Sayt test rejimida ishlamoqda

Хабибуллаев Бехзод Баходиржановичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Иккиламчи иммунтанқислик ҳолатларида маҳаллий хомашёлар асосида ўсимлик ва синтетик моддалардан олинган янги воситаларнинг иммунотроп фаоллиги механизми», 14.00.36–Аллергология ва иммунология (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Tib210.

Илмий маслаҳатчи: Батирбеков Акрам Анварович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Иммунология ва инсон геномикаси институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Иммунология ва инсон геномикаси институти, DSc.30.08.2018.Tib.50.01.

Расмий оппонентлар: Ирсалиева Фатима Хуснутдиновна, тиббиёт фанлари доктори; Сиров Владимир Николаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Шахмурова Гульнара Абдуллаевна, биология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Россия Фанлар академияси Урал бўлими Иммунология ва физиология институти Федерал давлат илмий муассасаси.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: иккиламчи иммунтанқисликларда маҳаллий хомашёлар асосида ўсимлик ва синтетик моддалардан олинган янги воситаларнинг иммунотроп фаоллиги механизмини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ўсимликдан олинган (сукромед, провид, биомайрин, биофтизоэтам, каспий карелинаси, гармала) ва синтетик (рух глюконати) воситаларнинг иммунмодулловчи таъсир механизми аниқланган;

ўсимликдан олинган ва синтетик воситалар турли корпускуляр антигенларга (қўй, эчки эритроцитлари) антитана ҳосил бўлиш жараёнини тезлаштириши исботланган;

тадқиқотда қўлланган воситалар интакт сичқонлар ва иккиламчи иммунтанқислиги (ўткир токсик гепатит, гемолитик анемия, нур касаллиги) бўлган жониворлар қораталоғида антитана ҳосил қилувчи ҳужайралар сонини in vivo ва in vitro тизимида ошириши аниқланган;

ўсимликдан олинган ва синтетик воситалар иммунитетнинг марказий (тимус, илик) ва периферик (қораталоқ, лимфа тугунлари) аъзоларида ҳужайралар миқдорининг ортишига таъсири исботланган;

ўсимликдан олинган воситалар интакт ва иммунтанқислиги бўлган жониворлар қонида эритроцитлар ва лейкоцитлар сонини кўпайтириши аниқланган;

яллиғланишга қарши ва гипогликемик воситалар иммунологик ва гематологик кўрсаткичларини мутаносиб равишда меъёрлаштириши аниқланган;

ўсимликдан олинган воситалар ўткир токсик гепатитда иммунитет кўрсаткичлари ўзгаришларига иммунмодулловчи таъсири аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Иккиламчи иммунтанқисликларда маҳаллий хомашё асосида ўсимлик ва синтетик олинган янги воситаларнинг иммунотроп фаоллиги механизмини аниқлаш бўйича олинган натижалар асосида:

«Гармала ва каспий карелинаси иммуномодулятор сифатида қўлланилишининг тажрибавий асосланиши» мавзусидаги услубий қўлланма тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 24 августдаги 8н-д/173-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма иккиламчи иммунтанқислик жараёнларида иммун тизими ҳолатини меъёрлаштириш учун хизмат қилган;

«Сукромед, провид, биомайрин ва биофтизиоэтамларнинг иммуномодулловчи воситалар сифатида қўллаш истиқболлари» мавзусидаги услубий қўлланма тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 24 августдаги 8н-д/173-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма иммунмодулловчи фаолликка эга, маҳаллий хомашёдан олинадиган зарарсиз арзон дори воситалари билан мамлакатимиз бозорини бойитишга имкон яратган;

«Рух глюконатини иммуномодулловчи восита сифатида қўллаш истиқболлари» мавзусидаги услубий қўлланма тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 24 августдаги 8н-д/173-сон маълумотномаси). Мазкур услубий қўлланма иккиламчи иммунтанқислик жараёнларида, ўткир токсик гепатит, гемолитик анемия  ва нурланиш жараёнларида иммунологик ва гематологик кўрсаткичлар ҳолатини меъёрлаш учун хизмат қилган;

маҳаллий хом ашё асосида олинган янги ўсимлик ва синтетик воситаларнинг иммунотроп фаоллигини баҳолаш бўйича олинган натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан Тошкент фармацевтика институтининг дори воситаларини тажриба лабораторияси ва Тошкент тиббиёт академиясининг олий таълим муассасалари илмий тадқиқот лабораторияси  фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 21 ноябрдаги 8н-з/202-сон маълумотномаси). Татбиқ этилган натижалар маҳаллий хом ашёдан олинган, иммуномодулловчи фаолликка эга бўлган ўсимлик дори воситаларини ишлаб чиқаришга асос бўлган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish