Sayt test rejimida ishlamoqda

Ғаипова Ҳулкар Қўзибаевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Матназар Абдулҳакимнинг бадиий ва публицистик маҳорати», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Fil258.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат  университети.

Илмий раҳбар: Абдуллаев Ҳамдам Жуманиёзович, филология фанлари доктори, профессор.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01 рақамли Илмий кенгаш

Расмий оппонентлар: Ҳаққулов Иброҳим филология фанлари доктори; Жабборов Нурбой филология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Матназар Абдулҳакимнинг шеърий ва публицистик асарлари таҳлили орқали унинг истиқлол арафаси ва мустақиллик даври ўзбек адабиётидаги ўрнини белгилаш асосида муайян илмий-назарий хулосалар чиқаришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

шоир шеърларининг мавзу кўлами, жанрий ранг-баранглиги, образлар олами тадқиқ этилиб, тасвир ва ифодадаги индивидуаллигининг ёрқин ва бетакрорлиги масалалари  очиб берилган;

шоир публицистик тафаккурининг истиқлол даври ижтимоий-сиёсий жараёнлари, халқ онги ва руҳиятидаги янгиланишлар, мустақиллик ғояси билан йўғрилганлиги исботланган;

шоирнинг мустақиллик даври ўзбек шеъриятини фалсафий мазмун, ҳикматона оҳанг билан бойитишдаги ўрни асосланган;

бадиий-публицистик мақолаларида мавзу ва ифода тарзининг хилма-хиллиги, улар моҳиятини инсон маънавияти концепцияси белгилаши кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Матназар Абдулҳакимнинг бадиий ва публицистик маҳорати масаласи бўйича  олиб борилган тадқиқотлар, олинган илмий натижалар асосида:

М.Абдулҳаким публицистикаси намуналари, хусусан, эсселарида жанрнинг асосий хусусиятлари  –   уларнинг илмий тафаккурнинг алоҳида шакли эканлиги бўртиб туриши, ақлий ва ҳиссий фикр синтези ҳамда композицияга эркин ёндашуви турли эсселарда ифода топгани, тарихий саналар, санъат ва маданиятга дахлдор эсселарда уларнинг мақола, очерк, мемуарлар билан баъзи муштарак жиҳатлари ҳамда поэтик асарлар ва бадиий насрга хос унсурларнинг учрашига оид хусусиятлар юзасидан олинган натижалардан Ф1-02 рақамли  “Адабиётшунослик тарихининг фундаментал тадқиқи” илмий  тадқиқотида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 11 декабрдаги  89-03-4294-сон маълумотномаси).  Илмий натижаларни қўллаш туфайли мақола, эссе (адабий ўйлар) каби жанрларда шоир истеъдодининг даражаси, ўзига хос ифода услуби, гражданлик позицияси, асосан, маънавий ва инсоний камолот йўлидаги интилишлари, шахс концепцияси муаммоларига оид қарашлари муаллиф  “мен”и талқинида  ёритилган, хусусан, адабий суҳбат жанри муаллифнинг  бадиий-эстетик қарашларини чуқурлаштиришга, адабий ўйларнинг баъзи жиҳатларини кенгайтириш, такомиллаштириш, янгича изоҳлар билан бойитишга хизмат қилган;

шоир шеърияти ва публицистикасининг етакчи тамойилларини ўрганишга бағишланган тадқиқот натижаларидан Ф1-ФА-0-43429-рақамли “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги илмий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоқ бўлимининг 2019 йил 18 февралдаги 17-01-22-сон маълумотномаси). Бу “Ҳозирги қорақалпоқ шеъриятининг жанрий хусусиятлари” қисмини ёзишда шоир ижодида поэтик маъно ва туйғу мутаносиблиги, мумтоз ва замонавий шеърият жанрлари, унинг образ яратиш маҳорати, сўз қўллаш услуби борасидаги талқинлар илмий манба вазифасини ўтаган ҳамда мавжуд қарашлар қамровини кенгайтиришга хизмат қилган;

илмий натижалар Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг адабий-бадиий кўрсатувларида жорий қилиниб, “Янги кун” рукнидаги кўрсатувда иштирок этилган (Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг 2018 йил 15 октябрдаги 1687-сон маълумотномаси). Натижада М.Абдулҳаким ижодий меросининг умумий мундарижасини кузатиш асосида муаллифнинг кўпқиррали ижодкор эканлиги, ижодкор изланишларидаги омиллар ва босқичларнинг асосий хусусиятларини очиб бериш орқали, шоирнинг мустақиллик даври ўзбек шеъриятини фалсафий мазмун, ҳикматона оҳанг билан бойитиш ва бадииятини такомиллаштиришдаги ўрни  аниқланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish