Данияров Умирзак Тухтамурадовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ипак маҳсулотлари сифатини яхшилаш учун тут ипак қуртининг (Bombyx mori L.) ингичка толали зотларини танлаш ва дурагайларини яратиш», 06.01.04–Ипакчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.DSc/Qx70.
Илмий маслаҳатчи: Якубов Ахматжон Бакиевич, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, PhD.30.08.2018.Qx.75.01.
Расмий оппонентлар: Насириллаев Бахтияр Убайдуллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Охунбабаев Охунжон Абурахманович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Кахаров Абдусаттар, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тут ипак қуртининг ингичка толали зотлари иштирокида ҳар хил турига мансуб чатиштириш усуллари билан маҳсулдорлиги ва технологик кўрсаткичлари юқори бўлган ингичка толали дурагайларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор жаҳон ва ички бозорларда рақобатбардош бўлган ингичка ипак толали «Майин тола 1» ва «Майин тола 2» саноат дурагайлари яратилган;
ингичка ипак толали дурагайларни яратиш учун пилла толасининг юқори технологик хусусиятларига эга бўлган турли географик ҳудудлардан келтирилган «К-108», «Я-120», «Японская-66» зотлари танланган ва маҳаллий ўрта толали «Ипакчи 1», «Ипакчи 2» зотлари билан чатиштирилган;
тут ипак қурти генетик коллекцияси зотларининг технологик тавсифларини қиёсий баҳолаш учун зотларни даражалаш услуби ишлаб чиқилган;
ингичка ипак толали дурагайларни яратиш учун тут ипак қуртининг юқори инбред тизимларидан фойдаланиш мумкинлиги исботланган;
пилла хом ашёсининг сифатини ошириш мақсадида дурагайлашда тут ипак қуртининг партеногенетик клонларидан фойдаланиш самарадорлиги назарий жиҳатдан асосланган;
пиллаларнинг технологик хусусиятларини оширишда тўйинтирувчи чатиштиришларни қўллаш мумкинлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ипак маҳсулотлари сифатини яхшилаш учун тут ипак қуртининг ингичка толали зотларини танлаш ва дурагайларини яратиш бўйича олинган натижалар асосида:
уруғчилик корхоналарида тут ипак қурти уруғини сифатини ошириш усуллари «Ингичка толали зотлар билан ҳар хил турига мансуб чатиштириш ўтказиш йўли билан ипак толасини яхшилаш усули» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-42/1-сон маълумотномаси). Натижада наслли уруғчилик станциясида Наврўз-3, Наврўз-4 дурагайларининг ташкил этувчи зотлардан 10 қути суперэлита ипак қуртлари парваришланган ва ҳар бир қутидан 8,5 кг қўшимча пилла етиштиришга эришилган ва иқтисодий самарадорлик (бир қути ҳисобида) 133015 сўмни ташкил этган;
тут ипак қурти зотларини даражалаш услубиёти асосида янги яратилган «Майин тола 1», «Майин тола 2» саноат дурагайларидан тайёрланган 12 қути уруғлари Тошкент вилояти Бўка туманидаги «Абдужаббор ота» ва «Асомиддин Асадбек» фермер хўжаликларида пилла етиштириш жараёнида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-42/1-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида бир қути ҳисобидан 8–10 кг қўшимча пилла етиштирилган ва иқтисодий самарадорлик 87875 сўмга тенг бўлган;
ингичка толали технологик хусусиятлари юқори даражада бўлган янги «Майин тола 1» ва «Майин тола 2» дурагайлари Тошкент вилояти Пискент туманидаги «Иброхимзода Хондамир» ва «Дадаева Анора» фермер хўжаликларида жами 6 қути миқдорида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-42/1-сон маълумотномаси). Натижада бир қути ҳисобига пилла ҳосили 6,2 килограмга ошган ва иқтисодий самарадорлик 59375 сўм ошишига эришилган;
экологик оғир иқлим шароитида янги «Майин тола 1» ва «Майин тола 2» дурагайлари Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги «Қурама» ва «Иззат отажон ҳамкор» фермер хўжаликларида жами 6 қути миқдорида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 22 январдаги 01/032-42/1-сон маълумотномаси). Натижада бир қути ҳисобига пилла ҳосили 7,6 килограмга ошган ва иқтисодий самарадорлик 118930 сўмни ташкил этган.