Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмедов Туйчи Адашевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар:

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда телевидениенинг ривожланиш жараёни ва унинг аҳоли ижтимоий-маданий ҳаётидаги ўрни (1991–2016 йиллар)”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В.2018.3.PhD/Tar.8.

Илмий раҳбар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Жиззах давлат педагогика институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ Ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Tar.01.04.

Расмий оппонентлар: тарих фанлари доктори, профессор Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори Махкамова Нодира Рахмановна.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: 1991–2016 йилларда Ўзбекистонда телевидениенинг ривожланиш жараёни ва унинг аҳоли ижтимоий-маданий ҳаётидаги ўрнини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Ўзбекистонда давлат телевидениеси ривожининг тўртта босқичи кўрсатилган: биринчи босқич (1991–1997 йиллар) – ғоявий-маънавий жиҳатдан янги даврга мос миллий телеканалларнинг шаклланганлиги, иккинчи босқич (1997–2004 йиллар) – турли йўналишларга эга бўлган ихтисослашган телеканалларнинг таркиб топганлиги, учинчи босқич (2005–2011 йиллар) – ихтисослашган ва ҳудудий телеканалларни моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги, улар фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй берганлиги, тўртинчи босқич (2011 йилдан кейинги йиллар) – рақамли  телеканалларнинг вужудга келиши билан боғлиқ омиллар қиёсий жиҳатдан очиб берилган;

республика телеканалларининг   мамлакатни узоқ ва чекка ҳудудларида содир бўлаётган ўзгаришларни тўлиқ ёритиб беришда эфир имкониятлари етарли эмаслиги сабабли “Элликқалъа”, “Истиқлол”, “Нурота”, “Ғиждувон”, “Олмалиқ”, “Ургут”, “Зарафшон” каби шаҳар ва туман телестудиялари шаклланганлиги, уларни ахборот тарқатиш ва теледастурларни эфирга узатиш орқали телеканаллар ўртасидаги рақобат жараёнига ижобий таъсир кўрсатганлиги асослаб берилган; 

телевидение соҳасига рақамли форматнинг жорий этилиши ўнлаб телечастоталарда телеканалларни эфирга узатиш ҳамда аҳоли қизиқишларига мос соҳалар бўйича телеканалларни ихтисослаштириш имконини берганлиги исботланган;

нодавлат телеканаллар давлат бюджетидан молиялаштирилмаслиги ва ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаши сабабли уларнинг нормал фаолияти учун зарур ҳисобланган телестудиялари, моддий-техник жихозлари, профессионал журналистларни жалб этиш ҳолати реклама ва тадбиркорликни қанчалик йўлга қўйганлиги билан боғлиқ бўлганлиги, бу эса айрим телеканалларни ўз фаолиятини тўхтатишига ҳам олиб келганлиги асослаб берилган. 

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистонда телевидениенинг ривожланиш жараёни ва унинг аҳоли ижтимоий-маданий ҳаётидаги ўрни бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

телевидение асосида ташвиқот жараёнини кучайтириш зарурлиги билан боғлиқ илмий натижалар “Сайловолди ташвиқоти” номли қўлланмада акс эттирилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2018 йил 7 майдаги 218/3-сон маълумотномаси). Мазкур рисолада баён қилинган таҳлил ва таклифлар 2014 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига ўтказилган сайловларда республика бўйича 9035 та участка сайлов комиссияси фаолиятини методик жиҳатдан яхшилашга хизмат қилган;

тележурналистика олдидаги муаммолар, бу борадаги таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2018 йил 24 майдаги 14/145-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқотда умумлаштирилган таҳлиллар республика, ҳудудий ва нодавлат телеканаллар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ва мониторинг қилишга хизмат қилган;  

ҳудудлардаги нодавлат телеканалларининг ривожлантириш мақсадида уларнинг реклама ва тадбиркорлик фаолиятини кучайтириш каби таклиф ва хулосалардан Жиззах вилоят “Истиқбол” минтақавий тадқиқот марказининг  “Жойларда ижтимоий муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик назоратини кучайтириш” мавзусидаги грант лойиҳасини бажаришда  фойдаланилган (Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2019 йил 26 мартдаги QX-18-сон маълумотномаси). Ушбу маълумотлар телевидениени жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги фаолиятини баҳолаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish