Sayt test rejimida ishlamoqda

Зиёдуллаев Музаффар Зиёдуллаевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ички ишлар органларининг таянч пунктларини бошқаришни такомиллаштириш», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/Yu93.

Илмий маслаҳатчи: Исмаилов Исамиддин, юридик фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.

Расмий оппонентлар: Джалилов Шухрат Илхамович, юридик фанлар доктори, профессор; Одилқориев Хожимурод Тўхтамуродович, юридик фанлар доктори, профессор; Рўзиев Зафар Райимович, юридик фанлар доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ички ишлар органлари таянч пунктларини бошқаришни такомиллаштириш ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ички ишлар органлари таянч пунктларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, улар фаолиятининг асосий йўналишлари, принциплари ва функцияларини қонун ҳужжатларида ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб бериш зарурати асослантирилган;

ички ишлар органлари таянч пунктларини бошқариш уларнинг фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-методик, моддий-техникавий, кадрлар билан таъминлаш ҳамда негизида ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат ички изчиллик ва узвий алоқадорликдаги мураккаб жараён эканлиги илмий асослантирилган;

туман, шаҳар даражасида ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва ташкил этишнинг ягона ташкилий тизимини қарор топтириш, уни комплекс ҳуқуқий таъминлаш имконини берувчи бошқарув қарори билан тартибга солиш зарурлиги асослантирилган;

таянч пунктларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда, тизимли ва дифференциал ёндашиш, унга илғор иш усуллари ва моделларини жорий этиш ҳамда жамоатчиликнинг узвий ҳамкорлигига таяниш зарурлиги илмий асослантирилган;

соҳани малакали мутахассис кадрлар билан таъминлаш, профилактика инспекторларининг касбий тайёргарлигини юксалтириш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш таянч пунктлари фаолиятини самарали ташкил этишга таъсир кўрсатувчи муҳим мезон эканлиги ҳамда ушбу лавозимлар учун захирани яратишда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси имкониятларидан фойдаланиш зарурати асослантирилган;

жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш – мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳамда ушбу соҳани қонун билан тартибга солиш зарурати асослантирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ички ишлар органларининг таянч пунктларини бошқаришни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

ички ишлар органлари таянч пунктларининг ҳуқуқий мақомини қонун билан мустаҳкамлашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги 2016 йил 16 сентябрдаги ЎРҚ-407-сон Қонунининг 15-моддаси (Ички ишлар органларининг таянч пунктлари)ни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2019 йил 16 январдаги 06-2/06-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар ички ишлар органлари таянч пунктлари тушунчаси, таркиби ва моҳиятини қонун билан белгилаб беришга хизмат қилган;

таянч пунктлари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-методик ва моддий-техникавий таъминлашни такомиллаштириш ҳамда негизида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали уларни бошқариш самарадорлигини оширишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинма­лари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2896-сон Қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органлари таянч пункти тўғрисида”ги низомнинг 2, 5 ва 6-бобларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил 17 октябрдаги 26/-2864-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар таянч пунктлари фаолиятининг ташкилий ва моддий-техник таъминоти, профилактика инспекторларининг давлат ташкилотлари, бошқа ташкилотлар ва аҳоли билан ҳамкорлигини ҳуқуқий мустаҳкамлашга хизмат қилган;

ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолиятини ва уларнинг негизида ҳамкорликни тизимли ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг ички ишлар органлари таянч пунктлари ва профилактика инспекторлари фаолиятини ташкил этишга доир буйруқларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2016 йил 24 февралдаги 26/608-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг фаолиятини ва негизидаги ҳамкорликни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш тартибини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб бериш ҳамда бу борадаги амалиётни такомиллаштиришга хизмат қилган;

таянч пунктларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ҳудуднинг хусусиятини инобатга олган ҳолда, тизимли ва дифференциал ёндашиш асосида ташкил этишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-371-сон Қонунининг 3, 10-моддалари, III, IV, V ва VI бобларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 22 февралдаги 06-15/8-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаш, ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикаси чора-тадбирларини қонун билан ҳуқуқий мустаҳкамлашга хизмат қилган;

профилактика инспекторларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб боришни сайёр тарзда ташкил этиш, уларнинг захирасини яратишда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари имкониятларидан фойда­ланишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ-4075-сон Қарорининг 2, 3, 5 ва 7-бандларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2019 йил 12 январдаги 38/1-20-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар профилактика инспекторларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчи фаолиятини ташкил этиш ва таянч пунктлари негизида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминлашда имкониятларидан фойдаланишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish