Эрматов Баҳодир Содиқовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ғарбий Европа мамлакатлари адабиётларида Амир Темур сиймоси (сарчашмалар, тасаввур ва талқинлар)», 10.00.04–Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 2017.1.DSc/Fil32.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.27.06.2017.Fil.21.01.
Расмий оппонентлар: Тўхлиев Боқижон, филология фанлари доктори, профессор; Бақоева Муҳаббат,филология фанлари доктори, профессор; Қосимов Абдуғапур, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ғарбий Европа халқлари адабиёти тарихида Амир Темур ҳақида яратилган асарларни таҳлил қилиш ва уларда Соҳибқирон сиймосининг талқин этилишини ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XV-XX асрларда испан, итальян, француз, инглиз ва немис адабиётида Амир Темур ҳақида яратилган турли жанрлардаги асарларда Соҳибқирон образининг bon (яхши), grand (катта), tres grand (буюк), haut (юксак) эпитетларида берилганлиги исботланган;
Амир Темур, унинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ мавзу Ғарбий Европа мамлакатлари адабиёти тарихида илк бор драматургияда шаклланиб, сўнг Uomo famosi – «машҳур инсон» сифатида бадиий адабиётнинг барча жанрларига кириб келгани асосланган;
Амир Темурнинг ҳарбий санъати юксак баҳолаганлиги ва унинг тарихда биринчи бўлиб психологик уруш тактикасини қўллагани бадиий асарлар мисолида очиб берилган;
XIX-XX асрлар инглиззабон болалар шеъриятида илк бор қўғирчоқ ўйнаб ўтирган шаҳзода Темур сиймоси яратилганлиги, ирланд шоири Крив Роу Little Tamerlane («Шаҳзода Темур») балладаси билан жаҳон болалар адабиётига Амир Темур мавзусини олиб кирганлиги исботланган;
Ғарбий Европа драматургиясида Амир Темур ўз тақдирини ўзи белгилаган, келажаги учун ўзи курашувчи инсон сифатида тасвирланганлиги учун ҳам К.Марлонинг «Буюк Амир Темур» трагедияси ва Ж.Ф.Хандлнинг «Амир Темур» операси бугун ҳам дунё театрлари саҳналарида ўйналаётганлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғарбий Европа мамлакатлари адабиётларида Амир Темур сиймоси билан боғлиқ изланишлар жараёнида олинган илмий натижалар асосида:
Ғарбий Европа мамлакатлари адабиётларида XV-XX асрларда яратилган Амир Темур ҳақидаги турли жанрлардаги асарларнинг муштаракликлари ва ўзига хосликларига оид натижалардан Ф1-02 «Адабиётшунослик тарихининг фундаментал тадқиқи» мавзусидаги Давлат гранти лойиҳасида фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 14 августдаги 02-11/479-сон маълумотномаси). Улар Ғарб мамлакатларида Уйғониш даври эстетикасининг муштараклиги ва миллий ўзига хослиги, Ғарб адабиётшунослигининг ўзига хос хусусиятлари ва фарқланиш мезонлари, Ғарбий Европа мамлакатлари драматургиясининг сарчашмалари, асарлардаги тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқиманинг мутаносиблик ва номутаносиблик даражаси, уларда бадиий образ ва характерлар яратишнинг ўзига хослигини очиб беришга ёрдам берган;
Ғарбий Европада Амир Темур ҳақида яратилган асарларда Соҳибқирон образининг халқпарвар ҳукмдор сифатида тасвирланганлиги бўйича олинган натижалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Бадиий таржима ва халқаро алоқалар» кенгашида кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2017 йил 25 сентябрдаги 01-03/860-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек классик шоирлари Атоий, Саккокий, Лутфий, Навоий, Бобур, Зебунисо ва Нодирабегимнинг ғазал ва рубоийлари француз тилига таржима қилиниб, Парижда «Темурий шаҳзодалар саройида» номли китобнинг нашр этилишига асос бўлган;
Ғарбий Европа адиблари ва санъаткорларининг тарихий воқеалар эмас, мураккаб характерга эга бўлган саркарданинг шахсияти тўғрисидаги хулосаларидан Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида Амир Темур ҳаётига бағишланган асарни саҳналаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг 2017 йил 29 сентябридаги 01-11-07-4605-сон маълумотномаси). Тадқиқотчининг «Амир Темур» трагедиясининг сюжет ва композицияси, образлар тизими, бадиий хусусиятлари, унда илгари сурилган ғоялар ва драматург маҳоратига тааллуқли мулоҳазалари спектакль ижодкорлари учун зарур манба бўлиб хизмат қилган;
XIX-XX асрлар инглиззабон болалар шеъриятида илк бор қўғирчоқ ўйнаб ўтирган шаҳзода Темур сиймоси яратилганлиги, ирланд балладасининг таржимаси бўйича олинган натижаларидан «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Халқаро кўрсатувлар» таҳририяти томонидан эфирга узатилган «Кўнгил кўприклари», «Амир Темур ва жаҳон», «Тилга эътибор» ва «Ассалом, келажак» туркум кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон» телерадиоканалининг 2018 йил 27 ноябрдаги 01-13-2127-сон маълумотномаси). Мулоҳазалар кўрсатувларнинг объектив тайёрланиши, маънавий таъсирчанлиги, бадиий эмоционаллиги ва тарбиявий аҳамиятини оширишга ёрдам берган.
XV-XX асрларда испан, итальян, француз, инглиз ва немис адабиётида Амир Темур ҳақида яратилган турли жанрлардаги асарлар таржимаси бўйича олинган натижаларидан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги илмий фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг 2018 йил 12 ноябрдаги 01-3933-сон маълумотномаси). Улар Архиепископ Иоанн. Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар, Люсьен Керен. Амир Темур салтанати, Марсель Брион. Амир Темур сингари китобларни чоп этишга асос бўлиб хизмат қилган.
XV-XX асрлар немис ёзувчилари И.Шильтбергер, И.В.Гёте, К.Эдшмид, Т.Нагелларининг бадиий маҳоратига тааллуқли мулоҳазалардан Германия Федератив Республикасининг Мюнстер шаҳридаги Вильгельм номли Вестфаль университети билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биргаликда амалга оширган «Тил, адабиёт ва маданиятдаги ҳинд-герман ва ҳинд-герман бўлмаган алоқалар» (Indo-germanische und außerindogermanische Kontakte in Sprache, Literatur und Kultur) мавзуидаги GIP халқаро фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 15 ноябридаги 89-03-3929-сон маълумотномаси). Билдирилган фикр ва мулоҳазалар немис ёзувчилари асарларининг ўзига хос хусусиятлари, уларда илгари сурилган ғоялар, мавзулар кўлами, сюжет ва композицион қурилишини асослаш имконини берган.