Sayt test rejimida ishlamoqda

Цой Алексей Олеговичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қизилўнгач пластикасидан кейинги қизилўнгач чокларини чандиқли торайишининг олдини олиш ва хирургик даволаш йўллари», 14.00.27–Хирургия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib118.

Илмий раҳбар: Низамходжаев Зайниддин Махаматович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.

Расмий оппонентлар: Хакимов Мурод Шавкатович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Эргашев Бахтиер Бердалиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: «А.Н. Сизганов номидаги Миллий хирургия илмий маркази (Қозоғистон Республикаси).

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: каминвазив ва жарроҳлик даволаш усулларини такомиллаштириш ҳамда янгиларини ишлаб чиқиш орқали қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктуралари бўлган беморларни жарроҳлик усулида даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

операциядан кейинги асоратлар, жумладан, узоқ муддатларда чандиқли торайишлар хавфи миқдорини камайтириш имконини берадиган қизилўнгач анастомозларини шакллантириш усули ишлаб чиқилган;

қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктуралари бўлган беморларни даволашнинг янги реконструктив операция усули ишлаб чиқилган;

фақат эндоскопик назорат билан рентгенологик мониторингсиз бужлашни ўтказиш учун қизилўнгач бужи такомиллаштирилган;

эзофагопластика тури ва қизилўнгач анастомози вариантига қараб қизилўнгач анастомозлари чандиқли торайишлари ривожланиши хусусиятлари очиб берилган;

қизилўнгач анастомозлари етишмовчилиги ривожланиши частотаси ва узоқ муддатлардаги чандиқли торайишлари шаклланиши ўртасидаги патогенетик алоқа исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктуралари бўлган беморларни жарроҳлик усулида даволашни яхшилаш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:

«Қизилўнгач анастомозини қўйиш усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 03944). Таклиф этилган усул операциядан кейинги яқин муддатларда ўзига хос асоратлар миқдорини камайтириш ва узоқ натижаларни яхшилаш имконини берган;

«Қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктураларини жарроҳлик билан даволаш усули» учун Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№IAP 04834). Ишлаб чиқилган усул қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктуралари сабабли операция қилинган беморлардаги бевосита ва узоқ натижаларни яхшилаш имконини берган;

«Қизилўнгач бужи» учун Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патенти олинган (№FAP 01130). Қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктуралари  бўлган беморларда алмашадиган зайтунлар билан эндоскопик бужлаш бўйича такомиллаштирилган методика кам инвазив даволаш натижаларини яхшилаш имконини берган;

қизилўнгач анастомозлари чандиқли торайишлари бўлган беморларни жарроҳлик усулида даволаш натижаларини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолияти, хусусан, Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказининг қизилўнгач ва ошқозон бўлими, Андижон давлат тиббиёт институтининг 3-сонли жарроҳлик бўлимига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 8 ноябрдаги 8н-д/239-сон маълумотномаси). Олинган натижалар эзофагогастроанастомозлар ноқобиллиги частотасини 22,4%дан 8,5%гача ва эзофагоколоанастомозларни 10,4%дан 2,3%гача, шунингдек, қизилўнгач анастомозлари чандиқли стриктуралари ривожланишини 42,3%дан 19,8%гача камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish