Sayt test rejimida ishlamoqda

Холикулов Умид Шодиевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг назарий асослари», 12.00.08–Жиноят ҳуқуқи. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.DSc/Yu84.

Илмий маслаҳатчи: Тахиров Фарход, юридик фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.Yu.25.01.

Расмий оппонентлар: Рустамбаев Мирзаюсуп Хакимович, юридик фанлар доктори, профессор; Отажнов Аброржон Анварович, юридик фанлар доктори, доцент; Мирзаев Азиз Алишерович, юридик фанлар доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристларнинг малакасини ошириш маркази.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини такомиллаштиришга оид назарий жиҳатдан асослантирилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисми моддасининг диспозициясини шакллантиришда тизимли ёндашиш, хусусан жиноят таркиби белгиларини мазмун-моҳияти, ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига кўра модданинг турли қисмлари ёки турли моддаларда мантиқий изчилликда баён этиш лозимлиги асослантирилган;

террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарни қоплашда зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқини жиноят ва фуқаролик ҳуқуқи ўртасидаги тизимли алоқадорликда таъминлаш зарурати очиб берилган;

жиноят қонунчилиги нормаларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан унификация қилиш – жиноят ҳуқуқи нормаларини, шунингдек унинг манбаси ҳисобланган ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари нормаларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан қиёслаш орқали уларга мувофиқлаштириш ва мослаштиришдан иборат жараён эканлиги асослаб берилган;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида қўлланадиган атама ва тушунчаларни уларнинг тегишли соҳалардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат­ларда берилган таърифлари мазмунига мос равишда такомиллаштириб бориш жиноятларни квалификация қилишда уларни турлича шарҳлаш ҳамда унинг натижасида келиб чиқадиган муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилиши асослаб берилган;

жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсларни ахлоқан тузатиш, шунингдек, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган жазо турлари ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритишда, энг аввало, шахснинг табиий эҳтиёжлари ва турмуш даражасини инобатга олиш зарурати асослантирилган;

айбли ижтимоий хавфли қилмишларни уларнинг хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида икки тоифага – кам аҳамиятли қилмиш ва жиноятга ажратиш лозимлиги асосланган;

тажовузга учраган қадрият, неъмат ёки манфаатни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини белгиловчи муқобил кўрсаткичлар сифатида аниқ белгилаш зарурати ҳамда жиноятларни таснифлашда уларнинг аҳамияти асослаб берилган.

IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг назарий асослари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисми моддасининг диспозициясини шакллантиришда жиноят таркиби белгиларини мазмун-моҳияти, ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига кўра модданинг турли қисмлари ёки турли моддаларда мантиқий изчилликда баён этишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1553-моддаси (Терроризмни молиялаштириш)ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 24 апрелдаги 06/1-05-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий қилиниши Ўзбекистон РеспубликасиЖиноят кодекси Махсус қисми моддасининг диспозициясини шакллантиришга тизимли ёндашиш имконини берган;

зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқини жиноят ва фуқаролик ҳуқуқи ўртасидаги тизимли алоқадорлик асосида таъминлашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1001-моддаси (Зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқи)ни такомиллаштиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил 9 февралдаги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари Қўмитасининг 2015 йил 9 февралдаги 06/2-06/96вх-сон маълумотномалари). Ушбу таклифларнинг жорий қилиниши жиноят қонунининг ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари билан алоқадорилигини таъминлашга, шу жумладан зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилган;

жиноят қонунчилигини халқаро ҳуқуқ нормалари билан унификация қилишга оид илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон «Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси­да»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концеп­цияси»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2018 йил 15 декабрдаги 3/32-1853/8-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф жиноят қонунчилиги нормаларини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш орқали уларни такомиллаштиришга хизмат қилган;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида қўлланадиган атама ва тушунчаларни уларнинг тегишли соҳалардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар­да берилган таърифлари мазмунига мос равишда такомиллаштириб боришга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Экстремизмга қарши кураш тўғрисида»ги қонунининг 3-моддаси (Асосий тушунчалар)ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 йил 20 ноябрдаги 06/2-06/896-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф­ларнинг жорий қилиниши экстремизмга қарши кураш соҳасидаги атама ва тушунчаларнинг жиноят қонунчилигида бир хилда қўлланилишига, шунингдек Жиноят кодекси нормаларининг ўзаро ва ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ўртасидаги номувофиқликларни бартараф қилишга хизмат қилган;

жазо турлари ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига жорий этишда шахснинг табиий эҳтиёжлари ва турмуш даражасини инобатга олишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддаси (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш)ни такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2018 йил 11 ноябрдаги 06/2-06/895-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий қилиниши шахсга жазо тайинлашда унга табиий эҳтиёжлари ва турмуш даражасини инобатга олган ҳолда муқобил жазоларни қўллашга хизмат қилади;

айбли ижтимоий хавфли қилмишларни уларнинг хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кам аҳамиятли қилмиш ёки жиноят сифатида белгилашга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон «Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2018 йил 15 декабрдаги 3/32-1853/8-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидаги айрим жиноятларни декриминализация қилинишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish