Sayt test rejimida ishlamoqda

Қурбанова Дилрабо Шерипбоевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хоразм воҳасининг қадимги ва илк ўрта асрлар маънавий маданияти”, 07.00.01– Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Tar93.

Илмий раҳбар: Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор, академик.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоғистон ижтимоий фанлар илмий тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Tar.01.04.

Расмий оппонентлар: Атаходжаев Азимхўжа Музаффарович, тарих фанлари доктори, профессор; Пардаев Мухторқул Ҳасанович, тарих фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот номи: Қорақалпоқ давлат университети.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Археологик, ёзма ва этнографик манбалар асосида Хоразм воҳасининг қадимги ва илк ўрта асрлар (исломга қадар) маънавий маданияти тарихи муаммоларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Хоразм воҳаси қадимги ва илк ўрта асрлар даври маданияти ривожланишида  ҳудуд аҳолисининг турмуш-тарзи билан боғлиқ мавжуд  тарихий анъаналар ҳамда тотемизм, сеҳргарлик,  табиий кучларга сиғиниш мазмунидаги маросимий-мифологик дунёқарашнинг   ўзгариши ва ушбу факторларнинг уйғунлашуви  маънавий маданиятнинг  янги қиёфа ва сифат ўзгаришига олиб келганлиги аниқланган;

ишлаб чиқарувчи хўжаликнинг ривожланиши жараёнидаги кашфиётлар ва ихтиролар ҳамда илмий билимлар динамикаси Хоразм маданияти мазмунини бойитишга ҳизмат қилиб, пировардида давлатчилик тизими компоненти сифатида бойитилишига асос бўлганлиги археологик, ёзма ҳамда этнографик манбалар асосида кўрсатиб берилган;

воҳанинг тасвирий санъат обидаларида ўз аксини топган табиат ва ҳаёт, инсон урф-одатлари, анъанавий турмуш тарзи, меҳнат фаолияти каби мавзулар қадимги ва илк ўрта асрлар маданияти даражасини белгилаб берувчи  тарихий манба сифатида асослаб берилган;

Қирққиз, Ойсулув, Тўрабек хоним каби ривоятларда “хорасмийлар” элатининг келиб чиқиши, қадимги форс подшоси Кир II ва малика Тўмарис уруши, массагетларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, қурол-аслаҳалари, ижтимоий тизими ҳамда хоразмликларнинг хўжалиги, ички ва ташқи алоқалари масалаларини ёритишдаги илмий аҳамияти исботланган. 

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Хоразм воҳасининг қадимги ва илк ўрта асрлар маънавий маданияти тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

маънавий маданиятнинг тарихий аҳамияти, тасвирий санъат намуналарининг эътиқод ва диний функциялари, табиат ва ҳаёт мавзуларига оид вазифалари, уларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, исломга қадар бўлган эътиқодлар излари, ривоятлар илдизлари ва тарихий воқелик муаммоси ҳақидаги илмий хулосалардан Хива «Ичан-Қалъа» Давлат музей қўриқхонаси “Қадимги Хоразм маданияти тарихи” экспозициясини бойитишда фойдаланилган (Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2018 йил 8 июндаги 01-11-08-4078-сон маълумотномаси). Натижада, Хива “Ичан-Қалъа” Давлат музей қўриқхонаси, жумладан, “Амалий санъат”, “Ҳунармандчилик”, “Қадимги Хоразм маданияти тарихи” бўлимлари экспонатларини каталоглаштириш ҳамда сайёҳларга экскурсиялар ўтказиш, маънавий маданият тарихини кенг тарғиб этишга, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади;

қадимги ва илк ўрта асрлар даври Хоразм маънавий маданиятининг тарихий тараққиёти хусусиятлари, бу жараёнга таъсир кўрсатган асосий ички ва ташқи омиллар, Хоразм воҳасининг бадиий маданияти, турмуш тарзи, аҳолининг эътиқодлари ва диний қарашлари тўғрисидаги маълумотлар ва илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг минтақавий бўлими – Хоразм Маъмун академиясида давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2012-2016 йилларда бажарилган “Хоразм тарихи, I–II жилд. (I – жилд. Энг қадимги даврлардан V асргача. II-жилд. V–XV асрлар”) мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 19 июндаги 311255-1625-сон маълумотномаси). Қадимги ва илк ўрта асрлар Хоразм маънавий маданиятининг тарихий тараққиёти хусусиятлари, бу жараёнга таъсир кўрсатган ички ва ташқи омиллар, бадиий маданият обидалари, исломга қадар бўлган эътиқодлар, ривоятлар, диний қарашлар, ватанга бўлган садоқатни оширишга хизмат қилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish