Sayt test rejimida ishlamoqda

Халилова Зилола Эркиновнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “1945-1991 йилларда Ўзбекистонда ислом дини таълимининг ҳолати ва тарихшунослиги”, 07.00.08–Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2017.1.PhD/Tar77.

Илмий раҳбар: Алимова Дилором Агзамовна, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.

Расмий оппонентлар: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор; Минавваров Зоҳилло Иномходжаевич, сиёсий фанлар доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: 1945–1991 йилларда Ўзбекистонда ислом таълим муассасалари фаолиятини очиб бериш ҳамда муаммонинг тарихшунослигини ёритишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 

Ўзбекистон ССРнинг ислом таълим муассасаларида ал-Азҳар, ал-Қараваййин, Бенгази, Уммудурмон сингари хорижий университетларнинг таълим дастурлари асосида иш юритилганлиги ва шу орқали собиқ Совет Иттифоқи билан араб давлатлари ўртасида дўстона муносабатлар йўлга қўйилганлиги ҳамда диний таълим тизимида “анъанавий” билан бирга “замонавий” таълим шаклларининг қўлланганлиги аниқланган;

Ўзбекистонда ташкил этилган таълим муассасаларининг “сиёсий объект” вазифасини бажарганлиги, яъни “халқаро туризм” маскани сифатида Совет Иттифоқининг Шарқ мамлакатлари (Миср, Сурия, Иордания, Марокаш, Судан) билан олиб борган халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга, улар ўртасидаги маданий алмашинувни таъминлашга хизмат қилганлиги ва Ўзбекистондаги бир гуруҳ талабаларнинг хориж ислом университетларида малака оширишларига имконият яратганлиги асослаб берилган;

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармасининг дин ва маънавий қадриятларни сақлаб қолишдаги аҳамияти, жумладан, собиқ Совет Иттифоқи республикалари ҳамда Болгария, Вьетнам, Яман, Афғонистон каби давлатларига диний ходимларни тайёрлашда қўшган салмоқли ҳиссаси расмий ҳужжатлар асосида далиллаб берилган;

хориж (инглиз-америка) тадқиқотларида советология йўналишида давлатнинг ислом дини ва таълимига доир сиёсатини баҳолашда бир томонлама танқидий ёндашувлар устун эканлиги, Ватан ва Россия тарихшунослигида эса, исломшунослик йўналишида муаммонинг ижобий ва салбий жиҳатлари нисбатан холисона баҳоланганлиги кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

1945-1991 йилларда Ўзбекистонда ислом дини таълими ҳолати ва тарихшунослигини ўрганиш  юзасидан олинган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

Ўзбекистонда 1945–1991 йилларда дин соҳасида давлатнинг олиб борган сиёсати ва бу жараёнда Мир Араб, Бароқхон мадрасалари, Тошкент Ислом институти фаолиятининг ташкил этилиши жамиятда маънавий-маданий қадриятларни қайта тикланишига хизмат қилганлиги борасидаги хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг илмий концепциясини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг 2018 йил 16 февралдаги 53/18-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши совет йилларида ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг ислом қадриятлари ва диний таълимотини сақлашдаги аҳамиятини кўрсатиб беришда асос бўлган.

XX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармасининг Шарқ мамлакатлари билан олиб борган халқаро алоқалари, Тошкент ислом институти бир гуруҳ талабаларининг хориж ислом университетларидаги фаолиятига доир маълумотлар Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳузурида ташкил этилган музей экспозицияларини яратишда қўлланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 11 июндаги 1252-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар мураккаб ва зиддиятли даврда диний бошқарманинг кадрлар тайёрлаш тажрибасини ёритишда далил бўлган.

Совет давлатининг ислом дини соҳасида олиб борган сиёсати ва унинг диний таълим муассасаларига таъсири юзасидан олинган илмий хулосалар Австрия Фанлар академияси Эроншунослик тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган “Seeing Like an Archive: Documents and Forms of Governance in Central Asia” лойиҳасида фойдаланилган (2018 йил 23 майдаги Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти маълумотномаси). Тадқиқот натижалари совет йилларида ислом ва давлат муносабатлари, бу сиёсатнинг моҳияти, мадрасалар ва ислом институти фаолиятини очиб беришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish