Sayt test rejimida ishlamoqda

Суванов Боймурод Ураловичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўза ва кузги буғдойни турли тежамкор суғориш усулларида сув истеъмолининг илмий-амалий асослари», 06.01.02–Мелиорация ва суғорма деҳқончилик. (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.DSc/Qx96.

Илмий маслаҳатчи: Хамидов Мухаммадхон Хамидович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Бисенбай Сатназарович Мамбетназаров, академик, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Анваржон Исашов, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Махмудов Илхомжон Эрназарович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм, Бухоро вилоятлари ўтлоқи аллювиал ва Қашқадарё вилояти ўтлоқи-бўз тупроқлари шароитида ғўза ва кузги буғдойни субирригация, ғўзани томчилатиб суғориш усулларида ҳамда полимер комплекслардан ҳосил қилинган экранли эгатлардан суғориш технологиясини қўллаш орқали илмий асосланган мақбул суғориш тартиблари ва уларнинг сув истеъмолини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор кучсиз шўрланган ўтлоқи аллювиал ва ўтлоқи-бўз тупроқлари шароитида ғўза ва кузги буғдойни субирригация усулида, ғўзани томчилатиб ва полимер комплекслардан ҳосил қилинган экранли эгатлардан суғориш технологияларини қўллаш орқали мақбул суғориш тартиблари ишлаб чиқилган;

ғўза ва кузги буғдойни субирригация усулида ҳамда ғўзани томчилатиб ва полимер комплекслардан ҳосил қилинган экранли эгатлардан суғориш натижасида дарё сувлари тежалган ва суғориш сувининг самарадорлиги ошиши аниқланган;

ғўза ва кузги буғдойни сувтежамкор суғориш технологияларини қўллаш натижасида тупроқнинг агрофизикавий ва сув-физик хоссалари, туз режими, сизот сувлари сатҳи ва минерализациясининг ўзгариш динамикасига таъсири аниқланган;

ғўза ва кузги буғдойни сувтежамкор суғориш технологиялари қўлланилганда ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги, пахта толаси ва буғдой дони технологик сифат кўрсаткичларига таъсири аниқланган;

ғўза ва кузги буғдойни сувтежамкор суғориш технологиялари ва  мақбул суғориш тартибларида умумий сув истеъмоли кўрсаткичлари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ғўза ва кузги буғдойни субирригация,  ғўзани томчилатиб ва полимер комплекслардан ҳосил қилинган экранли эгатлардан суғориш технологияларини қўллашда мақбул суғориш тартибларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:

деҳқон-фермер хўжаликлари, иссиқхоналар, томорқа участкалари ва бошқа сувдан фойдаланувчиларга қўлланма сифатида фойдаланиш учун «Паст босимли томчилатиб суғориш технологияси асосида сув танқислигини юмшатиш ҳамда ғўзадан юқори ҳосил олиш бўйича», «Биосольвент асосида шўр ювиш самарадорлигини ошириш ва суғоришда полимер комплекслар қўллаш орқали сув ресурсларини иқтисод қилиш ҳамда янги технологияларни жорий этиш бўйича» тавсияномалари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 17 июлдаги 03/18-1015-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияномалар деҳқон-фермер хўжаликлари, иссиқхоналар, томорқа участкалари ва бошқа сувдан фойдаланувчиларга қўлланма сифатида хизмат қилган;

ғўза ва кузги буғдойни субирригация суғориш усулида ҳамда ғўзани томчилатиб суғориш технологиялари Хоразм вилояти, Шовот туманидаги фермер хўжаликларида 63 га (ғўза) ва 42 га (кузги буғдой) майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 17 июлдаги 03/18-1015-сон маълумотномаси). Натижада ушбу субирригация ва томчилатиб суғориш усулларини жорий этилиши ҳисобига суғориш сувлари гектаридан 1437–1757 м3 (ғўза), 1831–2706 м3 (кузги буғдой) тежалган, ғўзадан 4,2–6,3 центнер, кузги буғдойдан 3,9–4,1 центнер қўшимча ҳосил олишга эришилган;

ғўзани томчилатиб суғориш технологияси Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги «Саидахмад набираси Анвар» фермер хўжалигида 3 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 17 июлдаги 03/18-1015-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ғўзанинг ўсиб ривожланиши, ҳосил тўплаш яхшиланган, гектаридан 2123–2238 м3 дарё сувлари тежалган, ёнилғи-мойлаш материаллар сарфи гектарига 8–10 литрга камайган, ғўзадан 5,1–6,0 центнер қўшимча пахта ҳосили олинган ҳамда рентабеллик даражаси 38,4–51,5 фоизни ташкил этган;

ғўза ва кузги буғдойни субирригация суғориш усулида, ғўзани полимер комплекслардан ҳосил қилинган экранли эгатлардан суғориш технологиялари Бухоро вилояти Бухоро, Когон ва Вобкент туманларидаги фермер хўжаликларида 240 га (ғўза) ва 32 га (кузги буғдой)  майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 17 июлдаги 03/18-1015-сон маълумотномаси). Натижада суғориш сувлари 30–40 фоизга тежалган, сув танқислигининг салбий оқибатлари камайтирилган, атроф муҳитни ифлосланишининг олди олинган, ғўзадан гектарига 4,1–4,7 центнер, кузги буғдойдан гектарига 3,6–5,9 центнер қўшимча ҳосил олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish