Sayt test rejimida ishlamoqda

Маматмусаев Тохир Шайдуловичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон тарихий шаҳарларининг шаклланиши ва ривожланиши», 18.00.01–Архитектура назарияси ва тарихи. Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш ва тиклаш (архитектура).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2017.3.DSc/A4.

Илмий маслаҳатчи: Аҳмедов Муҳаммад Қосимович, архитектура доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш институти, DSc.27.06.2017.A.11.02.

Расмий оппонентлар: Ширинов Темир, тарих фанлари доктори, профессор; Муқимов Рустам Самадович, архитектура доктори, профессор; Дурдиева Гавҳар Салаевна, архитектура фан доктори, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон тарихий шаҳарларининг қадимдан то ХХ асрнинг бошларига қадар бўлган шаклланиш ва ривожланиш босқичларининг архитектура ва шаҳарсозлик тамойилларини аниқлашдан иборат.

IIIТадқиқотнинг илмий янгилиги:

Абу Райҳон Беруний ва “Авесто” маълумотлари ҳамда мил.ав. II–I минг йилларга оид археологик манбаларга асосланиб, Ўрта Осиёда мил.ав. II мингинчи йилларда илк урбанизацион жараёнларнинг вужудга келганлиги ва Сополлитепа манзилгоҳининг “Вара” кўринишидаги протошаҳар сифатида илк шаҳарларнинг келиб чиқишини белгилаб берганлиги аниқланган; 

аҳоли манзилгоҳларининг кўчалари, турар жой, ишлаб чиқариш, диний бинолари, жамоа марказлари ва мудофаа иншоотларини табақалаштириш воситалари орқали шаҳар эканлигини аниқловчи 14 компонентли архитектура-шаҳарсозлик алгоритми ишлаб чиқилган ва шу асосда Ўзбекистонда Жарқўтон қароргоҳининг илк шаҳар намунаси бўлганлиги исботланган;

қадимдан то ХХ асрнинг бошларигача бўлган давр шаҳарлари чодирли, дуал, икки ёки уч қисмли ва икки тузилмали тарзда шаклланганлиги аниқланган;

шаҳарлар қадимги ва антик даврларда асосан концентрик, ўрта асрларда секторли ва XIX асрнинг 2-ярмидан бошлаб кўп ядроли тарзда ривожланганлиги аниқланган; 

ўрта асрларда йирик шаҳарлар уч қисмли (арк, шаҳристон ва рабод) ҳамда мудофаа деворлари билан муҳофазаланганлиги, одатда шаҳристон 4 ва рабод 12 дарвозали бўлганлиги, шаҳар марказида чорсу ва регистон майдонлари шаклланганлиги, шаҳарлар чақарлар (ҳарбий истеҳком бинолари)га эга бўлганлиги аниқланган;

тарихий шаҳарсозлик базасида туризмни ривожлантиришга қаратилган эски Термиз шаҳри ҳудудида жойлашган кушонлар даврига мансуб Қоратепа манзилгоҳининг асосий биноси ҳовли қисми ва Чингизтепа ёдгорлигининг мудофаа девори график реконструкция вариантлари, шунингдек Темурийлар даврига мансуб Чилсутун, Боғи Бўлди, Боғи Давлатобод боғлари кўшк-саройларининг илк архитектуравий кўринишларининг лойиҳавий таклифлари ишлаб чиқиланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 

Ўзбекистон тарихий шаҳарларининг шаклланиши ва ривожланиши мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида:

тарихий шаҳарларнинг таркибий қисмлари – кўчалар, шаҳар майдонлари, жамоат бинолари, меъморий ансамблларнинг шаҳарлар режасида жойлашуви ва уларнинг модул тизими қоидаларига мос тушиши юзасидан қўлга киритилган илмий натижалардан “Архитектура шаклларини уйғунлаштириш ва безаш” дарслигининг “Шаҳарсозликда модул тизими ва ҳандасавий уйғунлик” номли VIII бобини шакллантиришда фойдаланилган (ўқув адабиётининг 2015 йил 30 майдаги 191-065-сон нашр рухсатномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши қадимги манбаларда шаҳарларнинг жойлашуви, шаҳарсозлик ечимларининг мувофиқлаштирилиши, шаҳарсозликда модул тизими каби тушунчаларнинг ўзига хос жиҳатларини очиб бериш имконини берган;

тарихий шаҳарларнинг вужудга келиши 3000 йилга бориб тақалиши, протошаҳарлар, илк шаҳар намуналари, шаҳарлар режасининг эволюцион ривожланиши, уларнинг генетик асослари бўйича олинган натижалар Ф.1-86 рақамли “Ўзбекистон архитектурасининг мустақиллик мафкураси асосида шаклланиш қонуниятларини тадқиқ этиш ва самарали ривожлантириш тамойилларини ишлаб чиқиш” (2011–2016 йй.) мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 12 октябрдаги 89-03-3514-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши Ўзбекистон шаҳарсозлигининг генетик асосларини белгилаш ҳамда шаҳарсозлик анъаналарининг қадимдан вужудга келганлиги ва тараққий этганлиги хусусида аниқ хулосалар чиқариш имконини берган;

Самарқанд шаҳрининг қадимдан ҳозиргача бўлган шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, шунингдек Темурийлар даврига мансуб боғларнинг ҳозирда сақланмаган Чилсутун, Боғи Бўлди, Боғи Давлатобод кўшк-саройларининг илк архитектуравий кўринишлари лойиҳавий таклиф ечимларидан амалиётда фойдаланилган (Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 01-01/950-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши Самарқанд вилояти тарихий муҳитини сақлаш, қайта қуриш ва туризмни ривожлантириш имконини берган;

қадимдан Хоразм шаҳарлари ҳандасавий нисбатлаш асосида қурилганлиги, ҳудудий-маъмурий қисмларга ажратилганлиги, мустаҳкам мудофаа деворлари мавжудлиги, иқлим омилининг муҳимлиги, шунингдек Хива, Кўҳна Урганч, Шаббоз, Ҳазорасп каби шаҳарлар қадимдан шаклланган ядролари атрофида ривожланганлиги каби илмий натижалар Ф1-ФА-0-17788 рақамли “Хоразм урбанизациялашган маданиятининг энг қадимги ва қадимги тарихи” (2012-2016 йй.) мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Хоразм Маъмун академиясининг 2018 йил 15 ноябрдаги 15/11-18-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланилиши Хоразм шаҳарсозлигининг генетик асосларини белгилаш ҳамда шаҳарсозлик анъаналарининг қадимдан вужудга келганлиги ва тараққий этганлиги хусусида аниқ хулосалар чиқариш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish