Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳамроев Ҳусен Фатуллаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Чўл яйловлари маҳсулдорлигини оширишнинг ўрмонмелиоратив ва экологик асосларини такомиллаштириш», 06.03.01–Ўрмон экинлари. Селекция, уруғчилик ва шаҳарларни кўкаламзорлаштириш. Ўрмонлар агромелиорацияси ва ҳимоя ўрмонларини барпо этиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Qx153.

Илмий раҳбар: Қайимов Абдухалил, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети,  DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Кожахметов Советбек Кожахметович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Каримов Фарҳод Исомиддинович, биология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: яйлов фитоценози ва унинг шаклланиш динамикасини, турли типдаги тупроқ шароитида ўрмон иҳотазорларининг яйловлар маҳсулдорлигига таъсирини баҳолаш ҳамда иқлим омиллари ва чўл яйловлари маҳсулдорлиги орасидаги боғлиқликни аниқлаш усулини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Қизилқумнинг турли типдаги тупроқ шароитида яйлов фитоценозлари учун ўрмон иҳота ва мелиортив-озуқа қаторлари тузилишининг оптимал кўрсаткичлари аниқланган;

ўрмон иҳотазорлари таъсири натижасида турли типдаги тупроқларда ўсимлик тур таркибининг ўзгариши, чўл яйловларининг йиллик ва мавсумий маҳсулдорлик кўрсаткичларини шаклланиш динамикаси аниқланган;

чўл яйловларида ўрмон иҳотазорларининг микроиқлим ҳосил қилиш хусусияти, унинг баҳор ва ёз мавсумларидаги ўзгариш кўрсаткичлари асосланган;

ўрмон иҳотазори билан ҳимояланган ва табиий чўл яйловлари маҳсулдорлиги ҳамда иқлим омиллари орасидаги математик боғлиқликнинг регрессия тенгламалари ишлаб чиқилган;

чўл яйловларида ўрмон иҳота ва мелиоратив-озуқа қаторлари барпо этишнинг самарадорлик кўрсаткичи аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Чўл яйловлари маҳсулдорлигини оширишнинг ўрмон мелиоратив ва экологик асосларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:

ўт қоплами кучсиз ривожланган қумли тупроқ шароитида иҳотазор ва мелиоратив-озуқа қаторлари барпо этиш технологияси Жондор ва Қоракўл давлат ўрмон хўжаликларида 20,0 гектар майдонда жорий этилган (Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2018 йил 12 декабрдаги 03/18-4164-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида яйлов маҳсулдорлиги 0,64–3,53 озуқа бирлиги кг/га га ортган ва иқтисодий самарадорлик 12,933 млн сўмни ташкил этган;

сур-қўнғир тупроқ шароитида мелиоратив-озуқа қаторлари барпо этиш технологияси Жондор ва Қоракўл давлат ўрмон хўжаликларида 20,0 гектар майдонда жорий этилган (Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2018 йил 12 декабрдаги 03/18-4164-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида яйлов маҳсулдорлиги 0,18–2,64 озуқа бирлиги кг/га га ортган ва иқтисодий самарадорлик 10,458 млн сўмдан иборат бўлиши аниқланган;

паст-тепаликли қумли тупроқ шароитида мелиоратив-озуқа қаторлари барпо этиш технологияси Жондор ва Қоракўл давлат ўрмон хўжаликларида 5,0 гектар майдонда жорий этилган (Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2018 йил 12 декабрдаги 03/18-4164-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида яйлов маҳсулдорлиги 0,38–2,10 озуқа бирлиги кг/га га ортган ва иқтисодий самарадорлик 8,428 млн сўмга тенг бўлишига эришилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish