,2 ц/га гача ошириш имконини берган;

Маҳаллий микроэлементли хомашёлар ҳамда фосфорли ўғитлар асосида микроэлементли ўғитлар олиш технологияси «Электрокимёзавод» ҚК АЖнинг «2020-2021 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Электрокимёзавод» ҚК-АЖнинг 2019 йил 25 мартдаги 115-сон маълумотномаси). Натижада фаоллашган микроэлементли фосфат суспензиясини фосфорли ўғитлар таркибига жалб этилганда 1 тонна суперфосфат ва нитрофос таннархини мос равишда 30464 ва 40341 сўмга арзонлаштириш имконияти яратилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish