Юлдашева Гулнора Бурановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Автотрактор агрегатлари учун фтор таркибли металлополимер композицион материалларни яратиш», 05.02.01–Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси (қуймачилик ва металларга термик ишлов бериш йўналиши бўйича) (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Т72.
Илмий раҳбар: Рисқулов Алимжан Ахмаджанович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.28.02.2018.Т.03.04.
Расмий оппонентлар: Михридинов Рискидин Мехридинович, техника фанлари доктори, профессор; Джумабаев Алижон Бакишевич, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: юк автомобиллари кардан валларининг шлицали бирикмаси мисолида автотрактор агрегатлари учун фтор таркибли металлополимер композицион материалларни яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
металлополимер триботехник системаларининг фторли, ейилиш ингибиторлари молекуляр масса мезони бўйича таснифланган;
молекуляр, молекулалараро, молекулалардан юқори, нано ва макрофазавий поғоналарда, материалшуносликка оид технологик ва триботехник омиллар таъсирида ташкил этиш жараёнларини бошқаришни назарда тутувчи полимер, олигомер ва аралаш матрицалар асосида олинган фторли нанокомпозит материаллар структурасини бошқаришнинг методик тамойиллари ишлаб чиқилган;
структураси турлича бўлган трибосистемаларнинг элементлари ўзаро ишқаланиши натижасида фторли олигомер ва аралаш матрицалар асосида ажралувчи қатламларнинг шаклланиш механизмлари ишлаб чиқилган;
автомобилларнинг ишқаланувчи қисмлари, нозик технологик жиҳозлар, қулфлаш арматуралари, буюмлар ва ярим маҳсулотларни совуқлайин деформациялаш усулида тайёрлаш жараёнлари учун молекуляр массаси турлича бўлган фтор компонентлар асосидаги нанокомпозит триботехник материаллар ва қопламалар таркиблари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фтор таркибли металлополимер композицион материалларни яратиш асосида:
технологик ва триботехник омиллар таъсирида ташкил этиш жараёнларини бошқаришни назарда тутувчи полимер, олигомер ва аралаш матрицалар асосида олинган фторли нанокомпозит материаллар структурасини бошқаришнинг методик тамойиллари «Ўзбекистон Металлургия комбинати»да юк автомобилларининг кардан валлари шлицали бирикмалари ишқаланувчи қисмларининг қатламларини таъмирлаш технологик жараёнларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2017 йил 16 октябрдаги 01-125-сон маълумотномаси). Натижада ишқаланиб ишлайдиган узелларда фрикцион ўзаро таъсирлар механизм ўзгариши туфайли деталларнинг ейилишга бардошлилигини ошириш имконини берган;
фтор таркибли олигомер, полимер ва аралашмали матрицалар асосидаги ишлаб чиқилган нанокомпозицион ва нанофазали материаллар Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфидаги «Трансйўлқурилиш» давлат унитар корхонасида автомобиль агрегатлари деталларининг таъмирлаш технологик жараёнига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2017 йил 16 октябрдаги 01-125-сон маълумотномаси). Натижада шлицали бирикманинг ейилишга чидамлилигини 1,5-2 маротаба ошириш имконини берган;
нанокомпозицион триботехник материаллар ва фтор компонентли қопламалар «Трансйўлқурилиш» давлат унитар корхонасида юк автомобилларининг кардан валлари шлицали бирикмалари ишқаланувчи қисмларининг элементи сифатида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг 2017 йил 16 октябрдаги 01-125-сон маълумотномаси). Натижада ишқаланувчи деталларнинг ишлаш муддатини оширишга имкон берган.