Sayt test rejimida ishlamoqda

Холйигитова Насиба Хабибуллаевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўқувчилардаги касб мотивлари барқарорлигига гуруҳий жипсликнинг таъсири”, 19.00.05–Ижтимоий психология, этнопсихология бўйича (психология фанлари). 

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.РhD/Psi23.

Илмий раҳбар: Каримова Васила Маманосировна, психология  фанлари доктор, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc27.06.2017.Psi.01.07.

Расмий оппонентлар:Самаров Рустам Садриддинович,  фалсафа  фанлари доктори, профессор; Абдураҳмонова Зуҳра Эркиновна,психология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўқувчилар касб мотивлари барқарорлигига таъсир этувчи гуруҳий жипсликнинг ижтимоий-психологик омилларини аниқлаш ва уларнинг аҳамиятини таъминлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

гуруҳдаги статус, эмоционал экспансивлик, ўзаро ҳамжиҳатлик (социометрик), гуруҳ аъзоларининг ўрни, ўзаро бир-бирини эътироф этиши, қўллаб-қувватлаши (референтометрик), оиланинг нуфузи, ота-онанинг касбга қизиқтириш лаёқати ва қўллаб-қувватлашлари (касб-танлаш қадриятлари) каби ўқувчиларда касбий мотивларнинг шаклланишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий-психологик омиллар аниқланган;

ўқувчилар касбий мотивларининг барқарорлик даражасига кўра ички ижтимоий аҳамиятли мотивлар, ички индивидуал аҳамиятга эга мотивлар, ташқи ижобий мотивлар ва ташқи салбий мотивлар аниқланган;

ўқувчиларнинг касбий мотивлари барқарорлигини шартловчи шахсий-касбий мотив, мулоқотга мойиллик мотиви, прагматик мотив, мавқега эга бўлиш мотиви, ижтимоий мотив ва билиш мотиви каби турлари  аниқланган;

ўқувчиларнинг касбий мотивлари барқарорлигига кўра ўқув топшириқлари ва жамоат ишларини биргаликда бажаришга ҳайрихоҳ  бўлганлар, ҳамкорликда фаолият олиб борувчилар, касбий қизиқишлари билан  дунёқарашлари бир-бирига мос келувчилардан иборат гуруҳий жипслик турлари  аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўқувчилардаги касб мотивлари барқарорлигига гуруҳий жипсликнинг таъсири бўйича олинган илмий натижалар асосида:

гуруҳдаги статус, эмоционал экспансивлик, ўзаро ҳамжиҳатлик  (социометрик), гуруҳнинг ҳар бир аъзосининг ўрни, ўзаро бир-бирини эътироф этиши ва қўллаб-қувватлаши (референтометрик), оиланинг нуфузи, ота-онанинг касбга қизиқтириш лаёқати, қўллаб-қувватлашлари (касб-танлаш қадриятлари) ўқувчиларда касбий мотивларнинг шаклланишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий-психологик омилларга доир олинган натижалар Республика болалар ижтимоий мослашув марказини амалий фаолиятига жорий қилинган (Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг 2018 йил 27 июлдаги 06/361-сон маълумотномаси). Натижада ўқувчиларни касбий йўналганлигини шакллантириш омили сифатида касбий мотивнинг компонентлари, касбий тасаввурлари ижтимоий-психологик феноменлари тўғрисидаги илмий билимлар билан бойитилган;

ўқувчилар касбий мотивларининг барқарорлик даражасига кўра  ички ижтимоий аҳамиятли мотивлар, ички индивидуал аҳамиятга эга мотивлар, ташқи ижобий мотивлар ва ташқи салбий мотивлари бўйича натижалар Тошкент давлат педагогика университети қошидаги “Психология” ўқув-илмий маркази фаолиятига жорий қилинган (“Психология” ўқув-илмий маркази илмий-методик Кенгашининг 2018 йил 29 ноябрдаги  02-07-3862/04-сон маълумотномаси). Натижада тингловчилар, амалиётчи психологлар фаолиятининг илмий-методик  таъминоти кучайтирилган;

ўқувчиларнинг касбий мотивлари барқарорлигини шартловчи шахсий-касбий мотив, мулоқотга мойиллик мотиви, прагматик мотив, мавқега эга бўлиш мотиви, ижтимоий мотив ва билиш мотивлар бўйича натижалар Республика болалар ижтимоий мослашув маркази амалий фаолиятига жорий қилинган (Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг 2018 йил 27 июлдаги 06/361-сон маълумотномаси). Натижада болалар билан ишлашда, уларнинг касбий билимлар кўлами ортиб бориши, мотив сифатида кучайиши, гуруҳдаги психологик муҳитни ижобий идрок этишини таъминлашда, турли ўқув машғулотларини ташкил этиш имкониятлари кенгайтирилган;

ўқувчиларнинг касбий мотивлари барқарорлигига кўра ўқув топшириқлари ва жамоат ишларини биргаликда бажаришга ҳайрихоҳ  бўлганлар, ҳамкорликда фаолият олиб борувчилар, касбий қизиқишлари билан  дунёқарашлари бир-бирига мос келувчилардан иборат гуруҳий жипслик турлари  бўйича олинган натижалар касб-ҳунар коллеж ва академик лицейлар ўқув фаолиятига жорий этилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 3 апрелдаги 89-03-1238-сон маълумотномаси). Натижада ўрта махсус таълими тизими ўқитувчилари ва амалиётчи психологларининг ўқувчиларда касбий мотивларни шакллантиришга доир чора-тадбирлари самарадорлигини оширишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish